

"Ўйинга тўхталадиган бўлсак, “Олимпик Мобиуз” яхши шаклланган, ҳужумкор футбол кўрсатадиган жамоа. Бугун оғир баҳс бўлишини билгандик, сезгандик ва ҳафта давомида шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Голларга бой ўйин гувоҳига айландик. Биринчи бўлимда 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олганимиз, айниқса, руҳий томондан жуда қўл келди. Иккинчи бўлимда қийин бўлишини билсак-да, ўзимизга керакли натижани қўлга киритдик. Фурсатдан фойдаланиб, йигитларни ғалаба билан табриклайман, уларга раҳмат. Майдонда борларини бериб, берилган кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди. Бутун Бекобод аҳлини ва мухлисларимизни самимий табриклайман",- дейди Илёс Қурбонов.
— Авваламбор, “Металлург”ни ғалаба билан табриклаймиз. Лекин нима учун бугун жамоа ўйини кўпроқ индивидуал футболчиларнинг қарорига боғланиб қолди? Чунки биринчи гол Миличковичнинг индивидуал маҳорати эвазига узоқдан урилди. Ҳужум ташкил қилишда ёки жамоавий ҳаракатлар маҳсули бўлган голлар деярли кўринмади. Бу жамоавий камчиликми ёки рақибдан келиб чиқиб танланган тактика?
— Йўқ, биласизми, иккинчи даврада таркибга 6-7 та янги ўйинчи қўшилди: Миличкович, Жасур Азимов, Асадбек Каримов, Азиз Абдумўминов, Нажмиддин Нормуродов, Самандар Очилов... Демак, жамоамиз ҳали янги, футболчилар бир-бирини тўлиқ тушуниб етгани йўқ. Умид қиламанки, ўйиндан-ўйинга сифат жиҳатидан янада ўсиб борамиз.
— Асадбек Каримов захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтириши кутилганди, аммо у аксарият ҳолларда мураббий кўрсатмаларини тўлиқ бажармайди. Умуман, Асадбек Каримов трансфер қилинаётганда унинг жамоани кучайтира олиш даражаси ҳисобга олинганмиди? Бугунги ҳаракатларига қандай баҳо берасиз?
— Асадбек Каримов аввалги ўйинларда айнан заҳирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтирган эди. Бу кўпроқ руҳиятга боғлиқ масала. Унинг ўзига хос ўйин услуби бор — индивидуал томондан кучли футболчи, лекин жамоавий футболга мослашиши бироз қийин. У кўпроқ индивидуал маҳорати, яккахон ёриб киришлари эвазига вазиятларни ҳал қилади.
— Охирги саволим: масалан, Ислом Исмоилов “Нефтчи”да маҳаллий мутахассис сифатида ўзгача муҳит ва ёндашув билан ишлайди. Ислом Аҳмедов “Андижон”да маҳаллий муҳитни ҳис қилган ҳолда бошқача куч билан меҳнат қилади. Сиз ҳам “Металлург2 таркибида кўплаб ўйинлар ўтказгансиз, кўп голлар ургансиз. Бекободнинг ҳавосини, маҳаллий муҳитни жуда яхши биласиз. Бу омил сизга қўшимча масъулият ва ўзгача руҳият бағишлайдими?
— Албатта, масъулият жуда катта. Чунки менга катта жамоани ишониб топширишди. Мен учун қулай тарафи шундаки, Илҳом Ибрагимович жамоада бўлган вақтдаёқ мураббийлар штабига қўшилган эдим. Шу сабабли жамоа мен учун бегона эмас, йигитлар билан аллақачон тил топишиб кетганмиз. Ўзимиз бекободликмиз, маҳаллий мутахассисмиз. Асосий вазифамиз — жамоани Суперлигага қайтариш, Бекободга катта футболни қайтариш. Ўзбекистон металлургия комбинати раҳбари Баҳодир Тожимирзаевичга бизга яратиб бераётган шароитлари ва билдирган ишончи учун миннатдорчилик билдираман. Бор кучимиз билан меҳнат қилиб, олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз, деб ўйлайман.
— Миличковичнинг урган голи ҳақида нима дея оласиз?
— Миличковични 2024 йилдан бери биламан. Эсласангиз, у шундай голни “Пахтакор”га ҳам урган эди. У жуда юқори савияли ўйинчи. Мана, охирги ўйинларда жамоага тўлиқ киришиб кетмоқда. Янги жамоа бўлгани учун аввалига бироз вақт талаб этилганди, аммо у ўйиндан-ўйинга ўз спорт формасини тиклаб бормоқда.



