"Мундиал Allplay билан": қайси юлдузлар Жаҳон чемпионатини ўтказиб юборади?

Оқил Абдубарноев
9 июн 2026, 13:07
2026 йилги Жаҳон чемпионати яқинлашмоқда. Йиллар давомида олиб борилган тайёргарликлар, драматик саралаш босқичлари ва ФИФАнинг энг йирик турнири атрофидаги кўплаб яхши ва ёмон хабарлардан сўнг, дунёнинг турли бурчакларидан келган футболчилар ва мураббийлар ўзларининг сўнгги тайёргарликларини якунламоқда. Улар тарихдаги энг йирик халқаро футбол турнирида иштирок этиш учун АҚШ, Мексика ва Канадага етиб келишмоқда.

Бироқ 11 июнь куни Мехико шаҳрида бошланадиган турнир олдидан ҳаяжон кучайиб бораётган бир пайтда, бутун дунё бўйлаб мухлислар сўнгги бир неча ҳафта ичида машҳур футболчилардан бири жароҳат олганда ёки ўз мамлакати таркибидан четда қолганини кўриб, тез-тез нафасларини ичига ютишга мажбур бўлишди.

Шу тариқа, сайёрамизнинг энг машҳур юлдузларидан баъзилари ўз терма жамоалари саралашдан ўта олмагани сабабли ўз маҳоратини намойиш эта олмайдиган бир пайтда, йўлланмани қўлга киритган мамлакатлар таркибида ҳам жароҳат ёки мураббийларнинг ишончини оқлай олмагани сабабли турнирни ўтказиб юборадиган ўйинчиларнинг каттагина рўйхати шаклланиб улгурди...

Коул Палмер (Англия) Ҳозирги кунда Англиядан кўра кенгроқ таркибга эга жамоалар кам ва Томас Тухель ёздаги турнирда узоққа бориш имкониятига эга бўлган иккита тўлақонли таркибни бемалол йиғиши мумкин эди. Шунга қарамай, "Уч шерлар" устози Коул Палмерни якуний 26 кишилик рўйхатидан тушириб қолдиргани катта янгилик бўлди.

Тўғри, Палмер ўтган мавсум "Челси"да жисмоний ҳолат билан боғлиқ муаммоларга дуч келди, аммо унинг асосий таркибда ёки захирадан майдонга тушиб ўйин тақдирини ўзгартира олиш қобилиятига шубҳа йўқ. У, шунингдек, пенальтиларни совуққонлик билан амалга оширувчи тажрибали ўйинчи ҳисобланади, аммо Евро-2024 финалида Англиянинг голига муаллифлик қилган футболчи орадан икки йил ўтиб Шимолий Америкага учадиган самолётдан жой олмади.

Бу борада Палмер ёлғиз эмас. Сўнгги турнирларнинг доимий иштирокчилари бўлган Фил Фоден, Трент Александер-Арнольд, Гарри Магуайр ва Люк Шоу кабилар ҳам таркибга кира олишмади. Шу билан бирга, Премьер-лигадаги индивидуал ёрқин мавсумига қарамай, Морган Гиббс-Уайт, Жаррод Боуэн, Адам Уортон ёки Льюис Холл кабилардан ҳеч бири якуний рўйхатга киритилмагани ҳайратга сабаб бўлди.

Жоао Педро (Бразилия) Палмер кутилмаганда уйда қолдирилган ягона "Челси" юлдузи эмас. Карло Анчелотти "Стэмфорд Бриж"да 20 та гол урган мавсумига қарамай, Жоао Педрони Бразилия терма жамоаси таркибидан четда қолдиришга қарор қилди.

Педро март ойидаги ўртоқлик ўйинларининг иккинчисида – Хорватия устидан қозонилган 3:1 ҳисобидаги ғалабада асосий таркибда майдонга тушганидан сўнг, "Селесао"нинг орзу қилинган 9-рақамли либосига асосий даъвогардек кўринган эди. Бироқ унинг ўрнига "Брентфорд" ҳужумчиси Игор Тиагога ишонч билдирилди.

Ришарлисон, Савио ва Жоэлинтон кабиларнинг ҳам таркибдан четда қолиши Анчелоттининг мураббий сифатидаги илк йирик турнири олдидан қанчалик бой танловга эга эканлигини кўрсатади.

Родриго (Бразилия) "Реал Мадрид"нинг собиқ устози Карло Анчелотти ёзда ўзининг собиқ шогирдларидан бири Родриго хизматидан фойдалана олмайди, чунки ҳужумчи март ойининг бошида тизза олд хочсимон бойламидан жароҳат олди.

Жароҳатдан эндигина қутулиб қайтган Родриго "Реал Мадрид"нинг "Хетафе" устидан қозонилган ғалабаси вақтида ўнг тиззасидан шикастланди. Эртаси куни ўтказилган тиббий кўрикдан сўнг унинг хавотири тасдиқланди. Бу эса 25 ёшли футболчининг 2022 йилги турнирнинг чорак финалида Хорватияга қарши пенальтилар сериясида йўл қўйган хатосини ювиш имкониятидан маҳрум бўлганини англатади.

Бразилия терма жамоаси жароҳатлар қурбонига бошқалардан кўра кўпроқ айлангандек кўринади. Родригонинг "Реал Мадрид"даги жамоадоши Эдер Милитао ҳам апрель ойида сонидан операция қилингани сабабли мусобақани ўтказиб юборади. Милитао сўнгги йилларда жисмоний ҳолати билан боғлиқ муаммолардан азият чекмоқда (хусусан, 15 ой ичида иккала тиззасидаги хочсимон бойламларини узиб олди) ва энди октябрь ойигача сафдан чиқди.

Бразилиянинг йўқотишлари ичида энг умидсизлантирадигани эҳтимол 19 ёшли Эстевандир. У апрель ойида "Челси" сафида ўйнаётганда орқа сон мушагидан жароҳат олди ва вақтида тиклана олмади. 19 ёшли иқтидор эгаси сўнгги олтита халқаро ўйинида бешта гол урганини ҳисобга олсак, ёзда катта саҳнада ўз маҳоратини кўрсата олмаслиги чинакам ачинарли ҳолат.

Дин Хёйсен (Испания) Бразилия "Реал Мадрид"нинг икки вакилини таркибга кирита олмаган бўлса, Испания Жаҳон чемпионатлари тарихида биринчи марта "Лос Бланкос" таркибидан бирорта ҳам ўйинчини рўйхатга киритмасликдек тарихий қарорни қабул қилди. 

Бу борада энг кутилмаган қарор Дин Хёйсеннинг четда қолиши бўлди. У ёзда "Борнмут"дан келганидан сўнг "Бернабеу"да паст-баландликлардан иборат биринчи мавсумни бошдан кечирган бўлса-да, Луис де ла Фуэнтенинг ёзги қайдномасидан жой олиши, ҳатто Европа чемпионлари сафида асосий таркибда майдонга тушиши кутилган эди. Боиси, у "Ла Роха" сафида майдонга тушиш имкони бўлган сўнгги етти ҳолатнинг олтитасида асосий таркибда қайд этилганди.

Фаолиятининг бошқа қутбида турган фахрий ўнг қанот ҳимоячиси Дани Карвахаль ҳам уйда қолдирилгач, эҳтимол ўз мамлакати учун сўнгги ўйинини ўтказиб бўлгандир.

Испания ҳам жароҳатлардан азият чекди, бу борадаги энг эътиборга молик йўқотиш Фермин Лопес бўлди. Гол ва ассистлар тизимида жами 30 та самарали ҳаракатни амалга оширган мавсум якунида "Барселона" ярим ҳимоячиси оёғини синдириб олди ва операция қилинди, шу тариқа бўлажак турнирни ўтказиб юборади. Шу билан бирга, "Порту" ҳужумчиси Саму Агехова февраль ойида хочсимон бойламини узиб олган эди.

Эдуардо Камавинга (Франция) "Реал Мадрид"нинг яна бир вакили учун Франция бош мураббийи Дидье Дешамдан ёмон хабар келди: у ўзининг мураббий сифатидаги сўнгги турнирида Эдуардо Камавингани таркибдан четда қолдиришга қарор қилди.

Камавинга Испания пойтахтида мавсумнинг иккинчи ярмини қийин ўтказди ва аллақачон "Уч ранглилар" ярим ҳимоясидаги рақобатда ўз ўрнини йўқотаётганини ҳисобга олсак, унинг якуний 26 кишилик рўйхатга кира олмагани эҳтимол кутилмаган ҳолат эмас.

Уго Экитике (Франция) Дешам бу вақтга келиб Уго Экитикесиз ҳаракат қилишга мажбур эканлигини аллақачон биларди, чунки ҳужумчи апрель ойида жароҳат олган ва бу уни 2026 йилнинг қолган қисмида майдонга тушишдан маҳрум қилган эди.

Экитике халқаро майдондаги дебютини сентябрь ойида ўтказган бўлса-да, "Ливерпуль"даги ажойиб дебют мавсумидан сўнг Франциянинг ҳужум чизиғида ўз ўрнини мустаҳкамлаб олганди. У Арне Слот қўл остида 17 та гол урди, шунингдек, март ойида Франциянинг Бразилия устидан қозонилган ўртоқлик учрашувида ғалаба тўпини киритган эди.

Бироқ у ёзда турнирни узоқ манзилдан кузатишга мажбур.

Хави Симонс (Нидерландия) Евро-2024 ярим финалига чиққан Нидерландия ёзда чемпионлик учун курашишга қодир эканлигига ишонмоқда. Бироқ апрель ойи охирида Хави Симонс "Тоттенхэм" сафида "Вулверхэмптон"га қарши ўйинда хочсимон бойламини узиб олгани тасдиқлангач, уларнинг умидларига жиддий зарба берилди. 

Симонс "РБ Лейпциг"дан келганидан сўнг Премьер-лиганинг дебют мавсумида барқарорлик борасида қийналган бўлса-да, у ҳозирги Жаҳон чемпионати циклида Рональд Куманнинг энг ишончли футболчиларидан бирига айланганди. Унинг ҳужумда йўқ жойдан хавф ярата олиш қобилияти ўйин тақдирини ҳал қилувчи иқтидорларга муҳтож бўлиб турган "Апелсинранглар" таркибида билинади.

"Манчестер Юнайтед" ҳимоячиси Маттейс де Лигт ҳам шунга ўхшаш вазиятда. У ноябрь ойининг охиридан бери "Олд Траффорд"да майдонга туша олмаслигига сабаб бўлган жароҳати учун белидан операция қилинишга мажбур бўлди. Де Лигт ушбу жарроҳлик амалиётини мундиалдан кейинга қолдиришга умид қилган эди, аммо охир-оқибат таслим бўлишга мажбур бўлди.

Шунингдек, Куман "Ливерпуль"нинг тезкор қанот ҳимоячиси Жереми Фримпонгни ва "АЗ Алкмаар"нинг юқори баҳоланган ҳамда талабгир ярим ҳимоячиси Кес Смитни таркибга киритмасликка қарор қилди.

Серж Гнабри (Германия) Германия Жаҳон чемпионатига Шимолий Америкада қандай қилиб гол уриши борасидаги баъзи саволлар билан йўл олмоқда. Юлиан Нагельсманн Серж Гнабрининг "Немис машинаси" ҳужум чизиғи фаолиятини таъминлашда асосий рол ўйнашига умид қилган бўларди, чунки у таркиб эълон қилинишидан олдинги еттита ўйиннинг тўрттасида гол урган эди.

Бироқ "Бавария"даги кучли мавсумдан сўнг (бунда Гнабри Майкл Олисе, Гарри Кейн ва Луис Диас каби эркин ҳужум чизиғи ортида порлаб, гол ва ассистлар бўйича икки хонали кўрсаткичларни қайд этган эди), у апрель ойидаги машғулот вақтида мушагидан шикастланди. Бу эса худди 2018 йилдаги каби у терма жамоадан чақирув олмаслигини англатарди.

