Жанубий Корея бош мураббийи: "Биз ҳозир бино қуряпмиз, битта ёмон ўйин деб уни бузиб ташлаб бўлмайди"

Оқил Абдубарноев
3 окт 2026, 21:13
Жанубий Корея миллий терма жамоаси бош мураббийи Роберт Морено Венесуэлага қарши 0:0 ҳисобида якунланган ўртоқлик учрашувидан сўнг жамоанинг ҳозирги ҳолати ва футболчиларнинг фикрларига муносабат билдирди.

Улсан стадионида бўлиб ўтган мазкур баҳс Морено бошқарувидаги учинчи ўйин бўлди. Бунга қадар кореяликлар Эквадорни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, Уругвайга 1:4 ҳисобида имкониятни бой берган эди.

Матбуот анжуманида испаниялик мутахассис ўйиннинг қийин кечганини таъкидлаб, жамоага янгича ўйин услубини сингдириш осон кечмаётганини тан олди. "Мухлисларга ғалаба ҳадя этмоқчи эдик, аммо бунинг уддасидан чиқа олмадик. Уругвайга қарши ўйинга нисбатан ҳимоямиз анча кучайди, бироқ ҳужумда бундай деб бўлмайди", – деди мураббий. Унинг сўзларига кўра, Венесуэла биринчи бўлимда 6 нафар ҳужумкор ва 4 нафар ҳимоячидан иборат ғалати тактикадан фойдаланган ва бунга фақатгина танаффус пайтида мослашишга муваффақ бўлинган.

Мураббий Сон Хён Мин ва Ли Кан Ин каби етакчиларнинг ўйиндаги ҳаракатсизлиги ҳақидаги танқидларга қўшилмаслигини, Сон ўз вазифасини яхши бажарганини айтиб ўтди. Шунингдек, у ҳимоячи Ким Мин Жэнинг "ҳимоячиларга раҳмим келяпти" деган кескин фикрларига ҳам тўхталиб ўтди. "У жамоамизнинг рамзига айланган футболчилардан бири. Майдонда етакчилик қилади, курашади ва барчага руҳ бағишлайди. Шунинг учун ҳам у дурангдан қониқиш ҳосил қилмаяпти. Аммо ўйин тугаши билан футболчиларни дарҳол баҳолаш шошма-шошарлик бўларди", – дея таъкидлади Морено.

Роберт Морено жамоанинг янги тизимга мослашиши учун кўпроқ вақт кераклигини, ҳозиргача бор-йўғи 6 та машғулот ўтказилганини эслатиб ўтди. "Мухлисларнинг танқидларига қўшиламан, бироқ мен ҳозир бино қуряпман, уни қаватма-қават тиклаяпмиз. Битта ўйиннинг натижаси ёмон бўлди деб, бутун бинони бузиб ташламаслик керак. Қайта қуриш жуда қийин иш. Энг муҳими – назорат қилиш мумкин бўлган жиҳатлар устида ишлаб, фақат олдинга ҳаракат қилишдир", – дея хулоса қилди бош мураббий.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея навбатдаги ўртоқлик ўйинини Ўзбекистонга қарши ўтказади.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: OSEN

Сўнгги янгиликлар

Барча ›