

Бу текширув марказида Лига MX ва Ассенсо МХ (мамлакат миллий чемпионатининг мақоми бўйича иккинчи дивизиони – таҳр.) ўртасидаги қуйи дивизионга тушиб кетиш ва юқори лигага чиқиш тизимининг бекор қилиниши масаласи турибди, деб хабар берди ESPN.
CNA мазкур терговни мухлисларнинг шикоятлари ҳамда сиёсатчи Хорхе Альварес Майнес каби шахсларнинг жамоатчилик олдидаги чақириқларидан сўнг ташаббуси билан олиб бормоқда. Расман суриштирув бирор аниқ клуб ёки шахсга қарши қаратилмаган, аммо моҳиятан у Мексика футбол федерацияси ва Лига MX томонидан мусобақаларда иштирок этиш учун ўрнатилган қоидаларга дахлдордир.
CNA амалдаги қоидаларнинг рақобатни чеклайдиган бозор ҳукмронлигини суиистеъмол қилиш, яъни нисбий монополистик амалиётга мос келиш-келмаслигини текширмоқда. Бу ўринда гап "профессионал футбол мусобақаларига аъзолик, уларни ташкил этиш ва уларда иштирок этиш имконияти" бозори ҳақида кетмоқда.
Лигалар ўртасидаги чиқиш/тушиш тизими 2020 йилда пандемия сабаб тўхтатилганди, 2026 йилнинг июлида эса Лига MX регламентда клублар пастки лигага тушиб кетмаслигини, Ассенсо МХ жамоалари эса юқори дивизионга кўтарила олмаслигини расман мустаҳкамлаб қўйди. Бу иккинчи дивизион клубларининг норозилигига сабаб бўлди ва улар ҳатто Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилишди.
Агар айб исботланса, CNA қоидабузарнинг йиллик даромадининг 10 фоизигача бўлган миқдорда жарима солиши ҳамда антирақобат амалиётини тузатиш ёки бекор қилишни талаб этиши мумкин.
Тергов 30 кундан 120 иш кунигача давом этади, аммо бу муддат яна 3 мартагача узайтирилиши мумкин.



