

Эътиборлиси, жамоалар ўзаро келишувга асосан бир куннинг ўзида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказишга қарор қилишди.
Дастлаб ҳар икки терма жамоа ўртасидаги ФИФА кунлари доирасидаги асосий халқаро ўртоқлик ўйини бўлиб ўтади. Мазкур баҳс Нью-Йоркдаги "Icahn Stadium" ўйингоҳида Тошкент вақти билан тунги соат 23:45 да старт олади.
Асосий учрашув якунлангач, жамоалар 35 дақиқадан иборат икки бўлим (жами 70 дақиқа) давом этадиган яна бир норасмий назорат ўйинини ўтказишади. Иккинчи беллашув трансляция қилинмайди.
Манбаларга кўра, бундай ноодатий форматдаги қўшимча ўйинни ўтказиш ташаббуси дастлаб Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи Роналд Куман томонидан билдирилган ва бу ғоя вакилларимиз устози Фабио Каннаваро томонидан ҳам тўлиқ маъқулланган.
Бундан кўзланган асосий мақсад – яқинлашиб келаётган мундиал олдидан якуний қайдномага киритилган барча 26 нафар футболчининг ҳар бирига майдонда етарлича ўйин амалиёти бериш, уларнинг жисмоний ҳолатини тўлиқ синовдан ўтказиш ҳамда янги тактик схемаларни синаб кўришдир. Шу тариқа, ҳеч бир ўйинчи сўнгги тайёргарлик жараёнида майдондан четда қолмайди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тўқнашувлар Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун тарихдаги илк Жаҳон чемпионати бошланишидан олдинги сўнгги ва энг жиддий тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.



