

Бу ҳақда ТSА нашри хабар бермоқда.
Ўз аризасида федерация аргентиналик футболчилар томонидан содир этилган ва жазосиз қолган иккита жиддий қўполликни алоҳида кўрсатиб ўтган. Биринчи вазият — учрашувнинг 31-дақиқасида Аргентина ҳужумчиси Лионель Мессининг Жазоир ҳимоячиси Айсса Мандининг болдир қисмига берган зарбасидир. Бутса шиплари билан очиқчасига зарба берилганига қарамай, Марциняк ҳатто сариқ карточка ҳам кўрсатмаган.
Иккинчи ҳакамлик хатоси сифатида 74-дақиқада аргентиналик ярим ҳимоячи Алексис Мак Алистернинг жазоирлик ярим ҳимоячи Ибраҳим Мазанинг юз қисмига тирсак билан берган зарбаси кўрсатилган. Ушбу вазиятда Жазоир вакили майдонга йиқилган бўлса-да, пенальти белгиланмаган.
Эслатиб ўтамиз, 17 июнь куни бўлиб ўтган учрашув 3:0 ҳисобида Аргентина фойдасига ҳал бўлган эди. Жамоа сардори Лионель Месси 17, 60 ва 76-дақиқаларда гол уриб, хет-трик қайд этган. Гуруҳ босқичи 1-тур натижаларига кўра, Аргентина ва Жазоир "J" гуруҳида мос равишда биринчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаб туришибди.



