

Таблодаги натижага қарамай, статистик кўрсаткичларда Ўзбекистон терма жамоасининг устунлиги қайд этилди. Хусусан, ўзбекистонлик футболчилар рақиб дарвозаси томон жами 12 марта зарба йўллади, кореяликларда эса бу кўрсаткич 10 тани ташкил қилди. Узатмалар борасида ҳам меҳмонлар фаоллик кўрсатиб, жами 503 та паснинг 410 тасини (82 фоиз) аниқ амалга оширди. Ўз навбатида, Жанубий Корея вакиллари 448 та узатмадан 354 тасини (79 фоиз) манзилга аниқ етказиб берди.
Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумкорликда фаолроқ бўлди: меҳмонлар кореяликларнинг жарима майдонида 17 марта тўпга тегинган бўлса, мезбонларда бу рақам 13 тага тенг бўлди. Бурчак тўпларини амалга оширишда ҳам устунлик Ўзбекистонда – 5 тага қарши 2 та кўринишида кузатилди. Дарвозага йўлланган аниқ зарбалар (6:4) ҳамда яратилган хавфли вазиятлар (2:1) бўйича эса Жанубий Корея устунлик қилди. Бундан ташқари, ҳар икки жамоа биттадан фойдаланилмаган хавфли вазиятни қайд этди. Учрашув давомида фақатгина Ўзбекистон вакиллари битта сариқ карточка ишлаб олди.




