

U-20 Осиё кубоги саралаш босқичининг "B" гуруҳи 3-туридан ўрин олган Ўзбекистон ҳамда Сурия ёшлар терма жамоалари ўртасидаги учрашув ўз ниҳоясига етди. Мазкур беллашувда вакилларимиз ишончли ҳаракат қилиб, 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритишди.
Учрашув вакилларимизнинг фаоллиги билан бошланди ва бу тезда ўз натижасини берди. Ўйиннинг 10-дақиқасида Диёр Эрманов рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди. Биринчи бўлим вакилларимизнинг кичик устунлиги билан якунлангач, иккинчи таймда мураббийлар штаби томонидан таркибда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Учрашувнинг 81-дақиқасида Қувончбек Абраев жамоамизнинг иккинчи голига муаллифлик қилган бўлса, ҳакам томонидан асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда (90+5) Даврон Тўлаганов белгиланган пенальтини аниқ амалга ошириб, ўйинга якуний нуқтани қўйди.
Мазкур муҳим ғалабадан сўнг Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси саралаш босқичидаги муваффақиятли иштирокини таъминлаб, U-20 Осиё кубогининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. Эндиликда Жамолиддин Раҳматуллаев шогирдлари қитъанинг энг кучли жамоалари қаторида Осиё кубогининг асосий мусобақасида иштирок этади ва нуфузли турнирда юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
U-20 Осиё кубоги саралаши.
"B" гуруҳи,
3-тур
Ўзбекистон U-20 – Сурия U-20 3:0
Голлар: Диёр Эрманов (10), Қувончбек Абраев (81), Даврон Тўлаганов (90+5, пенальти).
Ўзбекистон U-20: 21. Нематуллоҳ Рустамжонов, 2. Шораҳим Шораҳмедов (Абдурасулов, 46), 5. Азизбек Тўлқинбеков (С), 6. Диёр Эрманов, 7. Қувончбек Абраев (Алиев, 82), 8. Абдулфайз Бобомуродов (Эримбетов, 59), 11. Улуғбек Маратов (Ашурбоев, 46), 16. Озодбек Нажмиддинов, 17. Қувонишбек Сайдалиев (Кўпайсинов, 70), 19. Муҳаммадали Дилшодбеков, 22. Даврон Тўлаганов.
Захира: Юсупхонов, Шокиров, Одилжонов, Солиев, Эрманов, Серсенбаев.












