"Мағлубиятга лойиқ эмасдик" — Азамат Шарипов

6 сен 2026, 20:46
Пролиганинг 18-туридан ўрин олган "Олимпик МобиУз" — "БухДУ" (2:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Азамат Шарипов матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Бугунги ўйин ҳақида қисқача ўз фикрларингиз билан бўлишсангиз…

  — Ассалому алайкум. "Олимпик МобиУз" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Ўйин жуда ҳам қизиқарли, курашлар остида ўтди. Болалар жуда ҳам яхши ўйин ўтказишди. Ўзимизнинг режамиз асосида ўйин олиб бордик. Бизда бўлган пайт назорат қилдик, тўпни йўқотгандан кейин яхши ҳимоялана олдик. Энди футбол: биринчи бўлимни яхши ўтказдик, ҳисобда олдинда эдик, имкониятларимиз бўлаётган эди. Қизил карточкагача, ўша қизил олганимизгача режаларимиз ўхшаётган эди. Камчилик бўлиб қолдик. "Олимпик МобиУз" — яхши шаклланган жамоа, ёш болалар, терма жамоада ўйнайдиган болалар. Бундоқ жамоа билан бир киши кам бўлиб ўйнаш жуда ҳам қийин. Бу ўз таъсирини ўтказди. Лекин болалар ташлаб қўйишмади, бизда ҳам имконият бор эди. Ўйлайманки, биз мағлубиятга лойиқ эмасдик.

— Гарчи биринчи бўлимда гол ўтказиб юборилмаган бўлса ҳам, ўнг қанот ҳимоясида бўшлиқлар жуда катта эди. Иккинчи таймда гол ўтказиб юборилган вазиятларда ҳам ўнг қанот ҳимояси оқсади… 

 — Энди биласизми, менимча, ўша қанотдаги "Олимпик МобиУз" ўйинчилари яхшироқ эди деб ўйлайман. Ўшанинг эвазига ҳимоячиларимиз ҳужум қилган пайт қаердадир улгурмагандир. Умуман олганда, болалар тўпсиз яхши ҳаракат қилишди. Имкониятлар бўлди. Бизда ҳам имконият бўлди, уларда ҳам имконият бўлди. Голлар ўзи хатолар эвазига урилади, қаердадир хато қилдик ва гол ўтказиб юбордик.

 — Ҳозир Пролиганинг айрим жамоаларида молиявий муаммолар юзага келяпти. “БухДУ”да бу борада вазият қандай, сафар учрашувларига бориш-келиш масалаларида муаммолар йўқми?

— Бизда молиявий томонлама муаммо йўқ, ҳаммаси жойида.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia