

“Атлетико” 20 сентябрь куни “Метрополитано”да “Реал”ни қабул қилади. Учрашув Тошкент вақти билан 19:15 да бошланади.
Икки очколик фарқ
Дерби ҳар доим алоҳида ўйин, аммо бу сафар турнир жадвали ҳам учрашувга қўшимча интрига бериб турибди. Олти турдан кейин “Реал” 15, “Атлетико” эса 13 очко жамғарган. Демак, мезбонлар ғалаба қозонса, шаҳарлик рақибидан ўзиб кетади.

“Атлетико” дербига яхши кайфиятда келмоқда. Диего Симеоне жамоаси охирги турда “Осасуна”ни 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Жонатан Дэвид, Ли Кан Ин, Робин Ле Норман ва Алекс Баэна биттадан гол урди.
Бу шунчаки йирик ҳисобдаги ғалаба эмасди. “Атлетико” рақиб дарвозаси томон 27 марта зарба берди ва мавсум бошидан бери ўзининг энг ишончли ўйинларидан бирини ўтказди. Айниқса, дербидан бир неча кун олдин бундай ғалаба Симеоне жамоаси учун айни муддао бўлди.
Альварес дербига қайтиши кутилмоқда
“Атлетико” охирги икки учрашувни Хулиан Альварессиз ўтказди. Аргентиналик футболчи мушакларидаги муаммо туфайли аввал “Реал Сосьедад”, кейин “Осасуна”га қарши ўйинни ўтказиб юборди.
Унинг “Реал”га қарши майдонга қайтиши кутилмоқда. Бироқ Альвареснинг қай даражада тайёр экани ва учрашувни асосий таркибда бошлаши ҳозирча аниқ эмас.

Унинг қайтиши Симеонега ҳужумда яна бир вариант беради. Айни пайтда Жонатан Дэвид ҳам яхши формада — канадалик форвард “Осасуна” билан учрашувда гол уриб, яна бир голга узатма берди.
“Реал”да натижа бор, лекин ўйин бўйича саволлар қолмоқда
“Реал” ҳам дерби олдидан уч очко олди. Жозе Моуриньо жамоаси сафарда “Эльче”ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди.
Мадридликлар биринчи бўлимнинг ўзида икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олганди. Аввал Арда Гюлернинг жарима зарбасидан кейин тўп дарвозабон Матиас Дитурога тегиб дарвозага кирди, кейин Килиан Мбаппе ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
Аммо иккинчи бўлимда вазият ўзгарди. “Эльче” 71 ва 83-дақиқаларда гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. “Реал”ни очко йўқотишдан 91-дақиқада Карлос Эспи қутқарди — Мбаппенинг узатмасидан кейин у ғалаба голини урди.

Натижа “Реал” фойдасига бўлди, аммо икки тўплик устунликнинг бой берилиши жамоа ҳимоясидаги муаммоларни яна бир бор кўрсатди. “Метрополитано”да бундай хатолар анча қимматга тушиши мумкин.
Мбаппе ва Винисиусга қарши Симеоне режаси
“Атлетико” учун асосий вазифалардан бири “Реал”нинг тезкор ҳужумларини тўхтатиш бўлади. Симеоне жамоаси, аввало, Мбаппе ва Винисиусга очиқ ҳудуд қолдирмаслиги керак.
Шу сабаб мезбонларнинг тўпни йўқотгандан кейинги ҳаракатлари алоҳида аҳамият касб этади. “Атлетико” олдинга катта куч билан ўтиб кетса, ортда қолган ҳудудлар “Реал”нинг тезкор футболчилари учун қулай имкониятга айланиши мумкин.
Симеоне ҳам дерби олдидан айнан шу жиҳатга эътибор қаратди. Унинг фикрича, Мбаппе ва Винисиусга қарши ўйинда тўпни назорат қилиш муҳим — рақибга қарши ҳужум учун қанча кам имконият берилса, шунча яхши.

“Реал”нинг ўзида ҳам йўқотишлар бор. Эдер Милитао, Родриго ва Ферлан Менди жароҳат сабаб дербини ўтказиб юборади. Куртуа, Беллингем, Камавинга, Вальверде, Арда Гюлер, Винисиус ва Мбаппе эса Моуриньо ихтиёрида.
“Метрополитано”да “Реал”га осон бўлмаяпти
Охирги дербилар ҳам бу икки жамоа ўртасидаги фарқ катта эмаслигини кўрсатади.
Ўтган мавсум “Метрополитано”да “Атлетико” қўшнисини 5:2 ҳисобида мағлуб этганди. Март ойида “Сантьяго Бернабеу”да ўтган жавоб учрашувида эса “Реал” 3:2 ҳисобида устун келди.
Ундан аввал Ла Лигадаги кетма-кет икки дерби бир хил — 1:1 ҳисобида якунланган.

Энди улар яна “Метрополитано”да учрашади. “Атлетико” дербига мавсумдаги энг йирик ғалабасидан кейин келмоқда. “Реал” эса “Эльче”га қарши қийин ўйинда бўлса-да, керакли уч очкони олди.
Орада бор-йўғи икки очко. Шунинг учун бу сафар Мадрид дербисида принципиал рақобатдан ташқари, турнир жадвалидаги ўринлар ҳам ўртага қўйилади.



