Ислом Аҳмедов: "Мавсумдаги энг ёмон ўйинимизни кўрсатдик"

Aslanov Jasurbek
16 сен 2026, 00:29
"Андижон" - "Олимпик-Мобиуз" учрашувидан сўнг (2:2) мезбонлар устози Ислом Аҳмедов матбуот анжуманда иштирок этди.

Ислом Аҳмедов: “Мавсумдаги энг ёмон ўйинимизни кўрсатдик. Асосийси ғалабага эришдик. Ёшлар жамоасида мотивация кўпроқ бўлади. Улар ўзидан яхши жамоани мағлуб этишга кўпроқ уринишади. Буни йигитларга тушунтиргандик, лекин барибир рақибни менсимаслик сезилди. Кўплаб ҳужумлар ташкил қилдик, уларни якунлай олмадик.

- Мартин Боакени биринчи бўлимдан сўнг захирага олишингизга нима сабаб бўлди?
- Марказдаги тўп назоратини рақибга бериб қўяётган эдик. Шу сабаб унинг ўрнига Драган Черан орқали масалани ҳал қилишга уриндик.

- “Олимпик-Мобиуз” Пролиганинг ўртамиёна жамоаси, “Андижон” эса Суперлигада иштирок этади. Асосий вақтда уларни мағлуб этиш учун нима етишмади?
- Ҳар қандай рақибни ҳурмат қилиш керак. Йигитлар бўшашишди. Рақибда эса “ўйнаш мумкин экан” деган таассурот пайдо бўлди. Бунга ўзимиз айбдормиз. Кейин шошишни бошлаб, кўплаб хатоларга йўл қўйдик.

- Пенальтилар серияси учун футболчилар танлаб қўйганмидингиз?
- Йўқ, биз асосий вақтда ғалаба қозонишни режа қилгандик. Йигитларнинг ўзи серияда пенальти тепиш хоҳишини билдиришди.

- 5 кундан сўнг “Насаф”ни қабул қиласиз. Тайёргарлик жараёни учун режаларингиз қандай?
- Бугун кўп куч йўқотдик. Тикланишга эътибор қаратамиз ва хатоларимиз устида ишлаймиз.

- “Пахтакор”га қарши баҳсдан сўнг Андроникашвили таркибда кўринмай қолди. У қачон сафга қайтади?
- Футболчимиз охирги учрашувларни жароҳат билан ўтказаётган эди. Шифокорлар унга дам бериш кераклигини айтишди. Ҳозир у даволаниш жараёнини Грузияда ўтказмоқда. Андроникашвили “Насаф”га қарши учрашувгача сафга қайтмайди, ФИФА кунларидан сўнг жамоамизга қўшилади.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia