Ислом Исмоилов: "Футболчиларга кеча Суперлига жамоалари кўрсатган натижаларни бир неча бор таъкидладик"

Aslanov Jasurbek
11 май 2026, 23:05
Ўзбекистон Кубоги 1-турдан ўрин олган "Нефтчи" - "Гулистон" учрашуви 6:1 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида "Нефтчи" бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Аввало ғалаба билан жамоамиз мухлисларини табриклйман. Ҳар бир ўйин ўз номи билан расмий ўйин. Расмий мақомдаги учрашувлар барибир осон ўтмайди. Бугун йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсак-да, рақибимиз бизга қарши яхши ҳаракат қилди. "Гулистон" сафида Суперлигада ўйнаган тажрибали футболчилар бор. Майдонда тўлиқ устунлик қилдик деб ўйлайман. Учрашув ҳар томонлама биз хоҳлагандек бўлди.

- Бугун дебютини ўтказган ёшлар ҳақида фикрингиз?
- Секин-аста бир қатор ёшларимиз дебют қилиб боряпти. Бу биз учун ҳам яхши ҳолат. "Нефтчи"дек жамоада дебют қилиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Бунинг ўзига яраша юки бор, ёшлар меҳнатдан тўхтаб қолмаса бўлгани, уларни ёрқин келажак кутмоқда.

- Кучсиз жамоага қарши тажрибали футболчиларни қандай руҳлантира олдингиз?
- Яхши савол. Кеча Суперлиганинг бир нечта клуби 1-тур баҳсларида мағлуб бўлди. Бугун эса биз футболчиларга эркинликка берилманглар деб қайта-қайта таъкидладик. Футболда рақибни менсимаслик қандай ҳолатларга олиб келишини биламиз. Шу боис хотиржам бўлиш керак эмасди.

- Ўтказиб юборилган гол борасида фикрингиз?

- Бугун чап қанот ҳимоясида ҳаракат қилган ўйинчимиз аслида ҳимоячи эмас, ўша вазиятда охиригача ўйнашга ҳаракат қилди, тўпни дарвозабон билан ўйнамоқчи бўлди, лекин ўхшамади.

- Марушич захирага олинганидан қониқмагандек кўринди.
- Ҳамма кўпроқ ўйнашни хоҳлайди. Бу нормал ҳолат, лекин биз мураббийлар натижага жавоб берамиз.

- Икки фронтда курашиш осон эмаслигини биламиз. Шундан келиб чиқиб "Нефтчи" асосий эътиборни Суперлигага қаратадими ёки Ўзбекистон Кубогигами?
- Эътиборни жамоамиз иштирок этадиган барча турнирларга қаратамиз. Ҳамма ўйинларда ғолиб чиқишни хоҳлаймиз. Биз учун асосий ва иккинчи мусобақа деган тушунча йўқ.

- Кубок ўйинлари тугаганидан кейин танаффус юзага келади. Ундан кейинги режалар қандай?
- Режа ишлаб чиққанмиз ва клубимиз раҳбарияти рухсати билан оммага маълум қиламиз.

- 16 май куни "Нефтчи" Ўзбекистон терма жамоасига қарши назорат баҳсини ўтказади. Шу ўйиндан нима кутяпсиз?
- Мураббий сифатида мен ҳар бир ўйинни, ҳатто ўртоқлик учрашуви бўлса ҳам ютишни хоҳлайман. Терма жамоамизга қарши жуда қизиқ учрашув бўлади деб ўйлайман. Терма жамоа билан ўйнаш мароқли бўлади, лекин ўз номи билан ўртоқлик учрашуви бўлади.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia