

Championat.asia’да “Кучли бешлик шарҳи” лойиҳаси бошланди. Бугун Ла Лигадаги дастлабки натижалар, шунингдек, топ-клубларнинг ёздаги ўзгаришлари ва янги мавсум олдидан ҳолатига тўхталамиз.
Ла Лига: “Атлетико” ғалаба билан бошлади, “Реал” ва “Барселона” навбатини кутмоқда
Испания чемпионатининг биринчи тури одатдагидан анча узоқ давом этади. Жаҳон чемпионатида иштирок этган айрим клубларга қўшимча дам берилгани сабаб “Реал”, “Барселона” ва яна бир қатор жамоаларнинг учрашувлари 25−27 августга сурилди.
Топ-клублар орасида биринчи бўлиб “Атлетико” майдонга тушди. Диего Симеоне жамоаси элитага қайтган “Малага”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, мавсумни уч очко билан бошлади.

Мадридликларда ёзда катта ўзгаришлар бўлди. Антуан Гризманн даври якунланди, клуб эса Ли Кан Ин, Алехандро Гримальдо, Мортен Юльманн ва Кристиан Ромеро каби футболчилар билан кучайди.
Биринчи турда янги жамоалар ҳам ўзини кўрсатди. Ла Лигага 14 йилдан кейин қайтган “Расинг” “Вильярреал” билан 2:2 ўйнади. “Депортиво” эса саккиз йиллик танаффусдан кейинги илк учрашувида “Эльче” билан очко бўлишди — 1:1. Галисияликларнинг голини ёзда жамоага қўшилган 37 ёшли Пьер-Эмерик Обамеянг урди.
“Эспаньол” эса “Леванте”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, мавсумни ишончли бошлади. Бу натижа яна бир жиҳатдан қизиқ — кейинги турда каталонияликлар “Реал”ни қабул қилади.
Ла Лига, 1-турда ўтказилган ўйинлар натижалари:
“Алавес” 3:0 “Хетафе”
“Севилья” 2:1 “Райо Вальекано”
“Расинг” 2:2 “Вильярреал”
“Эспаньол” 3:0 “Леванте”
“Депортиво” 1:1 “Эльче”
“Атлетико” 2:0 “Малага”
Биринчи турнинг “Валенсия” — “Бетис”, “Реал” — “Реал Сосьедад”, “Сельта” — “Осасуна” ва “Барселона” — “Атлетик” учрашувлари кейинроқ ўтказилади.
Бу орада 2-тур ҳам бошланади ва асосий эътибор “Реал” ҳамда “Барселона”га қаратилади.
Жозе Моуриньо “Реал”га қайтди. Португалиялик мутахассис Мадриддаги иккинчи даврини икки мавсумдан бери чемпионликни қўлдан чиқармаётган “Барселона” гегемонлигига барҳам бериш вазифаси билан бошлайди.
Бунинг учун клуб трансфер бозорида катта маблағ сарфлади. Ян Диоманде, Марк Кукурелья, Дензел Дюмфрис ва Карлос Эспи харид қилинди, Ибраима Конате ҳамда Бернарду Силва эса эркин агент сифатида келди. Винисиус Жуниор билан шартнома узайтирилди.

Шундай таркиб билан Моуриньода ресурс етарли. Энди асосий савол бошқа: прагматик футболи билан танилган мураббий юлдузларга бой ҳозирги “Реал”дан қандай жамоа ясайди? Илк жавобни “Эспаньол”га қарши учрашувда олиш мумкин.
“Барселона”да эса асосий фигура яна Ламин Ямал бўлиб қолади. 19 ёшли футболчи энди истиқболли ёш эмас, балки жамоанинг етакчиларидан бири ва жаҳон чемпиони мақомида мавсумга кириб келмоқда.

Каталонияликлар ҳам трансфер бозорида жим турмади. Родри, Энтони Гордон ва Карим Адейеми каби футболчиларнинг келиши Ҳанси Фликка ҳужум ва ярим ҳимояда янада кўпроқ вариант беради. Роберт Левандовскининг кетиши фонида эса янги ҳужум чизиғи қандай ишлаши алоҳида қизиқ.
Ла Лига, 2-тур тақвими:
“Райо Вальекано” — “Алавес” — 21 август, 00:00
“Бетис” — “Реал Сосьедад” — 22 август, 00:00
“Атлетик” — “Севилья” — 22 август, 20:00
“Валенсия” — “Сельта” — 22 август, 22:30
“Эспаньол” — “Реал” — 23 август, 00:30
“Атлетико” — “Вильярреал” — 23 август, 20:00
“Хетафе” — “Расинг” — 23 август, 22:30
“Эльче” — “Барселона” — 24 август, 00:30
“Осасуна” — “Леванте” — 24 август, 22:30
“Малага” — “Депортиво” — 25 август, 00:30
АПЛ: чемпион “Арсенал” ва Гвардиоладан кейинги “Сити”
Англия Премьер-лигасида янги мавсум “Арсенал” — “Ковентри” учрашуви билан бошланади. Микель Артета жамоаси 22 йиллик танаффусдан кейин чемпионликни қўлга киритди ва энди унвонни ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Лондонликларнинг асосий устунликларидан бири — барқарорлик. Чемпионлик учун асосий рақобатчиларнинг аксарияти мураббийини алмаштирган бир пайтда “Арсенал” Артета билан еттинчи йилга кирмоқда. Бунинг устига марказий чизиқ “Ньюкасл”дан Бруно Гимараэшнинг келиши билан янада кучайди.
Энг катта ўзгариш “Манчестер Сити”да. Пеп Гвардиоланинг ўн йиллик даври якунланиб, жамоани Энцо Мареска қабул қилди. Родри ҳам клубни тарк этди. Демак, Мареска нафақат Гвардиоладан кейин жамоани бошқариши, балки ўйин тизимининг марказида турган футболчилардан бирисиз янги “Сити” қуриши керак.

“Ливерпуль”да ҳам янги давр. Арне Слот ўрнига Андони Ираола келди, Муҳаммад Салоҳ эса “Энфилд”ни тарк этди. Йиллар давомида ҳужумнинг асосий фигураси бўлган футболчининг кетиши Флориан Вирц ва Александер Исак каби ўйинчилар зиммасига янада катта масъулият юклайди.
“Манчестер Юнайтед” Майкл Кэррик билан биринчи тўлиқ мавсумини бошлайди. У ўтган чемпионат давомида жамоани қабул қилиб, якунда учинчи ўринга олиб чиқди. Ёзда Юри Тилеманс ва Андрей Сантоснинг келиши марказни кучайтирди. Энди Кэррикдан вазиятни қутқариш эмас, “Юнайтед”ни чемпионлик учун курашга яқинлаштириш талаб қилинади.
“Челси”да эса Хаби Алонсо даври бошланади. Лондонликлар Морган Рожерс учун 117 млн фунт сарфлади. Лекин клубнинг сўнгги йиллардаги асосий муаммоси футболчи сотиб олиш эмас, улардан барқарор жамоа ясаш бўлиб келди.
АПЛ, 1-тур тақвими:
“Арсенал” — “Ковентри” — 22 август, 00:00
“Халл Сити” — “Манчестер Юнайтед” — 22 август, 16:30
“Эвертон” — “Кристал Пэлас” — 22 август, 19:00
“Ипсвич” — “Сандерленд” — 22 август, 19:00
“Ноттингем Форест” — “Лидс” — 22 август, 19:00
“Брентфорд” — “Тоттенхэм” — 22 август, 21:30
“Брайтон” — “Астон Вилла” — 23 август, 18:00
“Манчестер Сити” — “Борнмут” — 23 август, 18:00
“Ньюкасл” — “Ливерпуль” — 23 август, 20:30
“Фулхэм” — “Челси” — 25 август, 00:00
Серия А: “Интер” чемпионликни ҳимоя қилади, рақибларда янги мураббийлар
Италия чемпионати 22 август куни старт олади. Бу ерда асосий фаворит — амалдаги чемпион “Интер”.
Кристиан Киву жамоасининг асосий устунлиги рақобатчиларга нисбатан барқарорлик бўлиши мумкин. “Наполи” ва “Милан” мураббий алмаштирган, “Интер” эса чемпионликни олиб келган мутахассис билан ишлашда давом этмоқда. Лаутаро Мартинес ва Маркус Тюрам каби асосий фигуралар ҳам жамоада.
“Наполи” эса Антонио Контедан кейин Массимилиано Аллегрини таклиф қилди. Қизиғи, Аллегри Конте қурган жамоани биринчи марта қабул қилаётгани йўқ — 2014 йилда “Ювентус”да ҳам айнан шундай ҳолат бўлган. Неаполликлар ўтган мавсумни иккинчи ўринда якунлагани учун Аллегрининг вазифаси чемпион “Интер” билан орадаги фарқни йўқотиш бўлади.

