Фарҳод Нишонов: “Дуранг адолатли бўлди”

Aslanov Jasurbek
7 окт 2026, 21:40
Пролиганинг 21-туридан ўрин олган “Олимпик МобиУз” — “ФарДУ” (2:2) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Фарҳод Нишонов матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

— Фарҳод ака, бугунги ўйин ҳақида ўз фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз... 

— Бугун оғир ўйин бўлди. Ўйлайманки, дуранг адолатли бўлди, чунки иккала жамоада ҳам вазиятлар бўлди. Тенг ўйинга гувоҳ бўлдик. Жамоамиз ФИФА кунларидан ва танаффусдан кейинги биринчи ўйинларни яхши ўтказа олмаяпти. Бугун ҳам шундай ўйинга гувоҳ бўлдик. Кўп нарса кутгандик, лекин футболчилар ўзларининг энг яхши сифатларини кўрсатиб бера олишмади. Бу футболчиларда эмас, биз мураббийларнинг айби деб ўйлайман, чунки танаффусдан кейин жамоа яхши ўйнай олмаяпти. Буни таҳлил қилиб чиқишимиз ва тўғрилашимиз керак. Лекин футболчиларга барибир раҳмат, охиригача курашишди ва муҳим бўлган очкони қўлга киритдик.

— У-23 терма жамоамиз билан Осиё ўйинларида иштирок этиб қайтган футболчилар бор эди — Рўзибой Файзуллаев, Бунёдбек Раҳимов, Саидхон Ҳамидовлар. Уларнинг интеграцияси қандай бўлди, тез бўлиб кетмадими, ҳар ҳолда деярли 90 дақиқа ўйнашди. Хусусан, ўзингиз ҳам мураббийлар штабида эдингиз... 

— Уларга тўғрисини айтсам, жуда катта раҳмат айтаман. Чунки ўзимда ҳам шу адаптацияни ҳис қиляпман. Ўйин мобайнида ўзим ҳам яхши ҳолатда эмас эдим, лекин футболчилар майдонда 94 минут югуриб, ўйнаб беришди. Улар борган сари профессионал бўлиб боришмоқда. Қувонтирадигани — жароҳатларсиз, яхши ўйин ўтказишди. Шунинг учун уларга раҳмат айтаман.

— Жамоани ўйлантирадиган яна бир масала бор: стандарт вазиятлар, айниқса жарима зарбалари уч марта тепилган вазиятда ҳам жонли девордан қайтди. Бу борада бирор тайёрланган футболчи йўқми ёки ишланмалар етарлича эмасми?

 — Бу нозик нарса, барибир футболчининг маҳоратига боғлиқ. Ўз-ўзидан келиб қолмайди, бунинг учун жуда ҳам кўп машғулот қилиш керак, шунда бу “автомат” даражасига чиқади. Лекин барибир футболчининг ўзига кўп нарса боғлиқ.

— Биламизки, "Олимпик МобиУз"нинг қолдирилган ўйинлари бор. Уларни тўлдириш қандай режалаштирилган? 

— Ҳар 3-4 кунда ўйинлар қўйилган. Бу ПФЛнинг айби эмас, бу ўзимизнинг ҳолатимиз, чунки биз иккита мусобақада қатнашишга мажбурмиз — ҳам терма жамоа, ҳам чемпионатда. Биз учун терма жамоа ҳам, футболчилар ҳам барча нарсадан муҳим. Ўйлайманки, 3-4 кунда ўйнаб, вазиятдан ҳеч қандай муаммосиз чиқиб кетамиз.

— Кубок ўйинида ўзингиз бевосита иштирок эта олмадингиз. Футболчиларга қандай баҳо берардингиз, "Андижон"ни яхшигина қийнаб қўйишди?

 — Кубок ўйинида онлайн тарзда мураббийлар билан алоқада бўлиб турганмиз. Ҳар бир вазият ва эпизодда бирга эдик, онлайн гаплашиб турганман. Унгача бўлган жараёнда ҳам тайёргарлик даражаси жуда юқори бўлган. Лекин барибир "Андижон"ни ютиб, кейинги босқичга чиқишни мураббийлар штаби билан жуда хоҳлагандик. Кўриб турганингиздек омадимиз келмади, "Андижон" кейинги босқичга чиқди. Лекин йигитлар яхши ўйнашди, охиригача курашишди. "Андижон"нинг мухлислари бор, қўрқув ва босим уларга таъсир қилмади, яхши ўйин кўрсатишди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia