

Ўйиндан кейин "Яйпан" ёрдамчи мураббийи Миржалол Жўраев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Ҳисоб ўйинга мос келмади. Ёмон ўйнадик дея олмайман. Футбол шунақа, бир кун ютасан, бир кун ютқазасан. Аслида ёмон ўйин кўрсатмадик. Учрашувни кўрмай натижага қараган киши "Яйпан" умуман ўйнамапти деб ўйласа керак. Лекин аслида ундай бўлмади, биз ҳам бор куч билан ҳаракат қилдик, фақат омад келмади.
- Ҳакамлик борасида қандай фикрдасиз? "Яйпан" дарвозасига пенальти белгиланишидан олдин тўп рақиб футболчиси қўлига тегди, аммо ҳакам индамади. Пенальтидан кейин эса ўйин ўзгариб кетди.
- Мен ўша ҳолатни яққол кўрдим. Биз гол урадиган вазиятда ҳакам пенальти қўйиб берди. Бу ҳам ҳакамнинг виждонига ҳавола. Гол урганимизда ҳисоб қисқарган бўларди, лекин ҳакам қўпол хатога йўл қўйди деб ўйлайман. Бу эса ҳисобга таъсир қилди.
- Ўйинда бир нечта ротация гувоҳи бўлдик. Бунинг асосий сабаби нимада?
- Асосий сабаб жароҳатлар билан боғлиқ. Тўпурар футболчимиз Муслимбек ҳам жароҳат туфайли ўйинда қатнаша олмади.
- "Яйпан" U-19 жамоасидан асосий жамоага футболчи жалб этиш мураббийлар режасида борми?
- Биз асосий ва U-19 битта жамоамиз. Чунки мураббийлар машғулотда ҳам бирга ишлаб бир-биримизга ёрдам бериб келяпмиз. Яхши ёшларимиз бор, бош мураббийимиз Рашид ака билан маслаҳатлашиб иқтидорли ўйинчиларни таклиф этамиз.
- Рашид Ғофуров нима сабабдан матбуот анжуманига келмади?
- Тўғриси, сабабини билмайман. Айтишади-ку, ҳамма нарса яхшиликка.



