Ираола "Милан"ни бошқариши мумкин

Sherzod Nurmatov
26 май 2026, 17:50
"Борнмут" бош мураббийи Андони Ираола "Милан" вакиллари билан мумкин бўлган иш ҳақида суҳбатлашди.

Бу ҳақда "Sky Sport Italia" маълум қилди.

Манбанинг хабарига кўра, 43 ёшли испаниялик мутахассис Массимилиано Аллегри ишдан бўшатилганидан кейин "Милан" мураббийи лавозимини эгаллаш учун асосий номзод ҳисобланади. Ираола илгари "Борнмут"дан кетиш ниятини билдирганди.

"Астон Вилла" бош мураббийи Унаи Эмери, "Ювентус"нинг собиқ мураббийи Тиаго Мотта ва "Болонья" устози Винченцо Итальяно ҳам номзодлар қаторида.

Ираола "Борнмут"да 2023 йилнинг июлидан бери ишлайди. Унинг шартномаси 2026 йил 30 июнгача мўлжалланган. Жамоа испаниялик мураббий қўл остида 127 ўйиндан 48 тасида ғалаба қозонган, 38 тасида дуранг ўйнаган ва 41 тасида мағлуб бўлган.

"Борнмут" 2025/26 йилги мавсум Премьер-лига турнир жадвалида 6-ўринни эгаллади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Sky Sport Italia