

Дастлабки баҳсда Россияни қабул қилган "оқ бўрилар" 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Эндиликда ҳамюртларимиз Саудия Арабистони терма жамоаси синовидан ўтишига тўғри келади. Мазкур қарама-қаршилик олдидан Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси Акмал Шораҳмедов фикрларини билдирди.

"Россия билан ўйинни тўлиқ стадиондан кўрдим. Мен футболга бошқача қарайман, журналистлар бошқача боқади. Очиғи, ҳеч қандай тактик янгиликлар кўрганим йўқ. Легионер футболчиларимиз яхши ҳолатда, лекин таркибимизда уларга рақобат туғдирадиган футболчилар кам. Ҳеч ким рақобат туғдира олмаяпти, айниқса ўрта чизиғимизда бу яққол кўзга ташланмоқда. Кимдир жароҳат олса ўрнини тўлдира олмайди. Россиянинг ўрта чизиғи айниқса Батраков яхши таассурот қолдирди.
Битта таркибда ёмон эмасмиз, аммо рақиблар 4-5 нафар футболчисини алмаштирмоқда. Бу томонлама қийин бўлади, шунинг учун 20 талик таркибни бирга кучайтириш керак.
Кучли жамоалар билан ўйинлар кўпинча охирги дақиқаларда ҳал бўлади. Биринчи бўлимда жамоалар бир-бирини ўрганади, эхтиёткорлик билан ўйнайди. Иккинчи бўлимда ўйин очилганда захиралар катта саҳнага чиқади", – дейди Акмал Шораҳмедов.



