Интервью. ​"Арал" клуби директори Азамат Алланиёзов: "Август ойидан бошлаб рақибларни "Туран" стадионида қабул қиламиз"

Iskandarov Abdulaziz
11 июн 2026, 11:10
Жорий мавсумда Пролигада ҳақиқий муносиб натижалар кўрсатиб, мусобақа жадвалида яккапешқадамлик қилаётган Нукуснинг "Арал" жамоаси кўпчиликнинг диққат марказида турибди.

Клуб нафақат майдонда чиройли ўйин намойиш этмоқда, балки ОФК лицензиясини қўлга киритиб, инфратузилма борасида ҳам катта қадамлар ташламоқда. Қорақалпоғистон футболидаги ижобий ўзгаришлар, таркибни кучайтириш режалари ва янгиланаётган "Туран" стадиони ҳақида "Арал" клуби директори Азамат Алланиёзов билан батафсил суҳбатлашдик.

​— Азамат ака, "Арал" жамоаси айни пайтда Пролигада биринчи ўринда кетмоқда. Ўйинлар ва натижалар ҳам ҳавас қилгулик. Мана шу темпни мавсум охиригача ушлаб қолиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?


​— Албатта, Пролигада пешқадамлик қилиш жуда ёқимли. Бу муваффақият замирида катта меҳнат, тинимсиз ҳаракат ва жамоадаги аҳил муҳит ётибди. Бироқ мавсум охиригача бу темпни ушлаб қолиш осон бўлмайди, чунки бу — футбол, унда ҳар қандай кутилмаган ҳолатлар юз бериши мумкин. Буни клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчилар ва жонкуяр мухлисларимиз ҳам жуда яхши англаб туришибди. Шунга қарамай, биз мавсум якунига қадар бор кучимиз билан курашамиз.

​— Жамоа ёзги трансферлар ойнасида таркибини кучайтирадими? Умуман, ҳозирги таркиб борасида кўнглингиз қанчалик тўляпти?


​— Иккинчи давра олдидан, яъни ёзги трансфер ойнасида жамоамизга яна бир нечта тажрибали футболчиларни жалб қилишни мақсад қилганмиз. Таркибда янги номлар пайдо бўлиши эҳтимоли жуда юқори. Фурсатдан фойдаланиб таъкидлашни истардимки, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Тлеубаевич шахсан ўзи жамоамизга бош-қош бўлиб, футболчиларга катта мотивация бермоқда, уларни доимий қўллаб-қувватлаяпти. Бу ғамхўрлик нафақат клубни, балки бутун Қорақалпоғистон халқини қувонтирмоқда.

​— Кейинги пайтларда "Арал" ҳақида кетма-кет хушхабарлар эшитяпмиз. Клуб ОФК лицензиясини қўлга киритди. "Арал" Суперлигага чиқишга қандай тайёргарлик кўряпти? Бу борадаги фикрларингиз билан батафсил ўртоқлашсангиз.


​— Албатта, клубнинг ОФК лицензиясини қўлга киритгани барчамизни бирдек қувонтирди. Ўзингиз яхши биласиз, Қорақалпоғистонда анча вақтдан бери Суперлига футболи бўлмади. Айни пайтдаги бош мақсадимиз — "Арал"ни кучлилар сафига олиб чиқиш ҳамда Қорақалпоғистон халқи ва жамоамиз мухлисларига ҳақиқий футбол байрамини туҳфа этишдир. Агар шу ниятга эришсак, ўз олдимизга қўйган энг олий мақсадни бажарган бўламиз.

​— "Туран" стадиони тайёр бўлиб қолди. Жамоа қачондан бошлаб ушбу майдонда рақибларни қабул қилиши мумкин бўлади?


​— "Туран" стадионини таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари якуний босқичга келди. Энг замонавий майдон қопламаси ва зарур бўлган VAR тизимлари сотиб олинди. Футболга кўрсатаётган бундай юксак эътибори ва ғамхўрлиги учун Муҳтарам Президентимизга чин қалбимиздан миннатдорчилик билдирамиз. "Арал" жамоаси янгиланган "Туран" стадионида ўз уй учрашувларини шу йилнинг август ойидан бошлаб ўтказишни режалаштирган.

2ece2c6b-6ad5-407b-b687-a52438711b6d-2d72793f-77bb-48e8-8b7c-e14fcef98d60.jpg



​— Бу йилги Пролигада жамоалар сонининг ошиши "Арал"га ҳам икки карра кўпроқ меҳнат қилишга туртки бўлдими?

​— Жорий мавсумда Про лигада жамоалар сони кўпайганлиги жуда ижобий ҳолат бўлди. Бу борада тизимли иш олиб борган Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) раҳбариятига раҳмат айтаман. Иштирокчилар сони 14 тага етиши ҳисобига ўйинлар сони ортди ва чемпионат сифати сезиларли даражада ошди. Тўғри, "Арал" учун ҳар бир учрашув қийин кечмоқда, чунки рақиблар аллақачон яхши спорт формасига кириб олган. Менимча, бундай соғлом рақобатдан фақат ва фақат ўзбек футболи ютади.

​— Бўлғуси режалардан яна нималар ўрин олган?

​— Бу йил "Арал" клуби олдига ягона ва аниқ вазифа қўйилган — у ҳам бўлса Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш. Шу мақсад йўлида ҳозирда жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Агар жорий мавсумда кўзлаган мақсадимизга эриша олсак, кейинги йилдан "Арал"да инфратузилма ёки бошқа ташкилий масалаларда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›