Кучли бешлик шарҳи: Манчестер кўк рангда, йўқотишларсиз кетаётган “Барса” ва “Арса”, ПСЖда инқироз давом этади

15 сен 2026, 10:22
Европанинг кучли беш чемпионатида навбатдаги тур ўйинлари якунланди.

Англияда “Арсенал” ва “Манчестер Сити” очко йўқотмасдан келмоқда, Испанияда “Барселона” бешинчи ғалабасини қўлга киритди. 

Италияда “Рома” ва “Интер” 4 та ўйиндан 4 тасида ғалаба қозонган бўлса, Германияда жадвални кутилмаганда “Фрайбург” бошқариб турибди.

Англия: Манчестер дербиси “Сити”ники, “Арсенал” ҳам тўхтамаяпти

АПЛ 4-турининг марказий учрашуви Манчестерда бўлиб ўтди. “Сити” дербида “Юнайтед”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа “шаҳарликлар” мавсум бошидан бери очко йўқотмаган икки жамоадан бири бўлиб қолди. “Юнайтед” эса 4 та ўйиндан кейин 4 очко билан 13-ўринда.

gettyimages-2295313812-2048x2048.jpg

Иккинчи жамоа — “Арсенал”. Лондонликлар “Сандерленд” меҳмони бўлиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Микель Артета шогирдлари 4 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, 8 та гол урди ва дарвозасидан атиги битта тўп ўтказиб юборди. “Арсенал” ва “Сити”да 12 тадан очко, тўплар нисбати яхшироқ бўлган “канонирлар” биринчи ўринда.

gettyimages-2294565755-2048x2048.jpg

Турнинг энг йирик ғалабаси “Брайтон” ҳисобига ёзилди. Жамоа “Ковентри” дарвозасига жавобсиз 5 та гол урди. “Лидс” ҳам ёрқин натижа қайд этиб, “Ньюкасл”ни 4:1 ҳисобида таслим қилди ва 8 очко билан 3-ўринга кўтарилди.

“Ливерпуль”да эса яна очко йўқотиш. Мерсисайдликлар “Фулхэм” дарвозасини оча олмади — 0:0. “Ливерпуль” 4 турда 6 очко жамғарган ва пешқадамлардан 6 очко ортда қолмоқда.

4-тур натижалари:

  • “Тоттенхэм” 0:0 “Эвертон”

  • “Астон Вилла” 1:2 “Ноттингем”

  • “Борнмут” 2:2 “Брентфорд”

  • “Челси” 2:2 “Халл Сити”

  • “Кристал Пэлас” 2:3 “Ипсвич”

  • “Ливерпуль” 0:0 “Фулхэм”

  • “Сандерленд” 0:2 “Арсенал”

  • “Ковентри” 0:5 “Брайтон”

  • “Манчестер Юнайтед” 0:1 “Манчестер Сити”

  • “Лидс” 4:1 “Ньюкасл”

Испания: “Барселона” — 5 та ўйин, 5 та ғалаба

“Барселона” Ла Лигада ҳозирча рақибларига очко бермаяпти. Каталонияликлар бу сафар “Леванте” меҳмони бўлиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу “Барса”нинг 5 та ўйиндаги бешинчи ғалабаси бўлди.

Каталонияликларнинг ҳужумдаги кўрсаткичи ҳам ажралиб турибди — 5 та учрашувда 21 та гол. “Барселона” 15 очко билан якка пешқадам.

gettyimages-2294742520-2048x2048.jpg

“Реал” ҳам “Барса”ни қувишда давом этмоқда. Мадридликлар “Райо Вальекано”ни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, очколарини 12 тага етказиб олди. “Қироллик клуби” 5 та ўйиндан 4 тасида ғалаба қозонган, бир марта мағлуб бўлган.

gettyimages-2295055280-2048x2048.jpg

“Атлетико” учун ҳам тур омадли ўтди. Диего Симеоне жамоаси “Реал Сосьедад”ни сафарда 3:0 ҳисобида енгди. “Бетис” эса “Вильярреал” майдонида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

“Валенсия”нинг оғир старти эса давом этмоқда. “Кўршапалаклар” “Севилья”га 0:1 ҳисобида ютқазди ва 5 та ўйиндан кейин ҳам ғалабасиз қолди — атиги бир очко.

5-тур натижалари:

  • “Севилья” 1:0 “Валенсия”

  • “Расинг” 2:1 “Алавес”

  • “Осасуна” 0:2 “Эспаньол”

  • “Атлетик” 1:1 “Эльче”

  • “Реал” 4:1 “Райо Вальекано”

  • “Сельта” 1:1 “Малага”

  • “Леванте” 2:4 “Барселона”

  • “Хетафе” 1:1 “Депортиво”

  • “Реал Сосьедад” 0:3 “Атлетико”

  • “Вильярреал” 1:2 “Бетис”

Италия: “Рома” ва “Интер” ҳали очко йўқотмади, “Ювентус” қоқилди

А Серияда икки жамоа мавсумни идеал бошлади. “Рома” ва “Интер” 4 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, 12 тадан очко жамғарган.

“Интер” бу турда “Удинезе” билан ҳақиқий голлар шоусини намойиш қилди. Миланликлар 8 та гол урилган учрашувда 5:3 ҳисобида ғалаба қозонди. “Интер”нинг ўзи 4 та турда рақиблар дарвозасига 13 та тўп киритди.

gettyimages-2295305882-2048x2048.jpg

“Рома” эса бошқача йўл билан натижа қилмоқда. Римликлар “Торино”ни сафарда 2:0 ҳисобида енгди. Жамоа 4 та ўйинда 12 та гол урган ва дарвозасидан атиги битта тўп ўтказиб юборган. Шу кўрсаткич эвазига “Рома” “Интер”ни ортда қолдириб, биринчи ўринда турибди.

“Ювентус” эса дастлабки мағлубиятини қабул қилиб олди. Туринликлар “Сассуоло”га 2:3 ҳисобида ютқазди. Натижада “Юве” 7 очко билан 8-ўринга тушиб қолди.

“Милан” Римдан бир очко билан қайтди — “Лацио” билан учрашув 2:2 ҳисобида якунланди. “Наполи” эса “Болонья”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, мавсумдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритди.

4-тур натижалари:

  • “Венеция” 2:4 “Фиорентина”

  • “Женоа” 1:1 “Фрозиноне”

  • “Лацио” 2:2 “Милан”

  • “Аталанта” 1:2 “Кальяри”

  • “Лечче” 3:2 “Монца”

  • “Наполи” 1:0 “Болонья”

  • “Сассуоло” 3:2 “Ювентус”

  • “Торино” 0:2 “Рома”

  • “Комо” 2:1 “Парма”

  • “Интер” 5:3 “Удинезе”

Германия: “Фрайбург” биринчи, “Бавария” қувувчи ролида

Бундеслигада 3 та турдан кейин жадвалнинг энг юқори поғонасида “Бавария” ҳам, “Боруссия Дортмунд” ҳам эмас. Пешқадам — “Фрайбург”.

Жамоа бу турда “Боруссия Мёнхенгладбах”ни 5:0 ҳисобида тор-мор этди. “Фрайбург” 3 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонган, 10 та гол урган ва фақат битта тўп ўтказиб юборган. 9 очкога эга “Боруссия Дортмунд” тўплар нисбати сабаб иккинчи ўринда.

Дортмундликлар ҳам юз фоизлик натижани сақлаб қолди. Жамоа “Падерборн”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.

“Бавария” эса “Эльверсберг” майдонида анча қийналди. Мюнхенликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, 7 очкога етди. Биринчи уч турда бир марта дуранг ўйнаган “Бавария” ҳозирча тўртинчи ўринда.

gettyimages-2295224625-2048x2048.jpg

“Лейпциг” турнинг яна бир йирик ғалабасини қайд этди — “Гамбург” 5:0 ҳисобида тор-мор этилди. “Байер” эса “Аугсбург” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб, яна очко йўқотди.

3-тур натижалари:

  • “Унион Берлин” 1:3 “Шальке”

  • “Майнц” 1:3 “Айнтрахт”

  • “Хоффенхайм” 2:1 “Штутгарт”

  • “Фрайбург” 5:0 “Боруссия Мёнхенгладбах”

  • “Боруссия Дортмунд” 3:0 “Падерборн”

  • “Аугсбург” 2:2 “Байер”

  • “Кёльн” 1:1 “Вердер”

  • “Лейпциг” 5:0 “Гамбург”

  • “Эльверсберг” 1:2 “Бавария”

Франция: ПСЖ ниҳоят ғалаба қозонди

Францияда мавсум боши ПСЖ учун одатдагидек кечмаяпти. Парижликлар 4-турда “Брест”ни сафарда 1:0 ҳисобида енгиб, чемпионатдаги илк ғалабасини қўлга киритди.

Шунга қарамай, ПСЖ 4 та ўйиндан кейин 5 очко билан 7-ўринда. Пешқадамлар билан орада аллақачон 5 очколик фарқ бор.

gettyimages-2295109887-2048x2048.jpg

Юқорида эса бирданига уч жамоа 10 тадан очко тўплаган. “Лилль”, “Монако” ва “Ренн” ҳали мағлуб бўлмаган. Тўплар нисбати яхшироқ бўлган “Лилль” биринчи ўринда.

“Лилль” бу турда “Труа”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. “Монако” “Страсбург” билан 1:1 ҳисобида очко бўлишди. “Ренн” эса “Марсель”ни 1:0 ҳисобида енгди.

“Марсель” учун эса старт оғир кечмоқда. Жамоа 4 та ўйиндан 3 тасида мағлуб бўлди ва 3 очко билан 13-ўринда қолмоқда.

4-тур натижалари:

  • “Ренн” 1:0 “Марсель”

  • “Страсбург” 1:1 “Монако”

  • “Париж” 0:0 “Лион”

  • “Лорьян” 2:2 “Тулуза”

  • “Гавр” 0:0 “Анже”

  • “Осер” 1:0 “Ницца”

  • “Лилль” 2:0 “Труа”

  • “Ле-Ман” 2:2 “Ланс”

  • “Брест” 0:1 ПСЖ

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›