

"Биз шу 2 ҳафта ичида миллий терма жамоанинг жуда кўп футболчиларини синовдан ўтказдик. Ҳар бири нималарга қодир эканини кўрсатди. Ҳар бири ўз ўрнига лойиқлигини исботлади. Одамлар биз ҳақимизда нималар деганини эсланг — нима қўлимиздан келиши, нима қўлимиздан келмаслиги ҳақида. Биз одамлар айтганидан ҳам баъзи нарсаларни яхшироқ бажара олишимизни кўрсатиб қўйдик. Эшиклар барча учун очиқ. Кенг очиқ.
Мен натижадан жуда мамнунман, чунки биз қайси нуқтадан бошлаганимизни яхши биламан. Мен жамоадан жуда, жуда, жуда ҳайратдаман. Аслини олганда, ҳафсалам пир бўлган эмас, аксинча, ижобий маънода ҳайратда қолдим. Биз шундай биринчи бўлим ўтказа олишимизга аввал ишонмаган бўлардим. Йигитлар ақл бовар қилмас ўйин намойиш этишди — яратилган вазиятларни голга айлантира олмаганимиз ва рақиб жарима майдони олдида қулайроқ турган шеригимизни пайқамай қолганимизни ҳисобга олмаганда, барча жиҳатдан олий даража бўлди.
Тахминан 60-дақиқага келиб бироз барқарорликни йўқотдик, шу сабабли ҳаракатларимизда аниқлик камайди. Аммо биз атиги 3 кун аввал ўйнаган эдик — кучли Греция терма жамоасига қарши барча 90 дақиқа давомида бундай темпни ушлаб туриш жуда оғир. Контрпрессингимиз вақтнинг 90 фоизида ажойиб тарзда ишлади. Муаммо шундаки, у иш бермай қолган 10 фоизлик вазиятларда бироз хавфли ҳолатлар юзага келиши мумкин", – деди германиялик мураббий.
Германия терма жамоаси (4 та ўйиндан сўнг 5 очко) Миллатлар Лигаси "А" дивизиони 2-гуруҳи жадвалида 3-ўринда бормоқда. 13 ноябрь куни улар сафарда Сербия терма жамоаси билан куч синашади.



