

Бугун Испания ва Бельгия жаҳон чемпионати чорак финалида тўқнаш келар экан, тарих ўзининг энг нозик ироник табассумларидан бирини ҳадя этмоқда. Гап шундаки, испан футболининг брендига айланган "Ла Фурия Роха" — "Қизил ғазаб" лақаби айнан Бельгия заминида, Антверпен шаҳрида туғилган. Бунинг устига, бу ибора футболдан тўрт аср аввал ҳам мавжуд эди — фақат у пайтда унинг маъноси бутунлай бошқача бўлган.
Тўрт асрлик илдиз: 1576 йилги "Испан ғазаби"
XVI асрда Фландрия — бугунги Бельгия ҳудуди — Испания империяси таркибида эди. 1576 йилда ойлик маошини ололмай исён кўтарган испан терсиолари (ўша даврнинг энг кучли пиёда қўшинлари) Антверпен шаҳрини босиб олиб, уни талон-торож қилган. Минглаб одам ҳалок бўлган бу фожиа тарихга "Furia española" — "Испан ғазаби" номи билан кирган. Асрлар давомида бу ибора Нидерландия ва Бельгияда испанларнинг шафқатсиз шиддатини англатувчи қора тамға сифатида ишлатиб келинган.
Ким ўйлабди дейсиз — орадан роппа-роса 344 йил ўтиб, худди ўша Антверпенда бу ибора қайта туғилади. Бу сафар — фахр рамзи сифатида.
1920 йил: "Тинчлик ўйинлари" ва Испаниянинг илк қадами
Биринчи жаҳон урушидан эндигина чиққан Европа 1920 йилда Антверпенда Олимпиада ўтказди. Бу мусобақа тарихга "Тинчлик ўйинлари" номи билан кирган — айнан шу ерда илк бор тинчлик рамзи сифатида кабутарлар ҳавога учирилган.
Испания терма жамоаси учун бу турнир — тарихдаги биринчи расмий мусобақа эди. 1920 йил 28 август куни Брюсселда Дания билан бўлган учрашув Испания тарихидаги илк расмий ўйин бўлди: Патрисио Араболаcанинг ягона голи ғалаба келтирди. Ўша таркибда кейинчалик афсонага айланган исмлар бор эди: дарвозабон Рикардо Самора, ҳужумчи Пичичи (ҳозирда Ла Лиганинг энг яхши тўпурари мукофоти унинг номи билан аталади), ярим ҳимоячи Хосеп Самитьер.
Аммо сафарнинг ўзи қаҳрамонлик талаб қиларди. Ҳукумат жамоанинг йўл харажатларини қоплашдан бош тортган. Урушдан вайрон бўлган Европа бўйлаб футболчилар учинчи тоифадаги вагонларда юрган. Антверпенда уларни... етимхонага жойлаштиришган: бўйи 1,93 метрли паҳлавонлар болалар каравотида ухлаган, йигирма кишига атиги иккита душ тўғри келган.

"Сабино, тўпни менга бер — ҳаммасини янчиб ташлайман!"
Афсонавий лақаб 1920 йил 1 сентябрда, Швеция билан бўлган ўйинда туғилди. Испания 0:1 ҳисобида ютқазаётган, ўйин қўпол курашларга бой эди. Иккинчи бўлимда Швеция жарима майдони ёнида испанлар фойдасига эркин зарба белгиланди. Тўп олдига "Атлетик" ҳимоячиси Сабино Бильбао келди.
Ана шу лаҳзада жамоа сардори, бўйи 1,93 метр, вазни 90 килограммдан ошиқ баск паҳлавони Хосе Мария Белаустегигойтиа — қисқача Белаусте — бутун стадионга янграган ҳайқириғини айтди:
"¡Sabino, a mí el pelotón, que los arrollo!" — "Сабино, тўпни менга узат — ҳаммасини янчиб ташлайман!"
Сабино тўпни жарима майдонига ошириб узатди. Белаусте тўпни кўкраги билан қабул қилиб, тўхтамасдан дарвоза сари йўллади ва тўп, дарвозабон, учта швед ҳимоячиси ҳамда Белаустенинг ўзи бирваракайига дарвоза тўридан ўрин олди. Ҳа, айнан шундай: у голни кўкраги билан, рақибларни судраганча урган эди. Испания ўйинни 2:1 ҳисобида ютди — иккинчи голни Доминго Аседо киритди.
Қизиғи шундаки, бу голнинг бирорта ҳам сурати сақланмаган. Ўша куни майдонда ягона испан журналисти — "Хандикап" тахаллусли Мануэл де Кастро бўлган, у эса кутилмаганда ўйинда ён ҳакамлик вазифасини ҳам бажаришга мажбур бўлган.

Бельгия матбуоти лақаб беради
Испанларнинг ана шундай жангари, тап тортмас ўйини маҳаллий газеталарни лол қолдирди. Бельгия матбуоти испан футболчиларининг ўйинини таърифлаш учун айнан ўша тарихий сўзни қўллади: "furia". Тўрт аср аввал Антверпенни вайрон қилган "испан ғазаби" энди худди шу шаҳарда — футбол майдонида қайта туғилган эди.
Испания ўша Олимпиадада мезбон Бельгиядан мағлуб бўлди (бельгияликлар кейинчалик олтин медални қўлга киритди), аммо Швеция, Италия ва Нидерландияни енгиб, кумуш медаль соҳибига айланди. Кўпчилик уларни мусобақанинг "маънавий чемпиони" деб тан олди. Испан матбуоти эса ғурур билан ёзди: "Испания Фландрияга найзасини қадади".
Лақабнинг кейинги тақдири
"Фурия" ўнлаб йиллар давомида испан футболининг фалсафасига айланди: жангарилик, жисмоний куч, сўнгги томчи қонигача курашиш. Франко даврида бу тушунча ҳатто мафкуравий қуролга ҳам айлантирилди.
Аммо Испанияга энг катта шуҳратни "фурия" эмас, унинг мутлақ тескариси — "тики-така" олиб келди. 2008–2012 йиллардаги олтин авлод рақибни куч билан эмас, тўп билан саваларди. Луис Арагонес даврида жамоа кўпроқ қисқа "Ла Роха" номи билан атала бошлади. Шунга қарамай, "Ла Фурия Роха" лақаби бугун ҳам тирик — у испан футболининг туғилиш гувоҳномаси бўлиб қолмоқда.
Афсонанинг бош қаҳрамони Белаустенинг тақдири эса аччиқ якун топди: баск миллатчилиги ғояларига содиқ бўлган илк сардор фуқаролар урушидан сўнг муҳожирликка кетишга мажбур бўлди ва 75 ёшида Мексикада вафот этди. Аммо унинг ҳайқириғи — "Тўпни менга бер, ҳаммасини янчиб ташлайман!" — бир асрдан бери испан футболининг энг машҳур иборалигича қолмоқда.



