

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Баҳс қийин кечди, ҳар икки жамоа мураккаб учрашувни ўтказди деб ўйлайман. Камида дурангга умид қилгандик, лекин охирги ўн дақиқаликда тўп ўтказиб юбордик. Бу вазиятда ҳушёрликни йўқотиб қўйдик деб ўйлайман. Барибир футболчиларимизга катта раҳмат айтмоқчиман. Ўйинга ўзини бағишлаш борасида муаммо кўринмади. Афсуски, вазифани ажара олмадик. Шу ўринда Навоийдан келган ишқибозларимизга ҳам раҳмат деб қоламан. Бу ўйин тарихда қолади ва биз кейинги баҳсга ҳозирлик кўрамиз. Ижобий натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
- Бугун Ислом Кенжабоев кўринмади.
- У "Навбаҳор" билан баҳснинг бошида жароҳат олганди, ҳозир даволаниш билан банд. Ўйлайманки, кейинги учрашувга тайёр бўлади.
- Охирги интервьюларингизда жамоа Суперлигада қолиш учун курашяпти мазмунида гапирдингиз. Нега бундай дедингиз? Юқорига кўтарилиш учун ҳали имконият бор-ку.
- Турнир жадвалини кўряпсиз, ҳар бир жамоа кураш олиб боряпти. Жамоалар жуда тиғиз жойлашган, шу боис ҳар бир ўйин оғир ўтяпти. Ҳозир 5-4-ўринлар ҳақида гапириш реал эмас. Агар жамоа шу ўринлар учун курашганида мени чақиришмаган бўларди. Ҳеч ким ўтиш ўйинларида қолишни истамаяпти.
- Жамоангизнинг молиявий томони бошқа жамоаларга нисбатан яхши бўлса керак? Шуни ҳисобга олиб юқори ўринларга ҳаракат қилса бўлмайдими?
- Мен ҳамма гапларни тушуниб турибман. Гап молиявий ҳолатда эмас, шундай сабаблар борки мен уларни очиқ айта олмайман. Бу саволни олдин ҳам беришди. Айтиб ўтганимдек, ички сирларни айта олмайман.
- Охирги дақиқаларда "Насаф" кўпроқ ҳужум ташкил қилиши ва босим ўтказиши аниқ эди. Шуни ҳисобга олиб футболчиларга қўшимча кўрсатмалар бердингизми?
- "Насаф" ўз майдонида ҳаракат қилиб, ўйин назоратини қўлга олди. Менимча, баҳс охирларига келиб орқада ўтириб қолдик, захирадан тушганлар ҳам биз кутган ўйинни намойиш қила олмади. Жамоамизда гол уриш учун имкон бўлди, лекин фойдалана олмадик. Афсуски, рақибнинг гол уришига халақит бера олмадик.



