Кучли бешлик шарҳи: Англияда грандлар тўқнашуви, “Барса”ни ким тўхтатади, МЮ ва ПСЖ “қайтади”ми?

10 окт 2026, 10:59
FIFA кунлари якунига етиб, яна клублар, хусусан, кучли бешлик ўйинлари бошланмоқда.

Навбатдаги тур учрашувлари доирасида Англияда “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити” ўзаро тўқнаш келади, Испанияда “Барселона” ғалабали сериясини давом эттиришга ҳаракат қилади. 

Италияда уч жамоа бир хил очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, Германияда “Бавария” етакчига яқинлашиш имкониятига эга. Францияда эса ПСЖ мавсум бошида йўқотилган очколар ўрнини тўлдириши керак.

АПЛ. “Энфилд”да катта ўйин, МЮда инқироздан чиқиш учун кураш

Англияда 6-турнинг марказий учрашуви “Энфилд”да бўлиб ўтади. “Ливерпуль” чемпионат пешқадами “Манчестер Сити”ни қабул қилади. Мореска жамоаси дастлабки бешта ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, 15 очко билан 1-ўринда бормоқда. “Ливерпуль” эса ҳали мағлуб бўлмаганига қарамай, учта дуранг сабаб рақибидан олти очко ортда қолган.

gettyimages-2260133306-2048x2048.jpg

“Сити” мавсумни ишончли бошлади. Беш учрашувда 13 та гол уриб, ўз дарвозасидан бешта тўп ўтказиб юборди. “Ливерпуль”да эса ҳужум унчалик сермаҳсул эмас — беш ўйинда еттита гол. Бироқ “Энфилд”даги учрашувларда статистика ҳар доим ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлавермайди.

Турнинг яна бир қизиқарли баҳси Манчестерда ўтади. “Манчестер Юнайтед” “Тоттенхэм”ни қабул қилади. Икки клубнинг ҳозирги аҳволи уларнинг номига мутлақо мос эмас. Манкунианликлар беш турда атиги беш очко тўплаган ва 12-ўринда турибди. “Тоттенхэм” эса икки очко билан турнир жадвалининг энг қуйи поғонасида.

Лондонликлар ҳали бирор марта ғалаба қозонмаган, беш ўйинда атиги иккита гол урган. “Юнайтед” ҳам охирги уч учрашувда ғалаба қозона олмади. Демак, бу баҳсда икки жамоадан бири омадсиз сериясига барҳам бериши ёки ҳар иккиси ҳам муаммоларини кейинги турга олиб ўтиши мумкин.

2-ўриндаги “Арсенал” ўз майдонида “Лидс”ни қабул қилади. Микель Артета шогирдлари мавсумни кетма-кет тўртта ғалаба билан бошлаган, аммо бешинчи турда илк мағлубиятини қабул қилиб олди. “Лидс” эса ҳали мағлуб бўлмаган жамоалардан бири. Меҳмонлар икки ғалаба ва уч дуранг билан тўққиз очко жамғарган. “Арсенал” учун бу баҳс пешқадамга босимни сақлаб қолиш имконияти.

“Челси” эса “Борнмут” билан ўйнайди. Лондонликлар сўнгги икки учрашувда ғалаба қозонган бўлса-да, беш турда 12 та гол ўтказиб юборган. “Борнмут” ҳали ғалаба қозонмаганини ҳисобга олсак, мезбонларда ижобий серияни давом эттириш учун яхши имконият бор.

6-тур тақвими:

  • “Арсенал” — “Лидс” — 10 октябрь, 16:30

  • “Астон Вилла” — “Брентфорд” — 10 октябрь, 19:00

  • “Челси” — “Борнмут” — 10 октябрь, 19:00

  • “Ипсвич” — “Фулхэм” — 10 октябрь, 19:00

  • “Сандерленд” — “Брайтон” — 10 октябрь, 19:00

  • “Манчестер Юнайтед” — “Тоттенхэм” — 10 октябрь, 21:30

  • “Кристал Пэлас” — “Ноттингем Форест” — 11 октябрь, 18:00

  • “Ҳалл Сити” — “Эвертон” — 11 октябрь, 18:00

  • “Ливерпуль” — “Манчестер Сити” — 11 октябрь, 20:30

  • “Ковентри” — “Ньюкасл” — 12 октябрь, 00:00

Ла Лига. “Барселона” тўхтамаяпти, “Реал” эса таъқибчилар орасида

Испания чемпионатида етти турдан кейин “Барселона” яққол пешқадам. Каталонияликлар барча учрашувларда ғалаба қозониб, 21 очко тўплади. Энг эътиборлиси, улар шу ўйинларда 31 та гол урган. Бу ҳар бир учрашувга ўртача 4,4 тадан гол тўғри келади, дегани.

gettyimages-2299356671-2048x2048.jpg

Навбатдаги рақиб — “Хетафе”. Жамоа етти турда саккиз очко тўплаган, ўз дарвозасидан еттита гол ўтказиб юборган. “Барселона”нинг ҳужумдаги натижаларини ҳисобга олсак, “Хетафе” ҳимояси жиддий синовдан ўтади. Каталонияликлар ғалаба қозонса, мавсум бошидан буён давом этаётган ғалабали сериясини саккизта ўйинга етказади.

“Реал Мадрид” эса “Вильярреал”ни қабул қилади. Мадридликлар етти ўйинда икки марта мағлубиятга учраб, 15 очко билан тўртинчи ўринда турибди. “Барселона” билан фарқ олти очкога етган. Мавсумнинг бу босқичида бундай фарқни ҳал қилувчи деб бўлмайди, аммо “Реал” яна очко йўқотса, вазият янада мураккаблашади.

gettyimages-2298707374-2048x2048.jpg

“Вильярреал” ҳам яхши даврни бошдан кечирмаяпти. Жамоа сўнгги уч учрашувда мағлубиятга учраган, етти турда саккиз очко тўплаган. Шу жиҳатдан бу баҳс ҳар икки клуб учун ҳам муҳим: “Реал” чемпионлик пойгасидан узоқлашмасликка, меҳмонлар эса омадсиз серияни тўхтатишга интилади.

Иккинчи ўриндаги “Атлетико” “Алавес” меҳмони бўлади. Диего Симеоне жамоаси 16 очко тўплаган ва охирги уч ўйинда ғалаба қозонган. Мадридликлар мавсумда бир марта мағлубиятга учраган бўлса, “Алавес” етти турда 11 очко жамғарган. Мезбонлар ҳозирча олтинчи ўринда эканини ҳисобга олсак, “Атлетико”ни осон сафар кутмаяпти.

Тур жума куни “Малага” ва “Эспаньол” ўртасидаги учрашув билан бошланди. Баҳс 1:1 ҳисобида якунланди.

8-тур тақвими:

  • “Малага” 1:1 “Эспаньол” — 10 октябрь

  • “Райо Вальекано” — “Атлетик” — 10 октябрь, 17:00

  • “Алавес” — “Атлетико” — 10 октябрь, 19:15

  • “Барселона” — “Хетафе” — 10 октябрь, 21:30

  • “Реал Мадрид” — “Вильярреал” — 10 октябрь, 00:00

  • “Эльче” — “Сельта” — 11 октябрь, 17:00

  • “Реал Сосьедад” — “Депортиво” — 11 октябрь, 19:15

  • “Бетис” — “Осасуна” — 11 октябрь, 21:30

  • “Расинг” — “Валенсия” — 11 октябрь, 00:00

  • “Леванте” — “Севилья” — 12 октябрь, 00:00

А Серия. Уч пешқадам ва “Наполи”нинг кутилмаган старти

Италия чемпионатида беш турдан кейин қизиқ вазият юзага келган. “Рома”, “Интер” ва “Лацио” 13 очкодан тўплаган. Учала жамоа ҳам ҳали мағлубиятга учрамаган. Тўртинчи ўриндаги “Кальяри” ҳисобида 12, бешинчи поғонадаги “Милан”да эса 11 очко бор. Демак, битта турнинг ўзида юқори ўринларда жиддий ўзгаришлар бўлиши мумкин.

“Интер” навбатдаги турда “Парма”ни қабул қилади. Миланликлар беш ўйинда 15 та гол уриб, чемпионатнинг энг сермаҳсул жамоаси бўлиб турибди. “Парма” эса тўрт очко билан 15-ўринда. Мезбонлар учун бу баҳс пешқадамликка кўтарилиш имконияти бўлиши мумкин. Айниқса, “Рома” ва “Лацио”нинг натижалари ҳам аҳамиятли.

gettyimages-2298723945-2048x2048.jpg

“Рома”ни эса “Комо”га қарши сафар ўйини кутмоқда. Римликлар беш турда атиги учта гол ўтказиб юборган. “Комо” ҳам мавсумни яхши бошлади: уч ғалаба, бир дуранг ва бир мағлубият билан ўн очко тўплаган. Мезбонлар ўз майдонида пешқадамни тўхтата олса, юқори ўринлар учун кураш янада қизийди.

“Милан” “Сассуоло” меҳмони бўлади. Миланликлар ҳали мағлуб бўлмаган, охирги икки учрашувда ғалаба қозонган. Жамоа беш турда ўнта гол уриб, атиги тўрттасини ўтказиб юборган. Бу чемпионатдаги энг яхши ҳимоя кўрсаткичларидан бири. “Сассуоло” эса етти очко билан ўнинчи ўринда.

“Ювентус” учун ҳам навбатдаги тур осон кечмаслиги мумкин. Туринликлар тўртинчи ўриндаги “Кальяри” меҳмони бўлади. Сардинияликлар беш турда тўрт марта ғалаба қозонган. “Ювентус” эса ўн очко билан еттинчи ўринда турибди. Мезбонларнинг яхши стартини ҳисобга олсак, бу учрашув турнинг энг қизиқарли баҳсларидан бири бўлиши мумкин.

“Наполи” эса ҳозирча кутилган натижаларни кўрсата олмаяпти. Неаполликлар беш ўйинда икки марта мағлуб бўлиб, етти очко билан тўққизинчи ўринда. Навбатдаги рақиб “Фрозиноне” эса ўн очко билан олтинчи поғонада. “Наполи” ўз майдонида ғалаба қозонса, рақибига очколар бўйича етиб олади.

6-тур тақвими:

  • “Женоа” — “Фиорентина” — 10 октябрь, 18:00

  • “Интер” — “Парма” — 10 октябрь, 21:00

  • “Наполи” — “Фрозиноне” — 10 октябрь, 23:45

  • “Комо” — “Рома” — 11 октябрь, 15:30

  • “Лацио” — “Монца” — 11 октябрь, 18:00

  • “Лечче” — “Болонья” — 11 октябрь, 18:00

  • “Сассуоло” — “Милан” — 11 октябрь, 21:00

  • “Кальяри” — “Ювентус” — 11 октябрь, 23:45

  • “Аталанта” — “Венеция” — 12 октябрь, 21:30

  • “Торино” — “Удинезе” — 12 октябрь, 23:45

Бундеслига. “Боруссия” очко йўқотди, “Бавария”да эса имконият бор

Германия чемпионатининг 5-тури жума куни “Боруссия Дортмунд” ва “Вердер” ўртасидаги учрашув билан бошланди. Томонлар 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Шу тариқа дортмундликлар очколари сонини 14 тага етказди ва ҳозирча пешқадамликни сақлаб турибди.

Бироқ бу натижа “Бавария” учун яхши имконият яратди. Мюнхенликлар тўрт ўйинда ўн очко тўплаган ва ҳали мағлубиятга учрамаган. Улар навбатдаги турда “Аугсбург” меҳмони бўлади. Ғалаба қозонишса, “Боруссия” билан фарқни бир очкогача қисқартиришади.

gettyimages-2299386232-2048x2048.jpg

“Бавария” ҳужумда жуда яхши натижа кўрсатмоқда. Тўрт ўйинда 14 та гол урган мюнхенликлар бу кўрсаткич бўйича чемпионатда етакчи. Бироқ “Аугсбург” ҳам мавсумни ёмон бошламади. Жамоа тўрт турда етти очко тўплаган, рақиблар дарвозасига 11 та гол урган. Шу сабабли меҳмонларни осон учрашув кутмаяпти.

“Байер” “Майнц” меҳмони бўлади. Икки жамоа ҳам етти очкодан тўплаган. Леверкузенликлар тўрт учрашувда ўнта гол урган бўлса, “Майнц” ҳисобида ҳам шунча гол бор. Икки клубнинг ҳужумдаги натижалари бу баҳсга қизиқишни оширади.

5-тур тақвими:

  • “Боруссия Дортмунд” 2:2 “Вердер” — 9 октябрь

  • “Аугсбург” — “Бавария” — 10 октябрь, 18:30

  • “Хоффенхайм” — “Гамбург” — 10 октябрь, 18:30

  • “Майнц” — “Байер” — 10 октябрь, 18:30

  • “Падерборн” — “Штутгарт” — 10 октябрь, 18:30

  • “Унион Берлин” — “Эльверсберг” — 10 октябрь, 18:30

  • “Лейпциг” — “Айнтрахт” — 10 октябрь, 21:30

  • “Кёльн” — “Боруссия Мёнхенгладбах” — 11 октябрь, 18:30

  • “Фрайбург” — “Шальке” — 11 октябрь, 20:30

Лига 1. ПСЖ олтинчи ўринда, “Монако” эса пешқадам

Франция чемпионатида мавсум кутилмаган натижалар билан бошланди. Беш турдан кейин “Монако” 13 очко билан биринчи ўринда турибди. ПСЖ эса атиги саккиз очко тўплаб, олтинчи поғонада жойлашган.

Парижликлар беш учрашувда бор-йўғи икки марта ғалаба қозонган. Бир мағлубият ва икки дуранг жамоанинг юқори ўринлардан ортда қолишига сабаб бўлди. ПСЖ беш ўйинда саккизта гол уриб, еттитасини ўтказиб юборган. Айниқса, ҳимоядаги натижалар жамоанинг одатдаги устунлигини намойиш этишига тўсқинлик қилмоқда.

Навбатдаги рақиб — “Ле Ман”. Меҳмонлар олти очко билан 10-ўринда турибди. ПСЖ учун бу учрашувдаги ғалаба жуда муҳим. Айниқса, пешқадам “Монако” ҳам ўз ўйинида ғалаба қозонса, парижликларнинг очко йўқотишга имконияти янада камаяди.

“Монако” эса “Тулуза”ни қабул қилади. Князлик клуби беш турда тўрт марта ғалаба қозонган ва ҳали мағлубиятга учрамаган. “Тулуза” эса беш очко билан 14-ўринда. Мезбонлар ҳозирги натижаларини давом эттирса, пешқадамликни сақлаб қолади.

“Марсель”нинг аҳволи эса анча оғир. Франциянинг номдор клубларидан бири беш турда тўрт марта мағлуб бўлиб, уч очко билан 17-ўринга тушиб қолган. Энди марселликлар “Труа” меҳмони бўлади. Мезбонлар ҳам тўрт очко билан хавфли ҳудудда турибди. Бу баҳсдаги ғалаба икки жамоадан бирига қуйи ўринлардан чиқиш учун ёрдам бериши мумкин.

Жума куни “Ланс” ўз майдонида “Лион”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Мезбонлар шу тариқа очколари сонини ўнтага етказди. “Лион” эса 11 очкода қолди.

6-тур тақвими:

  • “Ланс” 2:1 “Лион” — 9 октябрь

  • “Лилль” — “Гавр” — 10 октябрь, 20:15

  • “Брест” — “Анже” — 10 октябрь, 23:45

  • “Лорьян” — “Париж” — 10 октябрь, 23:45

  • “Монако” — “Тулуза” — 10 октябрь, 23:45

  • ПСЖ — “Ле Ман” — 10 октябрь, 23:45

  • “Ницца” — “Страсбур” — 11 октябрь, 18:00

  • “Ренн” — “Осер” — 11 октябрь, 20:15

  • “Труа” — “Марсель” — 11 октябрь, 23:45

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›