

— Бу йилги Пролигада жамоангиздан нималар кутиляпти ва ички муҳит қандай? Жамоа олдига қўйилган вазифалар ҳақида гапирсангиз…
— Жамоа олдига қўйилган вазифа ҳақида кўп бор таъкидлаганман. Таркибимиз асосан 2007–2008 йилларда туғилган ёш йигитлардан ташкил топган. Асосий мақсадимиз — терма жамоага муносиб, рақобатбардош футболчиларни етказиб бериш ва уларнинг сонини кўпайтириш. Одатда терма жамоанинг асосий ўйинчилари Суперлига клубларида тўп тепишади. Биз эса рақобатни янада кучайтириш учун вилоят академияларидан иқтидорли футболчиларни ушбу Пролига жамоасига жалб қилганмиз.
— Ўтган учрашувда Асилбек Алиев жамоага қайтиб, яхши кўрсаткич қайд этди. Умуман олганда, футболчиларнинг бугунги имкониятлари қай даражада?
— Асилбекни ҳаммамиз яхши биламиз. У ўз маҳоратини кўрсата олган футболчи ҳисобланади. Тўғриси, U-17 жамоаси билан Осиё Кубогида иштирок этган пайтимизда у бизга етишмаётган эди. Жамоага қайтгач, майдонда жуда яхши кайфиятда ўйин ташкил қилди, голли вазиятларни реализация қилишда фаол қатнашиб, ғалабамизга ҳисса қўшди. У жамоамизнинг энг нозик нуқтасини тўлдира олди деб айта оламан.
— Ўтган турда "ТерДУ" жамоасига қарши кечган учрашувда жамоангиз 4-голни урганидан сўнг майдонда жанжалли вазият юзага келди. Ўша можарога нима сабаб бўлди?
— У ерда вазият жуда тез содир бўлди. Эътибор берган бўлсангиз, тўртинчи голни киритганимиздан сўнг рақиб штаби томонидан бизнинг футболчимизга нисбатан жуда қўпол ва ҳақоратли сўзлар янгради. Натижада бироз эътирозли ва таранг вазият юзага келди. Мен рақиб жамоаси мураббийларидан ёш футболчиларни ҳақорат қилмасликларини сўрадим, шундан кейин бизга нисбатан ҳам бироз ҳақоратли сўзлар ишлатилди. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу футболда учраб турадиган оддий конфликтли вазиятлардан бири.
Бекзод Сувонқулов суҳбатлашди



