Жамшид Саидов: "Футболда шунақа: сен урмасанг, сенга уришади"

Administrator
10 сен 2026, 23:30
Суперлига 21-турдан ўрин олган "Динамо" – "Қизилқум" учрашувидан сўнг "Қизилқум" бош мураббийи Жамшид Саидов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Оддий бўлмаган, шу билан бирга қизиқарли баҳс гувоҳи бўлдик. Бир нечта вазият яратиб фойдалана олмадик, битта гол ўйин тақдирини ҳал қилди ва биз мағлубиятга учрадик. Футболда шунақа: сен урмасанг, сенга уришади. Киритган голимизни нима учун ҳисоблашмади, билмайман. Ўйин учун йигитлардан хафа эмасман. Мухлисларимизга ҳам раҳмат, бизни охиригача қўллаб туришди. Энди кейинги баҳсга ҳозирлик кўрамиз.

- "Насаф" ва "Бухоро"га қарши ғалабадан сўнг бу ўйинда нима етишмади?
- Ҳамма нарса яхши бўлди, фақат вазиятларни голга айлантира олмадик. Ҳар икки бўлимда футболчиларимиз жароҳат олишди, бу ҳам ўйинга таъсир кўрсатди. Йигитлар ғалаба учун қўлдан келганча ҳаракат қилишди.

- Афтидан "Қизилқум" аввалги баҳсларда кўп куч йўқотган. Бугун шунинг таъсири билингандек.
- Ўйинлар ораси қисқа, балки бу ҳам тикланишга халақит бераётгандир. Барибир ўз таъсирини кўрсатяпти.

- Бугунги ўйинда ҳакамлик борасида фикрингиз? Ҳисобга олинмаган гол бўйича нима дея оласиз?
- Мен ҳакамларни муҳокама қилишни ёқтирмайман. Уларда қўмита бор ва ўйин қандай бошқарилганини ўрганиб чиқишади. Биз видеотакрорни ўзимиз учун кўрамиз.

- Жамоангиз иккита ғалабани уйда қўлга киритди. Лекин сафар баҳсларида ўзини кўрсата олмаяпти.
- Албатта, бу ҳам таъсир қилади. Бекорга уйда деворлар ҳам ёрдам беради дейишмайди. Лекин бугун бу ерда ёмон ўйин кўрсатмадик, охиригача курашдик.

- Ҳисобга олинмаган гол қаттиқ таъсир қилдими?
- Таъсир қилди, лекин эътибор берган бўлсангиз, бўшашмадик. Ҳужум қилишдан тўхтамадик. Устунлик рақибга ўтгандир, аммо биз ҳам қараб турмадик. Мағлубият балки руҳият билан боғлиқдир.

Ўхшаш янгиликлар


AdministratorМуаллиф
Манба: championat.asia