Марат Мифтахутдинов Вадим Абрамовнинг матбуот анжуманида қатнашмагани сабабини айтди

15 май 2026, 22:11
Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичи 2-тури доирасида "Локомотив" - "Динамо" (2:2) учрашувидан кейин меҳмонлар мураббийи Марат Мифтахутдинов матбуот анжуманида қатнашди.

- Ўйлайманки, бугунги баҳс мухлисларга ёқди – икки томонлама жанговар ўйин кечди. Ўйин олдидан ўзимизни муаммоларимиз бор эди, яъни Фирдавс Абдураҳмонов анча вақт ўйнамай, майдонга тушганди, Ойбек Ўрмонжонов ҳам узоқ муддатдан кейин сафга қайтди. Ҳимоя чизиғимизда ҳам муаммолар бор эди. Ҳисобда олдинда эдик, аммо охирида ҳимоядаги эътиборсизлик голга сабаб бўлди.

- Жамоанинг гуруҳдан чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Ростдан ҳам ҳаммаси энди бизнинг қўлимизда эмас. Энди сўнгги турни кутамиз, ҳаммаси охирги турда ҳал бўлади.

- Вадим Абрамов мана кетма-кет иккинчи ўйиндирки, матбуот анжуманига кирмади. У биздан ҳафа бўлдими?

- Йўқ, ундай эмас. У бироз даволаняпти. Вадим Абрамов сўнгги ўйинларда жуда асабийлашди, соғлиғидаги муаммо сабаб матбуот анжуманида ўрнига мен қатнашяпман.

- Жамоа икки ўйинда ғалаба қозона олмади. Балки ёшлар жамоасини синаб кўриш керак бўлгандир. Чунки бу жамоанинг натижаларини улар ҳам қилиб бера оларди.

- Айтганингиздек, барчаси сўнгги турда ҳал бўлади. Бизда қандай муаммолар борлигини барча билади. Вазифа ўзгармайди, муаммо борлиги маълум, ўйнаш керак ва гуруҳдан кейинги босқичга чиқиш керак. Сўнгги турда ҳам курашамиз.

- Муаммоларга қарамасдан жамоанинг икки футболчиси жаҳон чемпионатига йўл олиши мумкин. Бу жамоадаги бошқа футболчиларнинг руҳиятига таъсир қиладими?

- Таркибимиздан икки футболчининг ЖЧ-2026га бориши мумкинлиги қолган футболчиларимизни албатта руҳлантиради. Мисол учун, Ўрмонжонов ва Абдураҳмонов ҳам олимпия жамоасига чақирилиб келмоқда, бу хурсанд қилади, - дейди Марат Мифтахутдинов ўйиндан кейин.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia