

Фолкленд уруши сояси ва "Худонинг қўли"
Англия ва Аргентина ўртасидаги адоватни тушуниш учун аввало 1982 йилга қайтиш керак. Ўша йилнинг 2 апрелида Аргентина ҳарбийлари Жанубий Атлантикадаги Фолкленд (аргентиналиклар учун — Малвин) оролларини босиб олди. Буэнос-Айрес бу ҳудудларни азалдан ўзиники деб ҳисоблар, Лондон эса уларни 1833 йилдан бери бошқариб келарди. 74 кун давом этган урушда Аргентина мағлуб бўлди, юзлаб ёш аскарлар ҳалок бўлди, мамлакатдаги ҳарбий хунта эса тез орада қулади. Аргентина жамияти учун бу шунчаки ҳарбий мағлубият эмас, миллий жароҳат эди.
Орадан роппа-роса тўрт йил ўтиб, 1986 йил 22 июнда Мехиконинг "Ацтека" стадионида икки мамлакат жаҳон чемпионати чорак финалида тўқнашди. Ўйин олдидан ҳамма фақат бир нарса ҳақида гапирарди: бу ўйин футбол эмас, урушнинг давоми бўлади. Диего Марадонанинг ўзи кейинчалик шундай эслаган: аргентиналикларга ҳарбийлар урушда ғалаба қозонаётганликларини айтишган, аслида эса Англия катта устунлик билан енгаётган экан. Шов-шув шу даражага етдики, гўё майдонда яна бир уруш бўладигандек эди.
Иккинчи бўлимнинг олтинчи дақиқасида футбол тарихидаги энг машҳур ва энг баҳсли лаҳза юз берди. Англия ярим ҳимоячиси Стив Хож тўпни ўз дарвозаси томон қайтармоқчи бўлди, тўп ҳавога кўтарилди ва жарима майдончасида Марадона дарвозабон Питер Шилтон билан ҳавода тўқнашди. Бўйи 1,65 метрлик Марадона ўзидан анча новча дарвозабондан баландроқ сакраши мумкин эмасди — у тўпни қўли ёрдамида тўрга йўллади. Ҳакам Али Бин Носир ҳам, ёрдамчиси ҳам қўл ўйинини кўрмади. Гол ҳисобга олинди.
Марадона кейинчалик жамоадошларига "Келинглар, мени қучоқланглар, акс ҳолда ҳакам голни бекор қилади" дегани, ўйиндан сўнг эса голни "Яратганнинг қўли билан" урганини айтгани тарихга кирди. Йиллар ўтиб у очиқ тан олди: бу гол Фолкленд урушидаги мағлубият учун "рамзий қасос" эди. Энг ҳайратланарлиси, орадан тўрт дақиқа ўтиб айнан шу инсон бутунлай бошқа қиёфада намоён бўлди — ўз майдонида тўпни қабул қилиб, бешта инглиз ҳимоячиси ва дарвозабонни ортда қолдириб, кейинчалик ФИФАнинг расмий сўровида "Аср голи" деб тан олинган шоҳ асарни яратди. Бир ўйинда, тўрт дақиқа ичида футболдаги энг катта алдов ва энг буюк санъат яратилди. Аргентина 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва ўша мундиалда чемпион бўлди.
Қизиғи, инглиз матбуоти ҳам ўйин атрофидаги вазиятга эътибор қаратган: The Times газетаси трибуналарда муштлашувлар ва Фолкленд ҳақидаги қўшиқлар бўлмаганини қайд этиб, буни икки мамлакат муносабатларидаги "жиддий илиқлик" деб баҳолаган эди. Марадонанинг ўзи ҳам инглиз футболчилари ўйинни қўполликка айлантирмаганини алоҳида таъкидлаган.
Тарихдаги энг қиммат либос
"Худонинг қўли" тарихининг яна бир ажойиб давоми бор ва у айнан ўша Стив Хож билан боғлиқ. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, Марадонага "Худонинг қўли" голини совға қилган узатма айнан Хожга тегишли эди. Ўйиндан сўнг Хож ўзига шундай деган: "Мен бу ерга бошқа қайтмасам керак, футболка олишга ҳаракат қилай". Аввалига Марадона жамоадошлари қуршовида бўлгани учун бу ниятидан қайтган, аммо ечиниш хонасига кетаётганда иккинчи имконият туғилган ва икки футболчи либос алмашган.
Бу футболканинг ўзи ҳам алоҳида ҳикоя. Аргентинанинг асосий пахта формалари Мехиконинг жазирама иссиғига мутлақо тўғри келмасди. Шунда бош мураббий Карлос Билардо ва унинг ёрдамчиси Рубен Москелья шаҳар бўйлаб енгилроқ футболка излаб дарбадар бўлишган. Топилган либосларга маҳаллий тикувчилар Аргентина гербини қўлда тикиб чиқишган, рақамлар эса америка футболи формалари учун мўлжалланган кумушранг, ялтироқ рақамлардан дазмолда ёпиштирилган. Марадона ўз китобида ҳазил аралаш ёзганидек, майдонга чиқишганда баъзи футболчиларнинг юзига ҳам ялтироқ юқиб қолган, ёмғир ёғса, ким қайси рақамда ўйнаётганини билиб бўлмай қоларди.
Хож бу футболкани йигирма йил давомида Манчестердаги Миллий футбол музейига омонатга бериб турди, сотиш ҳақидаги кўплаб таклифларни рад этди. Ниҳоят, 2022 йилда, Марадона вафотидан икки йил ўтиб, у либосни Sotheby's аукционига қўйди. Дастлабки баҳо 4–6 миллион фунт этиб белгиланганди. 2022 йил 4 майда футболка 7,1 миллион фунт стерлингга (тахминан 9,3 миллион доллар) сотилди — бу спорт ёдгорликлари тарихидаги мутлақ жаҳон рекорди эди. Оддий дўкондан сотиб олинган, гербини тикувчи аёллар қўлда тиккан футболка дунёдаги энг қиммат спорт буюмига айланди. Чунки харидор мато эмас, ўтмишни сотиб олганди.

"Ҳайвонлар" можароси
Аслида бу рақобатдаги биринчи катта жанжал Фолкленд урушидан анча аввал, 1966 йилда юз берган. Ўз уйида ўтган мундиалда Англия чорак финалда Аргентина билан "Уэмбли"да учрашди ва бу ўйин футбол тарихидаги энг шов-шувли можаролардан бирига айланди.
Ўйин бошдан-оёқ қўпол ва асабий кечди. Асосий портлаш эса биринчи бўлимнинг охирларида содир бўлди: немис ҳакам Рудольф Крайтляйн Аргентина сардори Антонио Раттинни майдондан четлатди. Расмий сабаб — ҳакамга нисбатан "оғзаки ҳужум". Аммо бу ерда абсурд ҳолат бор эди: Крайтляйн испанчани, Раттин немисчани билмасди. Раттин кейинчалик умрининг охиригача фақат таржимон талаб қилганини айтиб келди. Сардор майдонни тарк этишдан бош тортди — қарийб ўн дақиқа давомида майдонда туриб олди, полиция аралашишига тўғри келди. Кетар чоғида эса у инглизлар учун муқаддас саналган ҳолатга журъат этди: қиролича учун тўшалган гилам устидан юриб ўтди ва баъзи гувоҳларнинг айтишича, Британия байроғи туширилган бурчак байроқчасини ғижимлаб ташлади. Стадион уни қарсаклар эмас, ғазаб билан кузатди.
Ўн киши қолган Аргентина Жефф Хёрстнинг ягона голи туфайли 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Аммо асл жанжал ўйиндан кейин бошланди. Англия бош мураббийи Альф Рэмси ҳимоячиси Жорж Коэннинг аргентиналик рақиб билан футболка алмашишига тўсқинлик қилди — бу лаҳза суратга муҳрланиб қолган. Матбуот анжуманида эса Рэмси тарихга кирган ўша сўзларни айтди: унинг фикрича, Англия ўзини "ҳайвонлар каби тутмайдиган" жамоаларга қарши ўйнаганда яхшироқ намоён бўларди. "Ҳайвонлар" сўзи Аргентинада миллий ҳақорат сифатида қабул қилинди ва бугунгача унутилгани йўқ. Кўпчилик тарихчилар 1986 йилдаги "Худонинг қўли" атрофидаги руҳий кескинликнинг илдизини айнан шу кундан излайди. Аргентинада эса ўша ўйин бошқача ном билан эсланади: "Аср ўғирлиги".
Бекхэм фожиаси
1998 йил, Франциядаги мундиал, 1/8 финал, Сент-Этьен. Англия — Аргентина ўйинининг 47-дақиқасида Диего Симеоне ёш Дэвид Бекхэмни йиқитди. Ерда ётган Бекхэм асабийлашиб оёғини силтади ва Симеонега тегиб кетди. Аргентиналик ярим ҳимоячи худди оғир зарба қабул қилгандек ўзини ерга ташлади ва ҳакам Ким Милтон Нильсен Бекхэмга қизил карточка кўрсатди. Симеоне йиллар ўтиб ўзи ҳам вазиятни атайлаб бўрттирганини тан олди.
Ўн киши қолган Англия жасорат билан курашди, аммо пенальтилар сериясида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди. Шу заҳоти бутун мамлакатнинг ғазаби 23 ёшли Бекхэмга қаратилди. Эртаси куни таблоидлар уни миллат хоини сифатида тақдим этди: газеталардан бири унинг сурати туширилган дартс нишонини чоп этди, сарлавҳалар "10 та мард шер ва битта аҳмоқ бола" руҳида эди. Лондондаги пабларнинг биридан ташқарида Бекхэмнинг қўғирчоқ ҳайкали осиб қўйилди. Футболчи ва унинг оиласи ўлим таҳдидларини олди, ҳатто почта орқали ўқ ҳам юборилгани хабар қилинган. Бутун бир мавсум давомида Англиянинг барча стадионларида уни ёппасига ҳуштак ва ҳақоратлар кутиб оларди. Бекхэм кейинчалик бу даврни ҳаётидаги энг оғир синов, руҳий жиҳатдан уни синдиришига оз қолган давр сифатида эслаган.
Аммо бу ҳикоянинг давоми ҳам бор ва у футболдаги энг гўзал "қасос" сюжетларидан бири. 2002 йилги мундиалда, Саппородаги гуруҳ босқичи ўйинида Англия фойдаси учун Аргентина дарвозасига пенальти тайинланди. Тўп олдига айнан Бекхэм яқинлашди. У пенальтини аниқ амалга оширди, Англия 1:0 ғалаба қозонди, Аргентина эса ўша мундиалда гуруҳдан чиқа олмади. Тўрт йил аввал миллат душманига айлантирилган йигит энди миллий қаҳрамон эди. Бекхэмнинг ўзи ўша голни елкасидан улкан юк тушган лаҳза деб атаган.
Хотима ўрнида
1966 йилдаги "ҳайвонлар", 1986 йилдаги "Худонинг қўли", 1998 йилдаги қизил карточка, 2002 йилдаги пенальти... Мана, 2026 йил — энди майдонга ушбу тарихнинг бирор саҳифасида қатнашмаган, аммо унинг бутун юкини елкасида кўтариб чиқадиган авлод тушади. Ажабланарлиси, 200 дан ортиқ халқаро ўйин ўтказган Лионель Месси карьерасида ҳали бирор марта Англияга қарши майдонга тушмаган. Бугун Атлантада бу рақобатнинг янги боби ёзилади ва тарихдан аён бўлишича, Англия — Аргентина ўйинлари ҳеч қачон шунчаки футбол ўйини бўлиб қолмайди.



