BREAKING! Конго ДР йиғинларни бекор қилди — терма ЖЧда фақат бир шарт билан қатнашиши мумкин

28 май 2026, 22:30
Конго ДР терма жамоасида мундиал олдидан муаммолар юзага келмоқда.

Мамлакатда Эбола вируси тарқалгани сабабли АҚШ ҳукумати делегациянинг барча вакилларини 21 кунлик изоляцияда бўлишини расман талаб қилиб қўйган. Фақатгина ушбу ҳолатдан кейингина терманинг ЖЧда иштирок этиши кафолатланади.

Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Ўтган ҳафта Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ДР Конго ҳудудида "Бундибуджио" туридаги Эбола вируси тарқалиши хавфи "жуда юқори" экани ҳақида огоҳлантирди. Мавжуд маълумотларга кўра, мамлакатда 1000 дан ортиқ гумонли касалланиш ҳолати ва 246 та эҳтимолий ўлим қайд этилган.

Конго ДР ҳукумати маълум қилишича, мамлакат футбол федерацияси (FECOFA) шу ҳафта ФИФА билан музокаралар ўтказган, шундан сўнг делегация тўлиқ тиббий ва санитария протоколларига мослаштирилган. Жумладан, Киншасадаги йиғинни бекор қилиш ва жамоа тайёргарлигини мамлакат ташқарисига кўчириш ҳақида қарор қабул қилинган.

Терма жамоа футболчиларининг катта қисми Европа клубларида тўп сураётгани вирус билан тўғридан-тўғри алоқа хавфини камайтирмоқда. Шу билан бирга, ой бошида Киншасани тарк этган жамоа ходимлари АҚШга жўнаб кетишдан олдин Америка санитария талабларига мувофиқ камида 21 кун Европада бўлишади.

Бундан ташқари, ҳукумат чемпионат ўйинлари учун чипта сотиб олган мухлислар вазиятидан хавотир билдирган. Улар АҚШ визасини олишда маъмурий чекловлар сабаб қийинчиликларга дуч келмоқда. Расмийларга кўра, маблағни қайтариш масаласи бўйича ФИФА билан музокаралар олиб борилмоқда.

52 йилдан сўнг илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этадиган ДР Конго терма жамоаси Хьюстон шаҳрида жойлашади. Гуруҳ босқичида жамоа 17 июнь куни Португалия, 23 июнь куни Колумбия ва 27 июнь куни Ўзбекистон терма жамоасига қарши майдонга тушади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Reuters