Исломбек Исмоилов: "Жамоамиз иштирок этадиган барча турнирларда ғалаба қозониш мақсади бор эди""

Абдулвосит Бектемиров
21 окт 2026, 00:46
Ўзбекистон Кубоги 1/4 финалидан ўрин олган "Нефтчи" - "Локомотив" (2:4) ўйинидан сўнг фарғоналиклар устози Исломбек Исмоилов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Биринчи навбатда стадионга келган мухлисларимиздан узр сўраймиз. Албатта, бу аламли мағлубият. Йил бошида жамоа олдига барча ўзи қатнашадиган турнирларда ғалаба қозониш вазифаси қўйилганди. Афсуски, биз кубокни тарк этдик. Билмадим, ҳозир бу ўйин ҳақида нимадир дейиш ҳам нотўғри. Жамоа ютқазса, мураббий айбдор бўлади, шунинг учун барча айбни ўз бўйнимга оламан. Таҳлил қилиб чиқамиз, ўрганиб чиқамиз ва курашишда давом этамиз", - дея гап бошлади Исломбек Исмоилов.

- Олдинда жиддий ўйин кутиб турибди, "Пахтакор" билан ўйин бор. Мана шу мағлубиятдан кейин футболчиларни қанчалик руҳлантириб, ўйинга тайёр бўлиши мумкин?

- Энди ҳозир футболчилар билан ҳам гаплашдик, раҳбарият ҳам гаплашдим, футболчиларни қўллаб-қувватлашди. Бу нарсаларни футболчилар ҳам тушуниши керак, қадрлаши керак. Чунки ҳар битта ўйиннинг қадри баланд. Биз шунчаки ҳеч қайси ўйинда ғалабани осон қўлга киритмаймиз, ғалаба учун курашишимиз керак, майдонда боримизни беришимиз керак. Ҳеч қайси ўйинда курашмасдан олишни иложи йўқ, ғалаба қозониш учун майдонда жанг керак. Ҳар бир қарич учун курашиш керак, фақат маҳорат ёки хоҳишни ўзи камлик қилади, курашиш керак. Иккинчи даврада жуда кўп голлар қўйиб юборяпмиз. Албатта, бу оғриқли нуқтамизга айланиб қолди, буни сабабини ахтаряпмиз, ўрганяпмиз, изланяпмиз. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, охиригача курашишимиз керак. "Пахтакор"га қарши ўйин ҳам осон ўтмайди, бўлиб ҳам икки кундан кейин бу жамоага қарши ўйнаймиз. Ҳозир биринчи навбатда барча ўзига бўлган ишончни қайтариши ва чемпионатдаги энг асосий рақобатчимизни албатта Тошкентда мағлубиятга учратишимиз шарт. Буни барча футболчилар билиши керак ва бу учрашувга биз бор кучимиз билан тайёргарлик кўрамиз. Керак бўлса юз баравар, керак бўлса минг баравар ичимиздаги кучимизни майдонга чиқаришга ҳаракат қиламиз ва шунга мажбурмиз ҳам. Бундан кейин мағлубиятлар бўлса ҳеч нарса жамоани оқламайди. Бу хатолардан тўғри хулоса чиқариш керак. Керагидан ошиқ, ўзи етарлича мағлубиятга учрадик. Албатта, энди бундан кейин мағлубиятга учрашга ҳаққимиз йўқ. Чунки мухлислар ҳам кечирмайди, ҳеч ким бизни кечирмайди.

- Исломбек, бугун айнан биринчи бўлимдаги ўйинга тўхталадиган бўлсак, тўғриси мен охирги марта қачон "Нефтчи" битта бўлимда шунчалик кўп тўп йўқотганини, шунчалик кўп хато қилганини ва рақибга шунақа кўп бўш зоналар бериб қўйганини эслолмайман. Нима бўлди айнан биринчи бўлимда?

- Ҳозир айнан қанақадир ҳолат билан боғлиқ дейиш нотўғри бўлади. Балки мураббий сифатида менинг ҳам хатойим бўлгандир, таркиб танлашда ёки ўйинга кўрсатма беришда. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам бунақа осон гол қўйиб юбормаслигимиз керак эди. Сабаби биринчи даврада энг зўр ҳимоя бизники бўлган, энг кам гол ўтказиб юборганмиз. Лекин иккинчи даврада битта ўйинда ўша биринчи даврадагидан кўп голлар қўйиб юборяпмиз ва ҳар битта жамоа жуда осон голларни уриб кетяпти. Билмадим, бу нарсани масалан тактика билан боғлаш ҳам нотўғри, чунки ўша жамоа, ўша футболчилар майдонда ҳаракат қиляпти. Балки бизга ўша шиддат, шижоат, курашувчанлик етишмай қолаётгандир, балки биз эрта ўзимизга ишониб юборгандирмиз. Шунинг учун бу ўйин биз учун қаттиқ дарс бўлиши керак, бўлиб ҳам бу жуда қаттиқ дарс бўлиши керак. Агар бундан ҳам хулоса чиқармайдиган бўлсак, унда бу бизнинг хатойимиз бўлади, албатта бу кейинчалик афсусланишга олиб келади. Шунинг учун, бўлар иш бўлди энди, хатоларни таҳлил қилиб чиқамиз, нима учун бошида тезкор учта гол қўйиб юборганимиз сабабларини ўрганиб чиқамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Абдулвосит БектемировМуаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›