Линекер: “Манчестер Сити” қоидабузарликларни тан олиши ва жазони қабул қилиши керак”

Sherzod Nurmatov
8 окт 2026, 19:00
Англия терма жамоаси собиқ сардори Гари Линекер "Манчестер Сити" АПЛнинг молиявий қоидаларини бузганини тан олиши ва жазони қабул қилиши лозим, деган фикрни билдирди.

Унинг сўзларига кўра, агар клуб якунда чемпионлик унвонларидан маҳрум этилса ҳам, у бундан ажабланмайди.

"Аниқки, "Манчестер Сити" учун ҳаммаси жуда ёмон кўриниш олмоқда. Бутун футбол учун ҳам шундай. Мен ҳозир "Сити" шунчаки буни тан олиб: "Яхши, биз хато қилдик. Аммо футбол ҳурмати биз буни қабул қиламиз, ҳар қандай жазога розимиз ва олдинга қараб интиламиз", дейишини истардим", – деди Линекер.

Линекер мазкур вазият клубнинг ўзига ҳам, инглиз футболига ҳам жиддий зарар етказаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, айбни тан олиш узоққа чўзилган ушбу воқеага нуқта қўйишга ёрдам берарди.

"Менимча, бу яхши қарор бўларди ва клубга ҳеч бўлмаганда ўз обрўсини қисман сақлаб қолиш имконини берарди. Гарчи айни пайтда бундай сценарий эҳтимолдан йироқ туюлса-да. Бу улкан зарар етказмоқда... Мен "Сити"нинг мухлислари ва футболчиларига ачиняпман", – дея қўшимча қилди у.

Баҳсли даврда қўлга киритилган учта чемпионлик унвонидан "Манчестер Сити"ни маҳрум қилиш керакми ёки йўқми деган саволга Линекер шундай жавоб берди:

"Агар ишлар айнан шу йўсинда давом этса, ҳайрон қолмайман. Аммо пировардида бундан ким жабр кўради? Футболчилар ва мухлислар".

"Манчестер Сити" Премьер-лиганинг молиявий қоидаларини бузганлик бўйича тўққизта мавсум — 2009/10 йилгидан 2017/18 йилги мавсумгача бўлган даврдаги барча бандлар бўйича айбдор деб топилди. Бундан ташқари, клуб тергов билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганлик бўйича тўртта банднинг учтасида айбдор деб ҳисобланди.

АПЛнинг таъкидлашича, "шаҳарликлар” даромадларни сунъий равишда ошириш ва харажатларни камайтириб кўрсатиш мақсадида сохта тижорий шартномалардан фойдаланган. Лига талқинига кўра, гап қарийб ўн йил давомидаги 900 миллион фунтдан ортиқ маблағ ҳақида бормоқда. Бу даврда клуб бир нечта совринларни қўлга киритганди. "Манчестер Сити" чиқарилган қарор устидан шикоят аризаси бериб, ўзининг беайблигини қатъий таъкидламоқда.

"Манчестер Сити"нинг апелляцияси ёпиқ тартибда кўриб чиқилади. Эҳтимолий санкциялар қачон эълон қилиниши ва улар апелляция жараёни якунлангунга қадар кучга кириш-кирмаслиги ҳозирча номаълум.

Жорий мавсумда "Сити" бешта ўйинда 15 очко жамғариб, Англия чемпионатида пешқадамлик қилмоқда. Якшанба куни жамоа сафарда "Ливерпул"га қарши баҳс олиб боради.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Reuters

Сўнгги янгиликлар

Барча ›