

Кореяликлар бош мураббийи учрашув олдидан матбуот анжуманида қатнашди.
- 2 кун давомида юқори шиддатли машғулотлар ва назарий йиғилишлар ўтказиб, эртанги учрашувга тайёргарлик кўрдик. Ўзбекистон сўнгги 2 та ўйинда ҳам ғалаба қозониб, ажойиб кайфият ва спорт формасида турибди. Аввалги баҳсда кўзга ташланган хатоларни тўғрилаш ва кучайтирилиши лозим бўлган жиҳатлар устида ишлашга бор диққатимизни қаратдик. Мухлисларга қувонч ва завқ улашиш учун ижобий натижа қайд этиш ниятидамиз", – деди Морено.
- Аввалги ўйиндаги энг катта муаммо нима бўлди?
- Футболчиларнинг тактик тузилма бўйича ҳам ҳужумда, ҳам ҳимояда биргаликда ҳаракат қилгани ижобий ҳолат бўлди. Фақатгина яккама-якка тўқнашувлар ҳамда индивидуал пас беришда етарлича самарадорлик кўрсата олинмаган жиҳатлар кузатилди. Биз айнан шу жиҳатлар бўйича хулоса чиқардик ва таҳлил қилдик. Бошқа муаммолар ҳам бор эди, аммо эртанги ўйин олдидан уларни ошкор қилмайман.
Ушбу йиғин орқали футболчилар ва мураббийлар штаби ўзаро ишонч ҳосил қилиб, бир-бирини яқиндан таниш жараёнини ўтамоқда. Эртага ўзаро уйғунлик ҳосил қилиб, биринчи бўлимданоқ яхши ўйин кўрсата олишимизга умид қиламан.
- Сентябрь ва октябрь ойларидаги ФИФА кунлари узоқ давом этган бўлса-да, берилган дам олиш кунларини ҳисобга олсак, амалда машғулот вақти қисқа бўлди. Вақт ва шароитга қандай баҳо берасиз?
- Вақт бўйича чекловлар бўлгани ва шароитлар идеал эмаслиги айни ҳақиқат. Аммо умуман баҳона қидириш ниятим йўқ. Айни пайтда энг юқори даражада ўйин кўрсатишимиз, мавжуд шароитга мослашиб, ҳар биримиз ўз вазифамизни бажаришимиз шарт. Шу билан бирга, натижа ҳам келтиришимиз керак.
Янги мураббийлар штаби янги футболчилар билан ишламоқда ва биз бир-биримизни ўрганиш босқичидамиз. Бундан ҳам идеалроқ тарзда тайёргарлик кўриш мумкин эди, албатта, лекин баҳонага ҳожат йўқ деб ҳисоблайман. Бошқа миллий терма жамоалар ҳам худди шундай шароитларда баҳс олиб бормоқда. Энг муҳими — мухлисларга қувонч улашиш учун ижобий натижа кўрсатиш.
- Футболчилар нафақат тактика, балки ўзаро мулоқот ва жипслик бўйича ҳам эътирозларини билдиришди. Терма жамоадаги жамоавий муҳит жойида деб ҳисоблайсизми?
- Бу касбда мен учун энг муҳим қоидалардан бири — жамоа ичидаги муаммолар фақат жамоа ичида ҳал қилиниши керак. Илк учрашувдаги йиғилишда ҳам буни футболчиларга етказганман. Баҳс тугаши билан футболчиларда ҳис-туйғулар жўш уриб турган бўлади, шу сабабли ҳар қандай гап чиқиб кетиши мумкин. Агар мураббий сифатида бирор муаммо туғилса, футболчилар билан юзма-юз ўтириб, масалани ички муҳитда ҳал қиламан.
- Айни пайтда жамоанинг шаклланганлик даражаси неча фоизни ташкил этади?
- Фоизлар билан айтиш қийин. Футбол бу 0 фоиздан бошланиб 100 фоизгача фақат юқорилаб борадиган жараён эмас, балки "Америка тепаликлари" ёки акция бозори каби кўтарилиб-тушиб турадиган ҳолатдир. Биз интилишимиз керак бўлган йўналиш — барқарор ўсиш. Албатта, бу осон эмас. Футболчилар ўз клубларида турли хил тактикаларни ўзлаштириб келишмоқда. Уларни миллий жамоага олиб келганимизда, ғояларимизни қанчалик амалга ошира олишлари муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бизнинг ғояларимизни табиий равишда майдонда кўрсата оладиган футболчиларни жалб қилиш асосий вазифамиз ҳисобланади. Бу осон иш эмас, аммо доимо шунга интилишимиз керак.
- Ўзбекистон терма жамоасини қандай таҳлил қилдингиз? Жаҳон чемпионатидаги ўйинларини ҳам кўрдингизми?
- Ўзбекистоннинг барча ўйинларини кўриб чиқдим, жумладан, Жаҳон чемпионатидаги баҳсларини ҳам тўлиқ томоша қилдим. Фабио Каннаварони жуда яхши мураббий деб ҳисоблайман. У 4-4-2 ёки 4-2-3-1 тактикасидан фойдаланади, улар ҳужумкор ва жуда яхши прессинг қила олишади. Қарши ҳужумларга ихтисослашган ажойиб жамоа. Баъзида 4-3-3 схемасини ҳам қўллашади.
Бошқа рақиблар каби уларни ҳам ҳурмат қилган ҳолда майдонга тушишимиз керак. Агар ўзимизни рақибдан сал бўлса-да устун деб ҳисоблай бошласак, ўша лаҳзанинг ўзидаёқ ютқазишни бошлашимиз мумкин. Шу кунгача бўлгани каби, барча рақибларга ҳурмат билан қараш ва уларга тенгма-тенг кураш олиб бориш кайфиятида майдонга чиқиш жуда муҳим.
Эслатиб ўтамиз, Корея – Ўзбекистон беллашуви эртага, 6 октябрь куни 16:00 да старт олади.



