Мирко Йеличич: “Суперлигага энди қайтдик. Бундай жамоалар билан кураша олаётганимиз биз учун ёқимли”

Aslanov Jasurbek
21 сен 2026, 00:17
Суперлиганинг 22-тури доирасида “Локомотив” - “Нефтчи” (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Мирко Йеличич ўз фикрларини билдирди.

- Жуда қизиқарли ўйин бўлди, иккала жамоа ҳам охиригача курашишга, меҳнат қилишга тайёр. Иккала жамоа футбол ўйнашга ҳаракат қилди. Иккала томонда ҳам вазиятлар бўлди. Одатда бундай ўйинларни кичик хатолар ҳал қилади ва бу ўйинда ҳам шундай бўлди. Ҳимояда кичик бир хато ва ўйин натижаси ҳал бўлди. Бундай ўйинларни томоша қилиш жуда ёқимли, айниқса, ўзбек футболи учун ёқимли. Баъзан бу ердаги ўйинлар зерикарли бўлади. Шундай экан, бундай атмосферада вазиятлари кўп бўладиган, иккала жамоа ҳимояда ўйнамасликни исташи - бу ёқимли, ҳамма учун ёқимли.
- Менда шундай савол бор, сўнгги пайтларда деярли барча мураббийларга шу саволни беряпман. Футбол жуда тез ўзгаряпти. Мен сўнгги пайтларда майдонга тушаётган ёш футболчиларнинг умуман ҳеч кимдан, катта номдаги ўйинчилардан қўрқмаётганидан хурсанд бўляпман. Сўнгги пайтларда футболдаги ўзгариш нимада? Ёшлар майдонга тушяпти, 16 ёшли футболчини ҳимоя марказига қўйишяпти ва у шундай ўйнаяпти. Ўзингиз ҳам кўрдингиз, “Пахтакор” 20 ёшли футболчини асосий таркибда майдонга туширмоқда ва қўрқмасдан олдинга чиқади. Олдинлари ёшларга ҳеч қандай имконият қолдирилмасди.
- Уларда қизиқиш бўлса, охиригача ҳаракат қилишса, футболда кўп нарсани ўрганиш мумкин. Интернет йўқлиги, телевизорда ўйинлар кам бўлгани сабабли илгари бундай бўлмасди. Мен барча ёшлар керакли даражада шуғулланяпти, деб айтмаган бўлардим. Бу шунчаки футболга бўлган муҳаббат ва улар дунёдаги кўплаб футболчиларнинг қандай ўйнашини кўра олади. Албатта, улардан ўрганасиз. Бу ҳозирда бу бутун дунёда умумий ҳолат. Ҳозир жаҳон чемпиони бўлган Испания таркибида 19 ёшли йигит ўйнаяпти. Бу ақлбовар қилмас ҳолат. Бундай турнирда нафақат ўйнаш, балки ўзингни асосий ўйинчи сифатида кўрсатишинг мумкин. Академиялар ҳозир кўпроқ эътибор қарата бошлади. Албатта, мамлакатда молиявий аҳвол бироз қийинлашганда, улар академияларга эътибор қарата бошлайди. Шу сабабли кейин ёшлар ҳам ўз ўрнига эга бўлади. Ўзбекистонда жуда кўп иқтидорли йигитлар бор. Улар бу имкониятдан шароитлар ва мураббийлар орқали қандай фойдаланишади, бу бошқа масала. Ёшларнинг келажакда қандай ривожланишини кўрамиз. Мен кўп йигитларни кузатаман. Нафақат биз шуғулланаётганларни, балки баъзан U-14, U-16 ўйинларини ҳам бориб кўраман. Жуда кўп яхши иқтидорлар бор.

- Шуҳрат Муҳаммадиевнинг алмаштирилиши сабаби нима - тактиками ёки унда жароҳат бормиди?
- Йўқ, тактик. Майдон марказида бизга куч етишмаётган эди. Масалан, Шуҳрат қанотда ҳаракат қилиши керак эди, ишлари бироз ўхшамади. Дастлабки 25-30 дақиқада яхши ўйнадик, кейин эса марказни бой беришни бошладик. Шунда биз марказни кучайтиришга қарор қилдик. Марказни бироз кучайтириб, бир ҳимоячини олиб ташладик.

- Ўйин олдидан жамоангиз 3-4-3 схемасида ўйнайди деб ўйладим, чунки бундан олдин доим 4-3-3 ёки 4-2-3-1 схемасида ўйнагансизлар. Дастлабки 30 дақиқа тенг курашлар остида ўтди, лекин Сизларда голли вазият бўлди, Туплиев гол урса, 1:0. Рақибда вазиятлар деярли йўқ эди. Кейин 30-дақиқадан бошлаб, менга шундай туюлдики, “Нефтчи” устунликни қўлга олди ва 70-дақиқагача улар сизларни шунчаки эзиб ташлашди. Сизлар кучли босимга қарамай, тўрт ҳимоячили схемага ўтдингиз. Айнан Йўлдошевни ўнгга ўтказдингиз ва жамоа нимадир қилишга уринди. Ва Шушнярнинг хатоси... Айтайлик, у жойлашишга улгурмагани сабабли гол юзага келдими?
- Ҳа, кичик хато. У бир ойдан бери ўйнамаяпти. Шунинг учун, ўтган ўйинда 20 дақиқа майдонга тушганини ҳисобга олмаганда, бу унинг учун биринчи ўйин. Албатта, бундай пайтда сезгирлик ҳиссси бироз йўқолади. Балки унга тўпга бунчалик эрта сакраш керак эмас эди. Яна бир бор айтаман, бу кичкина вазият ва ўйинни ҳал қилди. Ҳа. Биринчи таймнинг сўнгги 15 дақиқасида биз ўз режамизни амалга ошира олмадик, ўйинни қандай бошлаган бўлсак, шундай давом эттира олмадик. Кейин позицион жиҳатдан баъзи ҳудудларни йўқота бошладик. Ва кейин буни ўзгартириш кераклигини ҳис қилдик.

- Демак, бу тактик эмас, индивидуал хато бўлди, шундайми? Чунки сиз тўрт ҳимоячига ўтдингиз, кейин Абраев, Баҳодиров майдонга тушди ва охирги 15 дақиқада ҳатто Искандаров ҳам шунчаки тўпни тепиб юборганидан ҳайратдаландим. Жамоангиз ҳатто охирида гол уришлари ҳам мумкин эди.
- Ҳа. Умуман олганда, Жасур ҳужумда тўпни йўқотди. У ётган эди, биз улар тўпни чиқариб юборишади деб ўйладик, лекин рақиб ўйинни давом эттирди. Балки бизнинг футболчиларимиз шу вазиятда бироз тўхтаб қолишди ва концентрацияни йўқотишди. Айтишим мумкинки, биз орқа чизиқда бироз кўпроқ тўпни ушлашимиз кераклигини тушундик. Бирга-бир вазиятлар барибир бўлади, чунки ҳимоячилар сони ҳужум қиладиганлардан камроқ. Одатда бундай вазиятларни биз осонроқ ҳал қилардик, бироқ бу сафар ўхшамади. Бу тезкор, бир лаҳзалик қарор. Уни айбдор деб айта олмаймиз. Гол ўтказиб юборилса, бу вазиятнинг охиридан бошланмайди. Бу майдоннинг юқори қисмидаги биринчи вазиятдан бошланади. Жамоа гол ўтказиб юборганда, ҳамма айбдор бўлади. Мен ҳеч қачон бир кишига юклашни ёқтирмайман.

- “Локомотив” мавсумнинг иккинчи қисмида “Пахтакор” ва “Навбаҳор” билан дуранг ўйнади ва бугун, афсуски, “Нефтчи”га ютқазди. Агар медаллар учун курашаётган шу учликни олсак, жамоангиз ўйин сифати бўйича шу кучли учликка қанчалик яқин деб ҳисоблайсиз? Таркиб бўйича мен “Локомотив”ни юқоридаги уч жамоа билан солиштира олмайман, умуман яқин ҳам эмассизлар.
- Бу саволга жавоб бериш қийин. Айни пайтда клубларнинг сифати, улар қандай жамоа туза олиши ва биз нима қила олишимиз ўртасида катта фарқ бор. Уларнинг ўйинчилари сифати яхшироқ дейишингиз мумкин. Мен ўзим бундай демаган бўлардим. Буни қоғозда, маошлар нархида ўқиш мумкин. Бизнинг ўйинчиларимиз улар билан қанчалик курашишга тайёрлигига келсак, ҳа, орадаги фарқ унчалик узоқ эмас. Барибир бироз фарқ бор. Бу бизнинг Суперлигага қайтганимиздаги биринчи йилимиз. Таркиб янгидан йиғилган. Бу ўйинчиларнинг кўпчилиги ўтган йили жароҳатлар ёки қуйи лигада ўйнагани сабабли майдонга тушмаган. Шундай экан, бундай жамоалар билан кураша олаётганимиз биз учун ёқимли. Биз ҳозир кейинги йилга қандай қилиб яхшироқ бўлишимиз мумкинлигини излаяпмиз. Биз ўзимизнинг даражамизга қайтишни хоҳлаймиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia