

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати сари роппа-роса 34 йил курашди. Бу йўлда не-не афсонавий авлодлар, даҳо футболчилар орзуга яқин келиб, ортга қайтди. Бироқ ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида қатнашиш бахти айнан мана шу йигитларга насиб этди. Тарих зарварақларига уларнинг номи биринчи бўлиб ёзилди. Келажакда яна мундиалларга борармиз, янги зафарларни қучармиз, лекин тарихдаги илк қадам ва илк зафар ҳеч қачон унутилмайди.
Бугунги буюк ғалабанинг ортида ўша болаликдаги илк қадамлар, тупроқ майдонлардаги оғир меҳнат ётибди. Футболда ғалабанинг “отаси” кўп бўлиши мумкин, аммо йўлни кўрсатиб берган биринчи устоз ҳамиша ягоналигича қолади.
Келинг, океан ортига йўл олган, нафақат асосий таркибдаги 26 нафар, балки кенгайтирилган рўйхатдан жой олган жами 30 нафар футболчимизнинг болалик ва ўсмирлик йилларига назар соламиз. Уларни футбол оламига танитган, бугун сояда қолган фидойи мураббийларни бир йўқлаймиз. Биз бу борада имкон қадар архив маълумотлари, интервьюларга таяндик.
Катта саҳнага чиққан "биринчи рақам"
Ўзбекистон бош жамоасининг бугунги муваффақиятларини дарвозадаги ишончли ўйинларсиз тасаввур қилиш қийин. Бу позицияда эса Ўткир Юсупов ўз сўзини айта олди. Бироқ, бугунги ютуқлар замирида ўша пайтдаги оддий мактаб ўқувчисини катта футбол интернатига етаклаб келган мураббий Отабек Набиевнинг ҳиссаси беқиёсдир.
"Тошкент шаҳар биринчилигидаги ўйинлардан сўнг, мени Қудрат Мадаминов 'Пахтакор'га таклиф қилган," — дейди терма жамоамиз аъзоси. Юсуповнинг сўзларига кўра, унинг катта футболдаги пиллапоялари Иккинчи лигадан бошланиб, Биринчи лига ва ўринбосарлар таркиби орқали элитага қадар чўзилган.
Юсуповнинг хотиралари ортда қолган йиллар фақат меҳнатдан иборат бўлганини кўрсатади. Оддий мактаб ўқувчисидан мамлакатнинг биринчи рақамли дарвозабони даражасигача етишишда устоз кўмаги ва қуйи лигалардан бошланган машаққатли пиллапоялар энг муҳим омил бўлиб хизмат қилган.

Жасур Абдураимовнинг шогирди
"Пахтакор" клуби азалдан миллий ва турли ёшдаги терма жамоаларимиз учун асосий кадрлар етказиб берувчи чинакам футбол заводи ҳисобланади. Клуб тарихида тажрибали мутахассис Жасур Абдураимов тарбиялаган 1997 йилларда туғилган футболчилар авлоди ўзига хос муваффақиятли лойиҳалардан бирига айланди.
Ушбу иқтидорли таркибда Жасур Яхшибоев, Суҳроб Нуруллоев, Жамшид Юсупов, Достон Ибрагимов ва Саиджамол Давлатжонов каби ёрқин номлар бор эди. Бироқ мана шу юлдузли гуруҳ ичидан йиллар давомида барқарор ўсиб, якунда Жаҳон чемпионати (мундиал) даражасигача етиб борган шогирд — Ҳожиакбар Алижонов бўлди.
Жасур Абдураимов ушбу ёш тоифасидаги болаларни болалик давридан бошлаб то катта футбол остонасигача тайёрлаб борди. Мураббий уларни нафақат клуб тизимида, балки кейинчалик ёшлар ва олимпия терма жамоаларида ҳамда "Пахтакор"нинг асосий таркибида ҳам бирга ишлади. Бугунги кунда Алижонов ўнг қанот ҳимоясида нафақат Суперлиганинг, балки мамлакатнинг энг кучли футболчиси бўлиб турганида устозининг пойдевор вазифасини бажарган меҳнати беқиёсдир.

“Бунёдкор" академиясининг олтин даври
"Бунёдкор" футбол академияси эндигина бўй кўрсатиб, ўзбек футболида ўз тизимини ярата бошлаган даврлар эди. Ўша кезларда кўплаб ёш истеъдодлар мана шу масканга интиларди. Ушбу тизим тез орада ўз мевасини бера бошлади — академиядан бир-биридан иқтидорли авлодлар етишиб чиқди. Салоҳиятли жамоалар орасида Сергей Чигодаев ҳамда марҳум Акмал Рисқуллаев устозлик қилган 2002 йилларда туғилган футболчилар гуруҳи алоҳида ажралиб турарди. Мазкур жамоадан кўплаб таниқли ўйинчилар етишди, бироқ улар орасидан кейинчалик жаҳон чемпионати (мундиал) ва Олимпиада, Жаҳон чемпионати даражасигача кўтарила олган Абдуқодир Ҳусанов ва Жасур Жалолиддинов порлаб чиқди. Аслида улар сафида Абдурауф Бўриев ҳам бўлиши мумкин эди.
Икки ёш катталар ичидаги иқтидор: Чигодаев хотиралари
Абдуқодир Ҳусанов 2011 йили айнан Сергей Чигодаев қўл остида футболдаги илк сабоқларини олган. Тажрибали мураббий ўша дамларни қуйидагича хотирлайди:
"Мен “Бунёдкор” академиясида 2002 йилда туғилган болалар билан ўн йил давомида бирга ишладим. Абдуқодир илк бор келганида чамаси 7-8 ёшларда эди. У 2004 йилда туғилган бўлса-да, ундаги ноёб иқтидорни сезиб, дарҳол ўзидан икки ёш катталар гуруҳига қўшдик.
Кейинчалик Ҳусанов 2003 йиллар жамоасида Алишер Иброҳимов қўл остида ҳам машғулотлар ўтади. Унинг катта футболдаги кейинги янги даражага кўтарилиши эса Беларуснинг "Энергетик-БГУ" клубида Анатолий Юревич ва Владимир Белявский мураббийлиги остида кечди.
Жасур Жалолиддинов гарчи таркибга кирмаган бўлсада мазкур жамоа билан АҚШга борди. У ўз интервьюларида мураббийлари ҳақида гапирган эди.
"Биринчи мураббийим Асрор Пирназаров ва 'Бунёдкор'даги биринчи устозим Сергей Чигодаевга катта раҳмат айтаман. Катта футбол остонасидан ҳатлаб ўтишимда уларнинг хизмати беқиёс. Шунингдек, ёрдамчи мураббий сифатида кўмаклашган Темур ака Бобохоновни ҳам алоҳида миннатдорчилик билан тилга оламан.Бундан ташқари, марҳум Акмал Рисқуллаевни ҳам эслаб ўтишни бурчим деб биламан. Бу инсон Сергей Чигодаев билан бирга жамоамизни бошқарган эдилар. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин"
Тимур Кападзе Олимпия терма жамоасини қабул қилиб олганида, биринчи навбатда айнан Сергей Чигодаевни ўз штабига жалб этгани бежиз эмас эди. Ушбу тандем ортида катта тажриба ва мана шундай олтин авлод вакилларини тарбиялаган фидоийлик ётибди.

"Қалдирғочлар"нинг баланд парвоз қилган "қалдирғочлари"
Рустам Ашурматов ҳақида сўз кетганда, беихтиёр кўз олдимизга таниқли ҳимоячи ва мутахассис Бахтиёр Ашурматов келади. Бу сулолада футбол гени қондан-қонга ўтган десак, асло муболаға бўлмайди.
Рустамни яшил майдонга илк бор бобоси етаклаб келган. Қўқон футболи мактаби тарбияланувчиси бўлган қаҳрамонимиз дастлаб Икром ва Иброҳим устозлар қўлида тўп тепишни ўрганди. Кейинчалик ундаги ноёб иқтидор "Бунёдкор" селекционерлари ҳамда тажрибали мутахассис Сергей Лушчаннинг эътиборини тортди ва ёш ҳимоячи пойтахт академиясига таклиф этилди. Умуман олганда, академиянинг 1996 йилларда туғилган футболчилар авлодининг порлаб чиқишида Сергей Ивановичнинг меҳнатлари беқиёс бўлган.
Ашурматов фаолиятининг ўша бурилиш нуқтасини қуйидагича ёдга олади:
"Қўқонда Иброҳим ва Икром акалар қўл остида машғулот ўтардик. Наримон ака исмли мураббийимиз бизни яхлит бир жамоа сифатида Тошкентдаги турнирга олиб келган. Сергей Лушчан мусобақага селекционер сифатида ташриф буюрган экан. Ўшанда турнирдан жами 23 нафар футболчини саралаб олишди. Якунда эса мана шу катта гуруҳдан фақат уч кишини академияда олиб қолишди. Булар — мен, Акром Комилов ва Иброҳим Ғофуров эди".
"Бунёдкор"нинг олтин авлоди ва Осиё эътирофи
Худди шу йиллар маҳсули бўлган, 2015 йилда Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган Достон Ҳамдамов ҳам айнан "Бунёдкор" тизимида, Лушчан қўл остида катта футболчи бўлиб етишди.
"Қалдирғочлар" академияси тарихида 1996 ва 2002 йилларда туғилган ўйинчилар ўзига хос "олтин авлод" сифатида муҳрланди. Ҳамдамов ва Ашурматов эса ушбу тўлқиннинг энг ёрқин юлдузларига айланишди.
Кейинчалик Сергей Лушчан "Бунёдкор"нинг бош жамоасига бош мураббий этиб тайинлангач, мана шу ёшлар гуруҳига дадил ишонч билдирди. Натижада кўплаб маҳаллий истеъдодлар Суперлигада дебют қилиб, катта футбол саҳнасига эшикни дадил қоқиб кириб келишди.

Муборакдан Римгача: Элдор Шомуродовнинг катта футболга ташлаган илк қадами
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бугунги етакчиси ва юраги ҳисобланган ҳамда жамоа сардори Элдор Шомуродов профессионал футболдаги дастлабки сабоқларини Муборакнинг "Машъал" клуби академиясида олган.
Машҳур ҳужумчининг катта саҳнага чиқишида маҳоратли мутахассис Отажон Авезовнинг ҳиссаси катта бўлган. Тажрибали мураббий ўша тарихий кўрикни шундай хотирлайди:
"Элдор Шомуродов 2007 йилнинг февраль ойида акаси Санжар Шомуродов ҳамроҳлигида 'Машъал' академияси кўригига келган эди. Ўша кезларда мен 1994-1995 йилларда туғилган футболчилар гуруҳини шуғуллантирардим. Элдорни бир ҳафталик синов муддати билан жамоада олиб қолдим. Назорат ўйинлари ва машғулотларда ўзини ҳар томонлама яхши кўрсата олганидан сўнг, уни академия сафига расман қабул қилдик".
Йиллар ўтиб, тақдир бу икки инсонни яна бирлаштирди. Бугунги кунда устоз ва шогирд ўртасидаги ҳурмат янги даражага кўтарилган: Отажон Авезов айни пайтда Элдор Шомуродов томонидан ташкил этилган футбол академиясида раҳбарлик лавозимида ишлаб келмоқда.

Остон Ўруновнинг асл кашфчиси ким?
Кўпчилик ишқибозлар Остон Ўруновни "Пахтакор" академияси маҳсули ва фақат пойтахт футбол мактаби тарбияланувчиси деб билишади. Бироқ воқеалар ривожига чуқурроқ назар ташланса, Остон миллионлар ўйинидаги илк сабоқларини ўзи туғилиб ўсган Навоий вилоятида олгани ойдинлашади. Маҳоратли ярим ҳимоячининг биринчи мураббийи — болалар футболи мутахассиси Абдуҳалил Иноятовдир. Ёш истеъдод Тошкентга кўчиб ўтгачгина "Пахтакор" тизимида Темур Олимхўжаев қўл остида маҳоратини оширишни давом эттирган.
140 нафар бола ичидан танланган сардор: Абдуҳалил Иноятов хотиралари
*"Остон Ўрунов 7 ёшидан бошлаб турли тўгаракларга қатнашиб юрарди. 9 ёшга тўлганида уни футбол секциясига дадаси Рустам Ўрунов етаклаб келди. Ўша кезларда Навоий шаҳридаги 6-мактабнинг оддий қум майдонида машғулот ўтардик. Остон илк кунлардан табиий тезкор ҳаракатлари ва ўйинга бўлган чексиз чанқоқлиги билан ажралиб турди.
Кейинчалик Кармана туманида Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби (БЎФМ) очилгач, мутахассис Ойбек Жуманазаров мени у ерга таклиф қилди ва биз 1998 йилларда туғилган болалар терма жамоасини шакллантирдик. Эътиборлиси, Остон ўзидан икки ёш катта болалар билан бирга шуғулланиб, ўқув-йиғин машғулотларида етакчиликни қўлдан бермади. 2000 йиллар ўртасида мактаб биринчилиги доирасида вилоят терма жамоаси тузилганда, Ўрунов 140 нафар тенгдоши орасидан сардор этиб сайланди. Ушбу таркиб билан бир нечта Республика мусобақаларида совриндор бўлдик. 2012 йилга келиб эса Остон 'Пахтакор' академияси скаутлари назарига тушди ва пойтахтга йўл олди".

Истеъдодларни уйига сиғдирган мураббий ва Хоразм омилини ёдга олиб
1993 йилларда туғилган футболчилар авлоди "Пахтакор" тарихидаги энг баракали ва олтин даврлардан бирини тақдим этди. Ушбу ёш тоифасидан жаҳон чемпионатигача етиб борган йигитлар сони бир эмас, бир йўла уч нафарни (Жамшид Искандеров, Игорь Сергеев, Жалолиддин Машарипов) ташкил этди. Агар оғир жароҳатлар тўсқинлик қилмаганида, улар қаторида Владимир Козак ҳам терма жамоанинг доимий етакчиси бўлиши шубҳасиз эди.
Мазкур олтин авлодни катта футболга етаклашда фидойи мутахассис Дмитрий Кимнинг хизмати беқиёс. Машарипов ўз интервьюларининг бирида устози ҳақида гапириб: "Катта футбол ва ҳаётнинг ҳақиқий сир-асрорларини кўпроқ айнан мана шу инсондан ўрганганман", — дея миннатдорчилик билдиради.
Хоразмдан пойтахтгача: Искандеров ва Машарипов тандеми
Бу занжирда Искандеров ва Машариповни Хоразмда кашф этган илк мураббий Олимжон Давлетовнинг ҳам ҳиссасини алоҳида эътироф этиш лозим. Давлетов иқтидорларнинг илк қадамларини шакллантирган бўлса, Дмитрий Макарович уларнинг профессионал даражага кўтарилишида бош меъмор вазифасини бажарди.
Жамшид Искандеров ўша оғир ва ширин дамларни шундай хотирлайди:
*"Ҳеч бир футболчи ўз-ўзидан юлдуз бўлиб қолмайди. Бунинг ортида машаққатли меҳнат ётибди. Болалигимизда Олимбой Давлетов бизга устозлик қилиб, кўплаб мусобақаларга олиб борарди. Жиззахда ўтган турнирларнинг бирида ўйинимизни кузатиш учун 'Пахтакор' скаутлари ташриф буюрди. Ўшанда Жалолиддин иккимизнинг ҳаракатларимиз Дмитрий Макаровичга маъқул келиб, бизни пойтахтга таклиф қилди.

2005 йили мен, Машарипов ва Абдулазиз Юсупов Тошкентга келганимизда, борадиган жойимиз йўқлиги сабабли бир муддат Дмитрий Кимнинг уйида яшаганмиз. Тўғриси, ўшанда бўйимиз кичиклиги учун 'булардан футболчи чиқмайди' деб, бизни жамоадан ҳайдаб юбормоқчи ҳам бўлишган. Бироқ Самвел Бабаян ва Дмитрий Макаровичнинг бизга бўлган ишончи ҳамда қўллаб-қувватлаши туфайли 'Пахтакор'да қолишга муваффақ бўлганмиз".*
Жиззахдан Қаршигача: Азиз Ғаниевни "Насаф"га ким етаклаб борган?
Асли Жиззах футбол мактаби тарбияланувчиси бўлган маҳоратли ярим ҳимоячи Азиз Ғаниев миллионлар ўйинидаги илк сабоқларини маҳаллий мутахассис Улуғбек Алматов қўл остида олган. Таъкидлаш жоизки, Улуғбек Алматов нафақат Ғаниев, балки Жиззах воҳасидан етишиб чиққан бир қатор таниқли футболчиларнинг катта майдонга чиқишида биринчи мураббий сифатида муҳим роль ўйнаган.
Тажрибали устоз Азиздаги ноёб иқтидор ва ўйинни ҳис қилиш қобилиятини вақтида пайқаб, уни Қаршининг "Насаф" клуби кўригига олиб боради. Бу қадам эса футболчининг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборди. Жаҳон майдонларида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган ярим ҳимоячи ўша дамларни чуқур миннатдорчилик билан хотирлайди:
"Жиззахда, оддий мактабда тўп тепиб юрган кезларимдаёқ мураббийим Улуғбек ака Алматов менга ишонч билдирган. Айнан у киши мени 'Насаф' жамоаси кўригига етаклаб борганди. Қаршида эса клуб ёшлар жамоаси устози Баҳодир Аннаматов ўйинимни кузатиб, ўз таркибига олиб қолган. Мана шу икки фидойи инсонга ҳамиша раҳмат айтаман. Менинг бугунги даражамга етишишим ва профессионал футболчи бўлиб шаклланишимда уларнинг ҳиссаси беқиёсдир".

Давоми бор….




