Мирко Йеличич: "Сардор Мирзаев ўзидан юқори даражадаги профессионалликни талаб қилади"

Aslanov Jasurbek
11 окт 2026, 19:05
Суперлиганинг 23-тури доирасида "Сўғдиёна" - "Локомотив" (2:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Мирко Йеличич ўз фикрларини билдирди.

- Жуда оғир ўйин бўлди. Ҳозир ҳамма жамоалар курашмоқда, турнир жадвалида юқоридагилар ҳам, пастдагилар ҳам. Ўйиндан мамнунман, биз ўйинни назорат қилдик ва тўпни ўзимизда ушлаб турдик. Биргина хато ишни қийинлаштириб юборди. Ўз ўйинимиздан эса мамнунман.

- Бугун 5та гол кўрдик. ФИФА кунларидан кейинги илк ўйиндаги ўйин сифатига қандай баҳо берасиз? Ўртада катта танаффус бўлди.
- Ҳа, ростдан ҳам катта танаффус бўлди. Бундай пайтларда ўртоқлик ўйинларини ўтказиш мумкин. Бу ҳам нормал ҳолат. Тўпни кўп йўқотганимиз ва айрим вазиятларда хатолар қилганимиз - майдон сифати сабабли. Бундай майдонда умуман бошқача услубда футбол ўйнасак ҳам бўларди. Биз эса жамоани майдоннинг ҳолатига тайёрладик. Бу қийин бўлди. Бир томондан олиб қарасак, бизда миллий жамоага футболчилар жалб қилинмади. Фақатгина 4 нафар ёшларимиз турли ёшдаги термаларга кетишди. Балки миллий жамоага футболчиларнинг кетмаётгани бизга тайёрланиш учун яхши имконият бераётгандир. Умуман олганда танаффусдан кейинги илк ўйинимиз ёмон бўлмади. Энди эса янада кучайиш ҳақида ўйлаш керак.

- "Локомотив"га келгунга қадар бир неча марта жароҳат олган Сардор Мирзаев ўзини қандай ҳис қилмоқда? У ушбу мавсумда ҳам жароҳатлар сабабли бир неча ўйинларни ўтказиб юборди.
- Барчаси яхши. У ўзидан юқори даражадаги профессионалликни талаб қилади. Икки йил давомида футболсиз қолиб кетиш жуда қийин. У ҳар томонлама ўзини тўғрилаб олишга, ўзига келишга ҳаракат қиляпти. Бу йилда у жисмоний ҳолатини тиклаб олиш учун катта меҳнат қиляпти ва бу ўз мевасини бермоқда. Ҳа, у ёш бола эмас. 35-36 ёшида бундай юқори даражадаги ўйинларда қатнашиш осон эмас.

- Кетма-кет учинчи мавсумда ҳам юқори ўйин даражасини кўрсатаётган, айни дамда тўпурар Люпчо Дориев ҳақида нима дейсиз? Мутахассиси сифатида унинг ўйинларига қандай баҳо берасиз?
- Жуда юқори даражадаги футболчи. Балки айни дамда Суперлигадаги энг яхши футболчидир. У тўпни ўзида ушлаб туришни яхши кўради ва кўп вазиятларда хавфли бўлиб турди. Агарда у бошқа жамоада бўлса, балки, у учун ҳудудлар очиб беришганида, у янада хавфлироқ бўларди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia