Михаил Яремчук: "Назаримда биз яхшироқ эдик. Дурангдан хафаман"

Aslanov Jasurbek
11 окт 2026, 22:13
Суперлига 23-туридан ўрин олган ОКМК - "Навбаҳор" учрашувидан сўнг намангандликлар мураббийи Михаил Яремчук ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Ўйин охиригача асабий, кучли босим остида кечди. Афсуски, кутилмаганда иккита кераксиз гол ўтказиб юбордик, умуман олганда, Олмалиқ бугун яратган деярли барча хавфли вазиятлар шу бўлди. Бизда эса вазиятлар етарлича эди. Шунчаки ўз вазиятларимиздан унумли фойдаланишимиз керак эди, шунда ўйин охири бунчалик асабий ўтмаган бўларди. Хотиржам ўйинни якунлашимиз лозим эди — бу менинг ва мураббийлар штабимизнинг фикри" - дея гап бошлади Михаил Яремчук.


- Ўйин охири кўпроқ нофутбол ҳолатлар билан ёдда қолди. Ўша вазиятни қайта кўриб чиқдингизми? Яъни бекор қилинган пенальти. Нима бўлди ўзи?
- Ҳа, такрорни кўрдик, лекин бизнинг фикримизча, у ерда чизиқ чизилиши, вазиятга анча жиддийроқ қаралиши керак эди. Назаримизда, биз тоза гол урдик.

- Бу мавсумда ОКМКга қарши ўйинлар жуда қийин кечмоқда. Биринчи даврани эслаймиз, "Навбаҳор мағлуб бўлганди. Бугун ҳам "Навбаҳор" ғалаба қозона олмади, ваҳоланки бу жуда муҳим ўйинлардан бири эди. Нега айнан ОКМКга қарши бундай бўлмоқда?
- ОКМК — яхши жамоа, бир неча йиллардан буён барқарор ва яхши жамоа ҳисобланади. Шу сабабли кучли жамоага қарши ўйинлар доим қизиқарли ўтади. Лекин яна такрорлайман: бугун ўйин бўйича, менинг фикримча, биз яхшироқ эдик ва кўпроқ хавфли вазиятлар яратдик. Шунинг учун дурангдан хафамиз, табиийки. Ўйин охири эса — бу эмоциялар. Ҳамма ютишни хоҳлади: ОКМК ҳам ғалабани истади, биз ҳам истадик, шунинг учун бу шунчаки ҳиссиётлар. Кейинроқ ўйинни такроран кўриб чиқамиз, нима ва қандай бўлганини, нега бундай якун топганини таҳлил қиламиз.


- Бугун «Навбаҳор» аввалги ўйинларга қараганда бироз кучсизроқ ҳаракат қилгандек таассурот йўқми? Чунки ўтган ўйинларда сифати бўйича бугунги ўйиндан ҳам яхшироқ эди…
- Бизда маълум бир омиллар бор эди. Терма жамоага чақирилган футболчиларимиз сафларимизга бироз кечроқ қайтишди. Лекин мен ўйин сифати бугун анча яхши бўлди деб ҳисоблайман. Эсласангиз, биринчи бўлимнинг бошида иккита жуда яхши вазиятимиз бўлди, иккинчи бўлимда ҳам етарлича эди. Яна иккитасини урганимизда — ҳисоб 4:2 бўларди.

- Кейинги ўйин "Пахтакор"га қарши. Сизнингча, жамоа ҳалигача чемпионлик пойгасида қолдими? Чунки орадаги фарқ қисқармади.
- Биз охиригача курашамиз. Биз учун ҳар бир ўйин муҳим, қаршимизда қайси рақиб турганининг аҳамияти йўқ. Биз ҳар бир жамоани ҳурмат қиламиз, улар турнир жадвалида нечанчи ўринда бораётгани муҳим эмас, ҳар бирига жиддий ҳурмат билан тайёргарлик кўрамиз. Аммо биз ҳар доим ҳар бир баҳсда фақат ғалаба қозонишни истаймиз ва кейинги ўйинларда ҳам буни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia