Симоне Инзаги: "Нефтчи" "Ал-Иттиҳод" ва "Ал-Насср"га қарши ўйинларда яхшироқ натижага лойиқ эди"

Оқил Абдубарноев
22 ноя 2026, 18:21
ОЧЛ Элит лигаси 5-туридан ўрин олган "Нефтчи" — "Ал-Ҳилол" ўйинидан олдинги матбуот анжмунида меҳмонлар бош мураббийи Симоне Инзаги ва ярим ҳимоячи Муҳаммад Канно иштирок этди.

Симоне Инзаги: Эртанги баҳснинг нечоғлик муҳим эканини жуда яхши англаб турибмиз. Рақиб жамоа ўйинини атрофлича ўрганиб чиқдик – "Нефтчи" анча шаклланган ва кучли жамоа. Улар "Ал-Иттиҳод" ҳамда "Ал-Насср"га қарши иккита юқори савияли учрашув ўтказдилар; гарчи мағлубиятга учраган бўлсалар-да, мазкур баҳсларда бундан яхшироқ натижага лойиқ эдилар. Шу боис эртанги ўйинга ниҳоятда пухта ҳозирлик кўрдик.

Муҳаммад Канно: Учрашувга имкон қадар мукаммал даражада тайёргарлик кўрдик. Эртанги рақибимиз осон жамоа эмас – уларнинг аввалги ўйинларини кузатиб, анча мураккаб ва кучли рақиб эканига амин бўлдик. Шу сабабли рақибга муносиб ҳурмат билан ёндашиб, ушбу баҳсда зиммамиздаги масъулиятни тўлиқ ҳис этган ҳолда ҳаракат қилишимиз лозим. "Ал-Ҳилол" клуби номи ва мақомига яраша ўйин намойиш этамиз.

1000172982.jpeg

Ўтган йили Сиз бошчилигингиздаги "Ал-Ҳилол" Қарши шаҳрига ташриф буюрган, ўшанда "Насаф" муносиб қаршилик кўрсатиб, икки бор ҳисобни тенглаштирган эди. Учрашувдан сўнг "Насаф"нинг ўйин услубини юқори баҳолаган эдингиз. Жамоангизнинг бугунги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, эртанги ўйинда оптимал таркибни майдонга туширасизми ёки ички чемпионат баҳсларига эътибор қаратиш мақсадида ротацияни қўллайсизми?

Симоне Инзаги: Ўзбекистон футболида доимо кучли ва рақобатбардош жамоалар шаклланиб келишини яхши биламиз. Ўтган йили бу ерда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган мураккаб учрашувимиз бунинг яққол исботидир. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам дўстим Фабио Каннаваро бошчилигида изчил ўсишга эришмоқда. Жорий мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этаётган икки клуб – "Нефтчи" ҳам, "Пахтакор" ҳам муносиб ўйин намойиш этмоқда. Шу нуқтаи назардан, эртага бизни анча мураккаб баҳс кутиб турибди ва унга тўғри руҳий тайёргарлик ҳамда жиддий муносабат билан ёндашишимиз талаб этилади. Энг муҳим омил айнан шудир.

Саволнинг иккинчи қисми юзасидан: аввалги учрашувга нисбатан эртанги баҳсда асосий таркибда ўзгаришлар бўлиши кутилмоқдами?

Симоне Инзаги: Бу борада бугунги машғулот натижаларини ҳам инобатга олишим зарур. Миллий терма жамоалар ихтиёридан айрим муаммолар билан қайтган футболчиларимиз бор – хусусан, Риёдда қолган Маҳзарий ва Мандашни назарда тутяпман. Бугунги машғулотдан сўнг вазиятни синчковлик билан таҳлил қиламиз, эртага эса мураббийлар штаби билан маслаҳатлашган ҳолда учрашувни илк дақиқалардан бошлайдиган таркибни белгилаймиз.

1000172967.jpeg

Жамоа 20 кундан ортиқ вақт давомида расмий ва назорат учрашувларисиз танаффусда бўлди. Ўйин амалиётидаги ушбу танаффус эртанги баҳс олдидан жамоага ижобий таъсир кўрсатадими ёки салбий?

Сафимиздаги кўплаб футболчилар – ҳам маҳаллий, ҳам хорижлик ўйинчилар миллий терма жамоалар йиғинига жалб этилиб, мунтазам ўйин амалиётига эга бўлдилар. Бахтимизга, терма жамоалар сафида иккитадан юқори шиддатли учрашув ўтказган футболчиларимиз кўпчиликни ташкил этади. Айнан шу жиҳатни инобатга олган ҳолда, эртанги баҳсни кимлар асосий таркибда бошлашини ва кимлар, одатдагидек, захирадан ўйинга қўшилишини пухта баҳолаб чиқишим лозим.

