

Унга кўра, УЕФАга аъзо 55 та миллий ассоциациядан 54 таси — Озарбайжон футбол федерациялари ассоциациясидан ташқари — ФИФАнинг амалдаги раҳбариятига бўлган ишончини йўқотганини тасдиқлаган.
"Сўнгги ойларда туб ўзгаришларни талаб қилиб келган УЕФА ва барча миллий ассоциациялар ФИФАни ислоҳ қилиш бўйича аниқ йўналишни келишиб олди.
Миллий ассоциациялар яна бир бор ФИФАнинг амалдаги раҳбариятига ишончини йўқотганини тасдиқлади. Фақат институционал ислоҳотнинг ўзи етарли эмас. ФИФАга янги раҳбарият ҳам керак", — дейилади УЕФА баёнотида.
Европа футбол ташкилотига кўра, янги раҳбар футбол оламида обрў-эътиборга эга, барчани бирлаштира оладиган, футбол билан чуқур боғлиқ, зарур тажриба ва қарашларга эга ҳамда турли минтақаларда ишонч уйғота оладиган шахс бўлиши лозим.
УЕФА ФИФАда ваколатларни тақсимлаш, ФИФА Кенгашининг ролини кучайтириш ва қўмиталар фаолиятини оптималлаштиришни талаб қилмоқда. Шунингдек, ташкилот президенти "бошқарувчи эмас, етакчи бўлиши" кераклиги таъкидланган.
Бундан ташқари, УЕФА футбол тақвими бўйича бир томонлама қарорлар қабул қилишдан воз кечиш, ФИФА ресурсларидан шахсий ёки сайловолди мақсадларида фойдаланишни тақиқлаш ва ташкилотнинг ҳалоллиги ҳамда мустақиллигини таъминлаш каби талабларни илгари сурди.
УЕФА миллий ассоциациялари ва жаҳон футболидаги бошқа ташкилотлар ўртасида ФИФА ислоҳотлари ва унинг келажакдаги раҳбарияти масаласи бўйича муҳокамалар давом этишини маълум қилди.