Каору Митома (Япония) Япония турнирнинг потенциал "қора тулпори" сифатида тилга олинмоқда, чунки "Кўк самурайлар" Осиё қитъаси номидан қатнашадиган энг кучли таркиблардан бирини йиға олишган. Бироқ улар Жаҳон чемпионатлари тарихида биринчи марта 1/8 финалдан ўтишни хоҳлашса, ўзларининг энг яхши ўйинчиси – Каору Митомасиз амалга оширишларига тўғри келади.

Март ойидаги ўртоқлик учрашувида Англияга қарши ғалаба тўпини киритган қанот вингери Премьер-лига мавсумининг сўнгги ҳафталарида "Брайтон" сафида сон орқа мушагидан жароҳат олди ва турнирда сезиларли рол ўйнаш учун ўз вақтида тиклана олмайди.

Такуми Минамино декабрь ойида хочсимон бойламини узиб олиб, сафдан чиққанлиги сабабли, Япониянинг ҳужум чизиғидаги имкониятлари жароҳатларсиз қандай бўлиши мумкин бўлган бўлса, шунчалик кучли кўринмаяпти.

Жонни Кардозо (АҚШ) Ҳеч бир футболчи Жаҳон чемпионатини ўтказиб юборишни истамаса-да, мезбон давлат шарафини ҳимоя қилишга шайланганлар учун бу янада оғриқлидир. Шу маънода АҚШ терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жонни Кардозога ачинмаслик қийин, чунки у май ойида тўпиғидан операция қилинишга мажбур бўлди ва бу ҳол "Атлетико Мадрид" футболчисининг Маурисио Почеттино таркибига кириш умидларини пучга чиқарди.

У апрель ойида "Дерби Каунти" сафида ахилл пайидан жиддий жароҳат олган ва мусобақани уйдан кузатишга мажбур бўлган ҳужумчи Патрик Агьеманг сафига қўшилди. Агьеманг АҚШнинг март ойидаги иккала ўртоқлик учрашувида ҳам майдонга тушиб, Португалия дарвозасига гол урган ва халқаро голлари сонини 14 та ўйинда олтитага етказган эди, аммо энди бу рақамни ошириш учун кутишига тўғри келади.

Луис Анхель Малагон (Мексика) Яна бир ҳаммезбон Мексика ҳам турнир олдидан жароҳат билан боғлиқ зарбага дуч келди: асосий дарвозабон Луис Анхель Малагон КОНКАКАФ Чемпионлар лигасида "Клуб Америка" сафида ахилл пайини жароҳатлади.

Бироқ бир ўйинчининг Жаҳон чемпионатидаги орзуси тугар экан, бу бошқа биров учун олдинга чиқиш имкониятини беради. Малагоннинг йўқлиги фахрий дарвозабон Гильермо Очоага 41 ёшга тўлиши арафасида ўзининг олтинчи Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун эшик очди.

Кристоф Баумгартнер (Австрия) Ҳозирда мураббийлар ҳам, мухлислар ҳам турнир олдидан ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғинлари ва тайёргарлик ўйинларида жамоаларида бошқа жароҳатлар бўлмаслигини сўраб дуо қилишмоқда. Бироқ катта турнир стартига саноқли кунлар қолганда бир нечта асосий ўйинчилар мусобақани тарк этишга мажбур бўлишди.

"РБ Лейпциг"да17 та гол уриб, саккизта голли узатмани амалга оширган мавсумдан сўнг, Кристоф Баумгартнер ёзда Австриянинг асосий футболчиси бўлиши кутилган эди. Бироқ ўз мамлакатининг Тунисга қарши ўртоқлик учрашуви олдидан ўтказилган чигалёзди машқларида ҳужумкор ярим ҳимоячи тўсатдан майдонни тарк этди.

Энг ёмон ҳолатдан хавотирланган австрияликлар учун эртаси куни Баумгартнерга лат еган сон мушаги операция қилиниши кераклиги ва шу сабабли у Шимолий Америкага бормаслиги тасдиқланди.

Шотландия ҳам турнир олдидан ўтказилган ўртоқлик ўйинларининг жабрини тортмоқда: асосий ярим ҳимоячи Билли Гилмор "Хэмпден Парк"да Кюрасао устидан қозонилган ғалабада тиззасидан жароҳат олди.

"ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CANNAVARO промокоди билан 45 кун бепул"

Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ 

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф