

Ўйиндан кейин "Арал" бош мураббийи Неъматилло Қутибоев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- "Лочин" яхши жамоа ва ўйин оғир кечишини билардик. Бу жамоа билан йиғин пайтида ўртоқлик учрашуви ўтказганмиз. Иккинчи бор сафардаги учрашувнинг охирги дақиқаларида гол ўтказиб юбордик. Афсуски, бугун ҳам шундай бўлди, тайёр ғалабани қўлдан чиқардик. Йигитларга оғир баҳсни ўтказишгани учун раҳмат деб қоламан.
- Ҳисоб 1:1 бўлган пайтда қанот ҳимоячиси хатога йўл қўйди. Сиз буни қандай изоҳлайсиз?
- Шу бизнинг муаммо бўлиб қолди. Мен ҳар доим айтаман: агар корпус билан ёпа олмасанг, нима қиласан тўпни ушлашга ҳаракат қилиб. Майдон ташқарисига тепиб юбор. Сифатли ҳимоячи бу вазиятда корпус билан ёпиб тўпни ўзида ушлай олади, бошқа нимаям дейман.
- "Арал" Пролигада энг кам гол ўтказган жамоалардан бири. Ҳимоя чизиғи борасида фикрингиз?
- Икки нафар қанот ҳимоячимиз жароҳат олган, улар соғайиб майдонга қайтса ҳимоямиз янаям яхши кўриниш олади. Муаммолар бор, йўқ эмас. Ўйиндан ўйинга ҳаммасини жой-жойига қўшиб борамиз.
- "Арал" ўз уйида сунъий майдонда ўйнайди. Сафарда эса табиий майдонда тўп тепяпти. Сунъий майдондан табиийга ўтиш ёки акси қандай муаммо туғдиради?
- Бу биз учун ҳам муаммо, лекин на илож, бошқа майдонимиз йўқ. Албатта, биринчи навбатда бундай шароит футболчиларнинг жароҳат олишига мойил бўлади. Барибир футбол ўйнашимиз керак. Раҳбарият бизни доим қўллаб турибди, пул бўйича муаммо йўқ. Кеча ётса бўладиган автобусда келдик. Охирги дақиқаларда гол ўтказганимиз чатоқ бўлди.
- Охирги дақиқаларда жамоангизга нима етишмади?
- Ўйиндаги иштиёқ юқори эди. Тўпни рақибга бериб, қарши ҳужумларда ўйнадик. Хатолар бўлмаганида ютиб кетардик. Барибир 90 дақиқа ҳимояда ҳаракат қилиш осон эмас. Ҳам руҳий, ҳам жисмоний тарафдан толиқиб қолдик деб ўйлайман.


