
Унда ташкилот раҳбари Маъмур Саидқосимов ўзбек футболида ҳакамлик соҳасига замонавий технологияларни киритиш режалари ҳақида маълумот берди.
Тадбир давомида Жаҳон чемпионатида муваффақиятли қўлланилган инновациялар – ичига чип ўрнатилган ақлли тўплар ҳамда ҳакамлар учун мўлжалланган боди-камераларнинг Ўзбекистонда қачондан бошлаб жорий этилиши ҳақида савол ўртага ташланди.
Маъмур Саидқосимов бу жараённинг ўзига хос техник талаблари борлигини тушунтириб ўтди:
"Суперлига ва Пролига жамоаларини марказлашган ҳолда тўплар билан ЎзПФЛ таъминлайди. Агар чемпионатимиз учун чипли тўплар олинадиган бўлса, бунинг учун ҳакамларда ўша тўпдан келадиган сигнални қабул қила оладиган махсус қўл соати ҳам бўлиши керак".
Маълумот ўрнида, бундай сенсор (IMU) ўрнатилган тўплар ва ақлли соатлар тизими ярим автоматлаштирилган офсайд технологияси (SAOT) ҳамда голни аниқлаш тизимида (Goal-line technology) ҳакамларга жуда катта ёрдам беради ва инсон омили туфайли юзага келадиган хатоларни минималлаштиради.
ЎзФҲМ раҳбарининг таъкидлашича, бу борадаги дастлабки амалий қадамлар аллақачон бошланган. Хусусан, мундиалдаги муваффақиятли иштирокини якунлаб, юртга қайтаётган тажрибали ўзбекистонлик ФИФА рефериси Илгиз Танташев ўзи билан баъзи замонавий қурилмаларни олиб келиши кутилмоқда. Марказ ушбу жиҳозларни ўрганиб чиқиб, маҳаллий мусобақалар амалиётида синаб кўришни мақсад қилган.
"Жаҳон чемпионатида қўлланилган технологиялардан бизнинг ҳакамларда ҳам фойдаланишни мақсад қилганмиз. Бироқ буни босқичма-босқич амалга оширамиз. Тўлиқ жорий этилиш муддатини ҳозир аниқ айта олмайман. Бу ишларни 2027 йилги мавсумда қўллашга ҳаракат қиламиз", – дея таъкидлади Саидқосимов.