

Кеча Ўзбекистон U-20 терма жамоаси мазкур турнир доирасида Саудия Арабистони билан тўқнаш келди. Ўйин муросасиз ва курашлар остида ўтди, асосий дақиқаларда 2:2 ҳисоби қайд этилгач томонлар пенальтилар сериясига юзланди. Унда омад ёшларимизга кулиб боқди. Ўйиндан сўнг Ўзбекистон U-20 терма жамоаси бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев фикрларини билдирди.
"Турнир ҳақида тўхталадиган бўлсам, бу хотира турнири ҳисобланади. Мираброр Усмоновни ўзбек футболи учун катта меҳнатлари сингган. Мазкур мусобақани доим юқори савияда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Бу сафарги рақиблар ҳам яхши танланган.
Саудия Арабистони билан учрашувга тўхталадиган бўлсам, ёмғир остида курашларга бой ўтди. Рақиб биринчи турда мағлубиятга учрагани сабабли бизга қарши икки ҳисса мотивация билан ўйнади. Жамоамиз икки бор ҳисобда ортда бораётганига қарамай вазиятдан чиқиб кета олди. Умумий ўйин эса бизнинг назоратимиз остида ўтди деб ўйлайман. Йигитлар ҳар бир голдан сўнг характер кўрсатишганини айтиш жоиз. Охирги дақиқаларда гол етишмади, хурсанд қиладиган томони пенальтилар сериясида футболчиларим руҳан хотиржам ва совуққон ҳаракат қилишди",- дейди Жамолиддин Раҳматуллаев.
- Арманистон билан осонроқ ғалаба қўлга киритилганди. Саудия Арабистонидан жиддий қаршилик кутганмидингиз?
- Биринчи ўйинда стартда қийналгандик. Рақиб бизни ўрганган ва шу боис зич ҳимоячни ушлашга ҳаракат қилди. Лекин ўз ўйинимизни кўрсатган эдик. Иккинчи турда рақиб савияси кучлироқ бўлди, Саудия Арабистони яхши қаршилик кўрсатди. Барибир камчиликларимиз бор, чунки йиғинда кўриб олишимиз керак бўлган йигитларни ҳам чақиргандик. Уларга ҳам имконият беряпмиз.
- 2008 йиллардан терма жамоага номзод ҳисобланган Абубакир Шукруллаев, Жамшид Рустамов каби футболчилар жароҳатда эди. Уларнинг ҳолати қандай?
- Улар билан доим суҳбатдамиз. Жуда иқтидорли йигитлар, катта йўл босиб ўтишган. Бу йигитлар биз учун муҳим. Абубакирни бу йиғинга чақиришга ҳаракат қилган эдик. Лекин жисмоний ҳолати тонусда бўлмагани учун бошқа футболчиларни синаб кўришга қарор қилдик. Жамшидни позициясида легионерларни кўриб чиқяпмиз.
- Сайфиддин Содиқов ва Садриддин Ҳасанов Португалиядан чақирилди...
- Ушбу футболчиларда янги жамоасига мослашиш жараёни кетмоқда. Биринчи ўйинда икки легионеримизнинг ҳам ўйини кутилганидек чиқмади. Уларга индивидуал ёндошган ҳолда хатоларини кўрсатдик. Саудия Арабистони билан эса икки футболчимиз ҳам ўзини яхши кўрсатди. Садриддин Ҳасановнинг ҳимояланишдаги сифатларини яхшилашимиз керак эди, бу сафар унинг ўйини менга ёқди.



