"Навбаҳор" ҳужумчисининг шикояти Эроннинг "Истиқлол" клубига муаммо туғдирмоқда

Оқил Абдубарноев
16 ноя 2026, 17:15
Эроннинг "Истиқлол" клуби қишки трансферлар ойнаси очилиши олдидан Қирғизистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Жоэль Кожо билан юзага келган низони ҳал қилишга уринмоқда.

“Football360” нашрининг хабар беришича, Теҳрон клуби ФИФА қарорига асосан икки трансфер даврида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Жамоа жазо муддатини ўтаб бўлган, аммо чекловнинг бекор қилингани ҳали расман тасдиқланмаган.

Айни пайтда клуб раҳбариятини энг кўп ташвишлантираётган масала Жоэль Кожонинг шикоятидир.

Қайд этилишича, Кожо "Истиқлол" билан шартномаси амалда бўлган пайтда маошлари тўланмагани ва Эрондаги ҳарбий вазиятни сабаб қилиб, келишувни бир томонлама бекор қилган. Шундан сўнг у ФИФАга мурожаат қилиб, шартнома муддати якунига қадар олиши керак бўлган маблағларни тўлиқ ундиришни талаб қилган.

"Истиқлол" раҳбарияти эса футболчини Эронга қайтаришга уринилгани, бироқ у зарур ҳаракатларни амалга оширмаганини тасдиқловчи ҳужжатларга таянмоқда.

Манбага кўра, томонлар ўртасида келишувга эришиш бўйича музокаралар якуний босқичга яқинлашган. Клуб Кожо билан низони ҳал қилса ёки мазкур иш бўйича ФИФА қарори қишки трансфер даври якунланганидан кейин чиқса, янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жоэль Кожо аввал Самарқанднинг "Динамо" ва Фарғонанинг "Нефтчи" клубларида тўп тепган. 2026 йил ёзида эса "Навбаҳор" сафига қўшилган.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Football360