"Жайхун" бош мураббийи: "Танаффус ва ўйин амалиётининг камлиги ўз таъсирини кўрсатди"

25 июл 2026, 22:26
"Жайхун" бош мураббийи Айбек Нурбаев "Республика ФА"га қарши учрашувдан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди.

– Ассалому алайкум ҳамманингизга, барча футбол мухлисларига! Ҳаммани бугунги ғалаба билан табриклаймиз. Чунки анчадан бери расмий ўйинлар ўйнамаган эдик. Жаҳон чемпионати сабабли деярли 40 кунлик танаффус юзага келди.

– Энди учрашувга келадиган бўлсак, ўйин жуда оғир кечди. Ўйин қийин бўлишини олдиндан билардик, чунки узоқ вақт расмий ўйинларда майдонга тушмадик. Тайёргарликни фақат ўз қароргоҳимизда олиб бордик — четга ёки Тошкентга йиғинларга бормадик. Ўзимизда сунъий қопламали майдонда машғулот ўтказганимиз сабабли бугун табиий майдонда ҳаракат қилиш бироз қийинчилик туғдирди.

Рақибимиз — У-20 терма жамоаси вакиллари, уларнинг мураббийи ҳам терма жамоа устози ҳисобланади. Уларнинг ўйинини ҳар томонлама таҳлил қилдик: кучли ва нозик тарафларини етарлича ўрганиб чиққандик.

Тўғриси, биринчи бўлимда ўйинимиз унчалик ўхшамади. Сабаби биз кўпроқ то меъёрида тўпни ушлаб туришимиз ва ўйинни назорат қилишимиз керак эди, лекин биринчи таймда бунга эриша олмадик. Танаффусда кийиниш хонасида шогирдларимга бир-иккита кўрсатмалар бердим, ўзгаришларни амалга оширдик. Киритилган захира ўйинчиси ўз самарасини берди: Асадбек Жўрабоев майдонга тушибоқ гол уришга эришди.

– Жамоа бугун ғалаба қозонди, майдонда охиригача яхши курашди. Лекин шахсан ўзим битта нарсага ҳайрон қолдим: икки ойлик танаффусгача жамоа жуда фаол, хусусан, рақиб майдонида тажовузкор прессинг кўрсатиб ўйнарди. Бугун эса, жамоа ютган бўлса ҳам, ўша жўшқинлик кўринмади. Бунга нима сабаб бўлди?

– Жуда тўғри айтдингиз. Бугун мен ҳам шогирдларимдан ўзим кутган ўйинни тўлиқ ололмадим. Бу ҳолат ўша узоқ танаффус билан боғлиқ деб ўйлайман. Чунки бошқа жамоаларга ўхшаб Тошкентда ёки бошқа жойларда йиғинлар ўтказа олмадик. Ўзимизда муносиб рақиблар бўлмагани учун етарлича ўртоқлик ўйинлари ҳам ташкил этолмадик.

Буларнинг барчасини атрофлича таҳлил қилиб чиқамиз ва кейинги ўйинларда, Худо хоҳласа, ўша олдинги жўшқинликни, ўша тажовузкор прессингни ҳамда ўзимизнинг мазмунли ўйинимизни қайтаришга ҳаракат қиламиз.

– Бугун ўйин вақтида шогирдларингиздан бири рақиб мураббийларининг ҳаракатларига эътироз билдирди. Яъни рақиб устозлари вақт чўзяпти деганида, у: "Вақт чўзмаймиз, бир кун олдин машғулот ўтказишимизга майдон бермадинглар" деган эътирозни айтди. Ростдан ҳам ўйиндан олдинги расмий машғулот ўтказилмадими? Бу нимага боғлиқ бўлди?

– Регламентга кўра, мезбон жамоалар меҳмонларга ўйиндан олдин машғулот майдони ажратмаслик ҳуқуқига эга экан. Биз ўзимиз мустақил майдон топишга ҳаракат қилдик, лекин иложи бўлмади. Биласиз, Тошкентда бўш майдон топиш бироз муаммо. Рақиб ҳам майдон борасида ёрдам бера олмади.

Шу сабабли расмий машғулот ўтказа олмадик. Кеча эрталаб поездда Тошкентга етиб келдик ва шунчаки дам олишга қарор қилдик.

– Демак, регламент бўйича мезбон жамоа шароит яратиб беришга мажбур эмасми?

– Ҳа, амалдаги регламентда шундай банд бор экан — мезбон жамоа машғулот майдони билан таъминлашга мажбур эмас. Шунинг учун ўзимиз ҳам имкон тополмай, бир кун олдинги машғулотни ўтказа олмадик.

– Ўйин давомида бир нечта футболчиларингизнинг оёғи тортишиб қолгани ҳам шу машғулот етишмаслиги билан боғлиқми?

– Ҳа, бунга ҳам боғлиқ. Лекин буни баҳона қилиб кўрсатишни хоҳламайман. "Бир кун олдин машғулот қилмадик, у бўлди, бу бўлди" деб баҳона излаш менга тўғри келмайди.

Асосий сабаб — узоқ танаффус ва муносиб рақиблар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказмаганимизда. Фақат Иккинчи лига жамоаси ҳамда бир марта "Арал" билан ўйнадик. Ўйин амалиёти етишмагани сабабли бугун ўзимиз кутган даражадаги футболни тўлиқ намойиш эта олмадик.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia