

Ўйиндан кейин "Олимпик Мобиуз" бош мураббийи Фарҳод Нишонов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Қизиқарли ва мухлисларга ёқадиган ўйин бўлди. Ҳар икки жамоа очиқ футбол намойиш этишга ҳаракат қилди. Омад бугун бизга кулиб боқди. Ғалаба учун йигитларга раҳмат, кўрсатмаларни ҳамма тўғри бажарди. Қолаверса жамоа бўлиб ҳам яхши ўйин намойиш этдик. Ҳақли ғалаба қозондик деб ўйлайман.
- Абдуғафур Ҳайдаровнинг захирада қолдирилиши сабаби нимада?
- Унда кичик жароҳат бор. Энди буни жароҳат дея олмайман. Ўйиндан олдин шамоллаб иситмаси чиқди. Шу боис таваккал қилмадик ва бошқа футболчиларга имкон бердик.
- Ҳисоб йирик кўриниш олди. "Яйпан"дан шундай ўйин кутганмидингиз?
- Айтиб ўтганимдек, омадимиз келди. "Яйпан" яхши жамоа. Пролигада ҳамма жамоа яхши. "Яйпан"га раҳбарият қулай шароитларни қилиб бергани кўриниб турибди. Майдон ҳолати ҳам жуда маъқул келди. Яхши майдонда биз ҳам яхши футбол кўрсатамиз. Баъзи жиҳатларда устунлик мезбонларда бўлди, фақат бизнинг омадимиз кўпроқ келди.
- Саидхон Ҳамидов ҳимоячи бўлишига қарамай учта гол уришнинг уддасидан чиқди.
- Тўғри, Саидхон аслида ҳимоячи. Фақат тактикани ўзгартирдик. У бугун гол уришга ваъда берганди. Энг қизиғи, учта гол ураман деганди, чиндан ҳам учта тўп киритди.
- Ҳисобда олдинда бўлишга қарамай, футболчилардан доим тезкор ўйин намойиш этишни талаб қилдингиз. Бу нимадан далолат?
- Тўғри пайқабсиз, биз доим тез ўйинни талаб қиляпмиз. Чунки "Олимпик" негизида ташкил этилган жамоамиз ва олдимизга аниқ мақсад қўйилган. Биз эртага Япония, Жанубий Корея каби жамоалар билан ўйнай оладиган футболчилар тайёрлашимиз керак.
Ҳозирги тезлик етарли эмас, биз янада кучайишимиз лозим. Яна икки-уч сонияга тезлашишимиз талаб этилади. Шу боис ҳам ҳисобга қарамай, ҳар доим футболчилардан тезкорликни талаб қиляпмиз. Албатта, доим тез ўйнашнинг имкони йўқ, пайти келганда темпни туширишга тўғри келади. Лекин бу вақтни чўзиш дегани эмас.
Агар ҳисобдан келиб чиқиб ёки рақибга мослашиб ўйнасак, унда ҳеч ким ўсмайди. Европа футболини кўряпмиз, тезлик жуда юқори. Биз ҳам уларга ҳавас қиламиз. Шу боис оддий вазиятларда ҳам тез ҳаракат қилишни йигитлардан сўрайман.



