“Динамо” ва “Локомотив” қизиқиш билдираётган озарбайжонлик футболчи таклифлар олганини тасдиқлади

28 ноя 2026, 00:35
Қирғизистоннинг “Ўзгон” клуби ярим ҳимоячиси Рамин Аҳмедов Ўзбекистон Суперлигаси жамоаларидан таклифлар олганини тасдиқлади.

Azerisport нашрининг хабар беришича, 25 ёшли озарбайжонлик футболчига Ўзбекистон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар клублари қизиқиш билдирмоқда.

“Ҳа, бир нечта клубдан таклифлар олдим. Улар орасида Ўзбекистон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар жамоалари ҳам бор. Аммо ҳозирча аниқ бир гап айта олмайман. Ҳаммаси қишки танаффус вақтида ойдинлашади. Ҳали якуний қарор қабул қилганим йўқ”, – деди Аҳмедов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон матбуотида Самарқанднинг “Динамо” ва Тошкентнинг “Локомотив” клублари футболчини ўз сафига қўшиб олишдан манфаатдор экани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Рамин Аҳмедов 2026 йилги мавсумни Қирғизистоннинг “Ўзгон” клубида ўтказди. Марказий ярим ҳимоячи мамлакат чемпионатида 14 та гол уриб, энг сермаҳсул футболчилардан бири бўлди. Унинг жамоаси мавсумни иккинчи ўринда якунлади.

Озарбайжонлик футболчи илгари ўз ватанида “Зира” ва “Шамахи” клублари шарафини ҳимоя қилган. У 2025 йилда Қирғизистоннинг “Олой” жамоасига ўтган, 2026 йил бошидан эса “Ўзгон” сафида тўп тепмоқда.

Ҳозирча Аҳмедовнинг “Динамо” ёки “Локомотив” билан музокара ўтказаётгани ва томонлар ўртасида келишувга эришилгани расман тасдиқланмаган.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: championat.asia