“Ювентус” Лучано Спаллетти билан ишлашда давом этади. Турин клуби учун эса Чемпионлар лигаси йўлланмасининг ўзи етарли натижа бўлмай қолган — Италиянинг энг кўп чемпион бўлган жамоаси яна Скудетто учун курашишни истайди.
“Милан”да Рубен Аморим даври бошланади. Португалиялик мутахассис Массимилиано Аллегри ўрнини эгаллади. “Россонери” сўнгги йилларда яна бир бор лойиҳа алмаштираётгани учун Аморимнинг биринчи вазифаси фақат натижа эмас, жамоага барқарор ўйин услубини бериш ҳам бўлади.
“Рома” эса Жан Пьеро Гасперини билан ишлашда давом этади. Римликлар ўтган мавсумда учинчи ўринни эгаллаган ва бу сафар ҳам юқори ўринлар учун курашади.
Серия А, 1-тур тақвими:
“Интер” — “Монца” — 22 август, 21:30
“Удинезе” — “Комо” — 22 август, 21:30
“Женоа” — “Наполи” — 22 август, 23:45
“Парма” — “Кальяри” — 22 август, 23:45
“Фрозиноне” — “Ювентус” — 23 август, 21:30
“Венеция” — “Лечче” — 23 август, 21:30
“Аталанта” — “Сассуоло” — 23 август, 23:45
“Торино” — “Милан” — 23 август, 23:45
“Болонья” — “Лацио” — 24 август, 21:30
“Рома” — “Фиорентина” — 24 август, 23:45
Лига 1: яна ПСЖга қарши барча
Францияда сўнгги йилларда мавсум олдидан асосий савол деярли ўзгармайди: ПСЖни ким тўхтатади?
Парижликлар кетма-кет бешинчи чемпионликни қўлга киритди ва энди олтинчи унвон учун ҳаракат қилади. Бу ерда асосий муаммо ПСЖнинг кучсизланганида эмас — рақиблар унга қанчалик яқинлаша олишида. Биринчи турда Луис Энрике жамоаси “Ренн”ни қабул қилади.
Парижликларнинг асосий таъқибчиларидан бири бўлиши кутилаётган “Марсель” мавсумни “Страсбург”га қарши ўйин билан очади. Чемпионат давомида ПСЖга босим ўтказиш учун марселликларга биринчи навбатда нисбатан кичик жамоалар билан ўйинларда очко йўқотишни камайтириш керак бўлади.

“Монако” эса биринчи турда “Гавр” меҳмони. Францияда ПСЖнинг молиявий ва таркиб борасидаги устунлиги сақланиб қолаётган бир пайтда “Монако”, “Марсель” ва бошқа даъвогарларнинг вазифаси чемпионнинг хатосини кутиш эмас, мавсум давомида унга босим ўтказа оладиган даражада барқарор бўлиш.
Лига 1, 1-тур тақвими:
“Марсель” — “Страсбург” — 21 август, 23:45
“Ланс” — “Осер” — 22 август, 20:15
“Ле-Ман” — “Брест” — 22 август, 23:45
“Ницца” — “Лорьян” — 22 август, 23:45
“Тулуза” — “Лион” — 22 август, 23:45
“Труа” — “Париж” — 22 август, 23:45
“Анже” — “Лилль” — 23 август, 18:00
“Гавр” — “Монако” — 23 август, 20:15
ПСЖ — “Ренн” — 23 август, 23:45
Ҳафтанинг энг қизиқ учрашувлари орасида “Эспаньол” — “Реал”, “Эльче” — “Барселона”, “Атлетико” — “Вильярреал”, “Ньюкасл” — “Ливерпуль”, “Манчестер Сити” — “Борнмут” ва “Интер” — “Монца” баҳсларини ажратиб кўрсатиш мумкин.
Кейинги ҳафта эса рўйхатга Германия ҳам қўшилади — Бундеслигада янги мавсум старт олади.



