Исломбек Исмоилов: "Энг муҳими ғалаба, қолгани бизга қизиқ эмас. Ҳужум қилмаган жамоа хато қилмайди"

Aslanov Jasurbek
15 сен 2026, 00:42
Элит ОЧЛ 1-туридан ўрин олган "Нефтчи" - "Эйр Форс" (1:0) учрашувидан сўнг фарғоналиклар бош мураббийи ва учрашувнинг энг яхши футболчиси Зоран Марушич ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этишди.

"Бугунги ғалаба билан барчани табриклайман. Жуда муҳим ғалаба эди. Ҳар бир мусобақани бошлаш жуда қийин бўлади. Ўйиндан олдин кўпчилик "Нефтчи" осонгина ғалаба қозонади деган фикрда бўлган эди, аммо ўйинда ҳар қандай ҳолат рўй бериши мумкин. Бу мусобақа ҳеч қайси бир жамоада йирик ҳисобда ғалаба қозонади деб бўлмайди. Элит ОЧЛ энг юқори даражадаги мусобақа. Бу ерда энг кучлилар иштирок этади. Рақибни имкон қадар ўрганишга ҳаракат қилдик. Ўйин давомида етакчилик қилиб, кўплаб имкониятлар яратишга интилдик. Баъзи вазиятларда рақиб ҳам ўз имкониятларига эга бўлди. Афсуски, вазиятларимизнинг кўпидан фойдалана олмадик. Шунинг ҳисобига ўйин қийин кечди. Ҳар бир ўтаётган дақиқа бизга бўлган босимни икки баробарга кўпайтириб келди. Катта куч билан олдинга ўтишга мажбур бўлдик ва ўйиннинг маълум бир қисмида икки нафар ҳужумчи билан ҳаракатландик. Энг муҳими ғалаба, қолгани бизга қизиқ эмас. Биринчи қадамни қўйиб олдик", - дея гап бошлади Исломбек Исмоилов.

"Рақибни жуда ҳам яхши ўргангандик. Бош мураббийимиз айтганидек, осон рақибнинг ўзи йўқ. Ўйин давомида кўплаб вазиятларни кўкка совурсангиз, жамоа ҳатто мағлубиятга ҳам учраши мумкин. Баҳс осонроқ кечишини кутгандик, аммо ундай бўлмади. ОЧЛ ажойиб даражадаги мусобақа. Яратганга шукр, якунда ғалабани қўлга киритдик", - дея фикр билдирди Зоран Марушич.

- Иккинчи бўлимда Ян Сассе захирага олинди. Сассенинг бугунги ўйини ҳақида фикр билдириб ўтсангиз...

- Легионерлар жамоамизга қўшилганига кўп бўлмади. Ҳозир жамоада жароҳатланганлар кўп. Иккинчи давра бошланганидан бери тўлиқ оптимал таркибни ишлата олмаяпмиз. Мавсумнинг энг қизғин палласига кириб келди. Шу қийин давр учун биз янги футболчиларни ўз сафимизга қўшиб олдик. Сассе жуда маҳоратли ўйинчи. Ҳозир унинг ҳолатини тушунишимиз керак, уч ойдан бери расмий ўйинларда иштирок этмаган. Жамоа билан иккита машғулот ўтказиб, асосий таркибда майдонга тушди. Келиб ҳам Элит ОЧЛда. Бугун у бундай ортиғини қила олмасди. Иккинчи таймда янги кучларни ташламоқчи эди, бироқ Аброр Исмоиловнинг эски жароҳати безовта қилди. Уни захирага олишга мажбур бўлдик. Бразилиялик легионерларимиз фақат Элит ОЧЛда ўйнай олади. Биз уларни фақат Элит ўйинлари орқали яхши спорт формага келтиришимиз мумкин. Бошқа йўл йўқ. Футболчи билан алоҳида машғулот ўтказяпмиз ҳам. Легионерларимиз ҳали фаолияти давомида Осиёда ўйнашмаган. Улар Ўзбекистонга келишганига бир ҳафта бўлмади. Мослашув жараёни бор. У бугун кўп тўп йўқотган бўлиши мумкин, аммо майдонда кўп фойда келтирди.

- Бугунги ўйинда нимадан қониқдингиз ва нималардан қониқмадингиз?

- Мураббий ҳеч қачон жамоаси ўйинидан тўлиқ қониқмайди. Жуда кўплаб ишлашимиз керак. Бугун ҳимоядан ҳужумга ўтишга секин эдик. Балки футболчиларда чарчоқ аломатлари сезилишни бошлагандир. Биз интенсив футбол ўйнаймиз. Бизга тўп назорати муҳим эмас, биз қанчалик тез рақиб жарима майдончасига етиб боришимиз ҳақида ўйлаймиз. Кимдир 300-400та пас орқали ҳужум қилиши мумкин, кимдир эса 2-3та пас орқали рақиб дарвозасигача етиб келади. Ҳужумкор футбол кўп куч талаб қилади. Ҳар сафар ҳужум қилаётганимизда тўпни йўқотиш эҳтимолимиз ошади. Биз кўп йўқотаётганимизнинг сабаби кўпроқ вақт давомида ҳужум қилаётганимизда. Ҳужум қилмаган жамоа хато қилмайди.

- Искандеровнинг ҳолати қандай?

- Искандеров бўйин қисмида "грижа"си бор. Жамоамиз реабилитологи билан ишлаяпти. Тез орада жамоага қайтади.

- ФИФА кунларида ўртоқлик ўйинлари ташкил этиладими?


- Биз ФИФА кунларини барчадан ҳам кўпроқ кутяпмиз. Жароҳатдаги футболчиларимизни тезроқ қайтариб олиш учун бизга пауза керак. Ўртоқлик ўйинлари ташкил этмоқчимиз, аммо рақиблар ҳали аниқ эмас.

Зоран Марушичга савол

- Кўпроқ сизга асосий таркибда ўйнаш маъқулми ёки захирадан майдонга тушиб гол уришми?

- Ҳар қандай ҳужумчи каби ҳар доим асосий таркибда ўйнашни хоҳлайман. Лекин бош мураббийнинг қарори бор. Жамоадаги барча ҳужумчилар имкон қадар кўпроқ фойда келтириш ҳақида ўйламоқда. Бизнинг мақсадларимиз катта. Кўплаб мусобақаларда иштирок этяпмиз. Менга ҳозир фарқи йўқ, асосий таркибдами ёки захирада. Асосийси, жамоамга ёрдам бериш.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia