Иван Бошкович: "Ўйин сифатига қараганда кўпроғига лойиқ эдик. Ботти жамоадан кетди"

5 ноя 2026, 21:51
Суперлиганинг 27-тури доирасида "Бунёдкор" - "Хоразм" учрашувидан кейинги матбуот анжуманида "Бунёдкор" бош мураббийи Иван Бошкович фикрларини билдирди.

- Ўйлайманки, ўйин жуда қизиқарли ва бизнинг жамоа томонидан ҳам сифатли бўлди. Футболчиларимдан талаб қилганимдек ўйин кўрсатдик. Ўйин сифатига қараганда, эҳтимол, кўпроқ нарсага лойиқ эдик, аммо имкониятларимизни голга айлантира олмадик. Вазиятлардан фойдаланиш борасида ҳали камчиликларимиз бор. Шунга қарамай, ўсиб бораётган ва сифатли футбол ўйнаётган жамоани кўряпман. Келажакда бундан ҳам яхшироқ ўйинимизга умид қилишимиз мумкин. Мавсум якунига қадар тўртта учрашув қолди. Курашни давом эттирамиз. Олдимизда турган вазифани бажаришимиз керак. Бунинг учун жамоамизда етарли салоҳият бор, деб ўйлайман. Фақат шу тарзда машғулотлар ва ўйинларни давом эттиришимиз лозим. Ишонаманки, ҳаммаси яхши бўлади.

— Иккита масала бўйича саволим бор: бири ижобий ва бири салбий. Аввал салбий томонидан бошласам. "Бунёдкор" сўнгги учта голни қанотлардан ўтказиб юборди. "Машъал"дан Акрамов бошлади, бугун эса Пирмуҳамедов ва Иззатов... Буни энди тасодиф деб бўлмайди. Сиз тактикани чуқур ўрганадиган мутахассиссиз. Сизга ҳам шундай туюлмаяптими: ҳужум бошланган пайтда вингерлар ҳимояга қайтишда охиригача ишламаяпти? Чунки бу эски тактик усул — латераллар олдинга қўшилади, тўп узатилади ва зарба берилади. Балки айрим вазиятларда Абдужалилов ҳам жамоани қутқара олмагандир, бу бошқа масала. Аммо рақиб зарба бериш имкониятига эга бўлгани факт. Кривокапич тўпни узатган вазиятда ҳам ҳимоя чизиғидан узилиб қолишди, қанот ўйинчиси эса бемалол ҳужумга қўшилиб, гол урди. Қолаверса, ҳамкасбингиз ҳам сизнинг жамоангизни диққат билан ўрганишганини ва айнан шу вазиятлардан фойдаланишганини тан олди. Бу ҳолатга қандай изоҳ берасиз?

— Албатта, биламан. Нафақат бу рақиб, балки барча жамоалар бир-бирини ўрганади. Рақиблар бизнинг заиф томонларимиздан фойдаланишга ҳаракат қилишади, биз ҳам уларнинг камчиликларига қарши ўз устунликларимизни ишга соламиз. Сиз айтган жиҳатга келсак, ўйлайманки, бугун биз иккита голни стандарт вазиятлардан ўтказиб юбордик. Биринчи гол аутдан кейинги вазиятда юзага келди. Бу ерда реакциямизнинг сустлиги сабабли ўз вақтида сон жиҳатдан устунликни ярата олмадик ва рақиб шу қанотдан фойдаланди.

Иккинчи голда эса, умуман олганда, ҳаммасини тўғри бажардик. Позицияларимизни сақладик, аммо омадсизлик туфайли гол ўтказиб юбордик. Футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Рақиб бурчак зарбасини жуда яхши амалга оширди. Биз эса эгаллашимиз керак бўлган позицияларни эгаллаган эдик. Аммо шундай бўлиб қолди.

— Бир сўз билан айтганда, рақиб сизларни ушлаб олди. Энди иккинчи, ижобий масалага ўтсам. Мураббийлар ва мутахассислар билан суҳбатлашганимда, Суперлиганинг бир нечта жамоалари сиздан, яъни "Бунёдкор"дан ҳайиқишини эшитдим. Улар ўйин услубингиз, футболчиларингизнинг хоҳиши ва майдондаги кураши ҳақида гапиришади. "Бунёдкор" билан ўйнаш жуда қийин, улар бизни қаттиқ қийнайди, дейишади. Бундан ташқари, жамоангизда ёш футболчилар кўплиги сабабли уларга нисбатан психологик босим ҳам бошқача бўлиши мумкин. Сиз эса турнир жадвалининг қуйи қисмида курашяпсиз. Шундай бўлса-да, Суперлиганинг кучли жамоалари сиздан ҳайиқишади. Бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?

— Менимча, нафақат мен, балки ҳар қандай мураббий яхши ҳаракатланадиган, агрессив ўйнайдиган, прессинг қиладиган ва рақибни юқоридаёқ тўхтатишга ҳаракат қиладиган жамоага қарши ўйнашни ёқтирмайди. Бундан ташқари, бизнинг футболчиларимиз тўп билан ҳам сифатли ўйнай олишади. Бу уларнинг жисмоний ва функционал имкониятлари, маҳорати, тайёргарлиги ҳамда иқтидори билан боғлиқ. Албатта, бундай футболчиларга қарши ўйнаш осон эмас. Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, бундан хурсандман. Аммо менинг фикримча, "Бунёдкор"дан мураббий ким бўлишидан қатъи назар, барча рақиблар доимо ҳайиқиши керак. Майдонга ким тушишидан қатъи назар, бу жамоадаги барча футболчилар ҳурматга лойиқ.

1000168028.jpeg

— Марказий ҳимоячилар ҳақида саволим бор. Менинг фикримча, Муҳаммад Ҳакимов асосий таркибнинг мустаҳкам ўйинчисига айланди. Унинг 16 ёшда эканини ҳисобга олсак, бу ақл бовар қилмас натижа. Бундай ёшда шундай ўйин кўрсатиш ажойиб ҳолат. Раҳмонов эса тажрибали футболчи, жамоа афсонаси. Аммо сўнгги ўйинларда Букрин ҳам майдонга тушяпти ва унга муносиб рақобат кўрсатяпти. Агар иккаласи ҳам бир хил жисмоний ҳолатда бўлса ва ҳаммаси жойида бўлса, қайси бири асосий таркибда ўйнайди?

— Ҳар бир футболчининг ўзига хос хусусиятлари бор. Бизнинг таркибимиз жуда ёш, бу ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Жамоада тажриба етишмайди. Шунинг учун соғлом рақобат бўлиши керак. Футболчиларнинг ривожланаётгани ва ўсиб бораётганидан хурсандман. Ҳакимов ҳам, Букрин ҳам, бошқа футболчиларимиз ҳам яхши томонга ўзгаришяпти. Лекин, кечирасиз, Суперлигада кўп йиллардан бери ўйнаб келаётган футболчиларимиз ҳам бор. Масалан, жамоамиз сардори Абдумавлон Абдужалилов каби тажрибали футболчилар бизга майдонда жуда керак. Улар нафақат ўз ўйин савияси, балки тажрибаси ва майдондаги мулоқоти билан ҳам жамоага ёрдам беришади. Улар майдонда худди мураббийлар каби. Букринда ҳам ўзини кўрсатиш учун имконият бор. Жароҳатлар, сариқ карточкалар сабабли таркибда ўзгаришлар бўлиши мумкин. У берилган имкониятдан фойдаланди, деб айта оламан. Келгуси ўйинларда ким майдонга тушишини эса вақт кўрсатади.

— Асосий таркиб рўйхатини олганимда, унда асосий дарвозабон сифатида Абдумавлон Абдужалилов, иккинчи дарвозабон сифатида эса Муҳаммад Юсуф Собиров кўрсатилган эди. Бундан олдин Федерико Ботти жамоани тарк этганини эшитгандим. Бу маълумот тўғрими?

— Ҳа, у жамоадан кетди.

— Демак, энди у билан шартнома бекор қилиндими?

— Бунинг сабабларини аниқ билмайман. Лекин у машғулотларга келмаяпти. Балки, унинг клуб билан оғзаки келишуви бордир, аммо бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмасман. Ҳозир у жамоада йўқ ва машғулот жараёнида иштирок этмаяпти.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›