

Бунга футболчининг гуруҳ босқичида иккита сариқ карточка олгани сабаб бўлди.
Алиев 23 ноябрь куни Ямайкага қарши учрашувда (6:2) 72-дақиқада огоҳлантирилган эди. 26 ноябрь куни Италияга қарши баҳсда (1:3) эса 37-дақиқада яна сариқ карточка олди.
ФИФА интизом қоидаларига кўра, бир мусобақанинг иккита алоҳида учрашувида сариқ карточка олган футболчи кейинги баҳсни автоматик равишда ўтказиб юборади.
Мазкур йўқотиш Ўзбекистон терма жамоаси учун сезиларли бўлиши мумкин. Чунки Алиев гуруҳ босқичида жамоанинг асосий ҳужумчиларидан бири бўлди. Хусусан, Ямайкага қарши учрашувда учта голли узатмани амалга оширди. Уларнинг иккитасидан Суҳроб Содиржонов, яна биридан Амирхон Эркинов унумли фойдаланди.
Эслатиб ўтамиз, Сергей Чигодаев бошчилигидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси гуруҳ босқичини 3 очко билан учинчи ўринда якунлаб, энг яхши учинчи ўрин соҳиблари қаторида плей-оффга йўл олди.
Ўзбекистоннинг 1/16 финалдаги рақиби Испания терма жамоаси бўлади.