Саволим футболчи Муҳаммад Каннога. Яқинда Доҳа шаҳрида Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши майдонга тушдингиз. "Нефтчи" ўйинини таҳлил қилиш жараёнида Ўзбекистон терма жамоаси билан ушбу клуб ўртасида қандай ўхшашликларни кузатдингиз?

Муҳаммад Канно: Аввал таъкидлаганимдек, терма жамоа сифатида ҳам, клуб даражасида ҳам рақиб осон эмас – "Нефтчи" муносиб ва сифатли жамоалар сирасига киради. Бироқ клуб тактикаси миллий терма жамоа тактикасидан тубдан фарқ қилади. Ўша учрашувдаги четлатиш бизга сезиларли босим юклаб, ўйин жараёнини мураккаблаштирди. Шунга қарамай, иншоаллоҳ, эртага бош мураббий белгилаб берган тактик кўрсатмалар асосида учрашувга тўлиқ тайёр бўламиз ва ўзимизга муносиб савиядаги ўйинни намойиш этамиз.

1000172975.jpeg

Фаолиятингизнинг асосий қисмини Европада ўтказгансиз. Европа Чемпионлар лигасида етакчи ва нисбатан кучсизроқ жамоалар ўртасидаги тафовут яққол сезилиб туради. Бироқ Осиёдаги фаолиятингиз давомида – ўтган йили Қаршида, бу йил эса Фарғонада, шунингдек, аввалги мавсумларда ҳам "Ал-Ҳилол" ва бошқа Саудия клублари таркиб салоҳияти жиҳатидан сезиларли устунликка эга бўлишига қарамай, Ўзбекистон клубларига қарши сафар учрашувларида доимо жиддий қийинчиликларга дуч келган. Саудия Арабистонида ўтказилган баҳсларда йирик ҳисобда ғалаба қозониш мумкин бўлса-да, Тошкент ёки Фарғонадаги сафар ўйинларида кўп бор очко йўқотилган. Осиёдаги икки йиллик тажрибангиздан келиб чиқиб, бунинг асосий сабаби нимада деб ҳисоблайсиз – бу сафар машаққати билан боғлиқми?

Симоне Инзаги: Шубҳасиз, Европада ҳам, Осиёда ҳам ўз майдонингда тўп суриш ҳар қандай жамоа учун анча қулай. Шу билан бирга, Осиё футболининг умумий савияси ҳам юқори эканини алоҳида қайд этиш жоиз. Шахсан мен Саудия Арабистони чемпионати ҳамда Осиё Чемпионлар лигаси ниҳоятда юқори даражада эканига гувоҳ бўлдим. Бу ерда ҳам, худди Европадаги каби, ғалаба қозониш ҳеч қачон осон кечмайди, зеро рақобатбардош жамоалар жуда кўп. Аввал таъкидлаганимдек, сафар учрашувлари ўз майдонидаги баҳсларга нисбатан доимо мураккаброқ ўтади.

Саудия клублари учун айнан сафар ўйинлари бу қадар қийин кечишининг асосий сабаби нимада?

Бунинг омиллари бир нечта бўлиши мумкин. Асосий сабаблардан бири шундаки – агар Саудия клублари, хусусан, ўзимнинг "Ал-Ҳилол" жамоам мисолида гапирадиган бўлсам – бизнинг ниҳоятда кўп сонли ва содиқ мухлисларимиз бор. "Ал-Ҳилол"нинг ажойиб ишқибозлари ўз майдонимиздаги учрашувларда жамоага беқиёс руҳий мадад ва кучли қўллаб-қувватлаш берадилар.

1000172985.jpeg

Саволим миллий терма жамоа билан боғлиқ. Маълумки, "Ал-Ҳилол"нинг саккиз нафар футболчиси ФИФА кунлари доирасидаги терма жамоа йиғинига жалб этилди; улар клуб сафида жаҳон даражасидаги юлдузлар ва легионерлар билан ёнма-ён тўп сурадилар. Шунга қарамай, миллий чемпионати юлдуз футболчилар сони билан мақтана олмайдиган Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистони терма жамоаси устидан ғалаба қозонди. Гарчи биргина учрашув орқали якуний хулоса чиқариш мушкул бўлса-да, умуман олганда, машҳур легионерлар билан бирга ўйнаш маҳаллий футболчилар ҳамда миллий терма жамоа тараққиётига қанчалик самарали таъсир кўрсатмоқда?

Симоне Инзаги: Менга тегишли қарорларнинг барчаси ҳар бир учрашувга алоҳида ёндашган ҳолда қабул қилинади. Эртага Ўзбекистонда учрашувимиз бор ва айни дамда биз учун энг муҳим баҳс айнан шудир. Шу боис вазиятни синчковлик билан баҳолайман, миллий терма жамоалар сафидан қайтган футболчиларнинг жисмоний ҳолати ва чарчоқ даражасини кўздан кечираман, сўнгра энг мақбул таркиб юзасидан қарор қабул қиламан. Барча танловлар ўйиндан ўйинга қараб амалга оширилади.

Ўхшаш янгиликлар

Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›