

"Бугун аламли мағлубиятга учрадик. Ўйинни яхши бошладик, йигитлар яхши ўйнашди. Ўйиннинг охирги дақиқаларига бориб, йигитлар озгина эмоцияга берилди. Гол уриш учун шошилдик. Гол ўтказиб юборганимиздан кейин, охирги дақиқаларни ҳисоблаганда, йигитларнинг ўйинидан кўнглим тўлди. Кўрдингиз, жуда кўп вазиятлар, вазиятларни гол урадиган ўйинчини топа олмаяпмиз. Агар голлар, вазиятларимиздан фойдаланганимизда, мен ўйлайман, ғалаба қозонишимиз керак эди",- дейди Фарҳод Нишонов.
— Бугун, айниқса, иккинчи бўлим, менимча, бу мавсум мен кўрган "Олимпик Мобиуз"нинг ўйинлари ичида энг кучли ўйинни кўрсатди, айниқса, иккинчи бўлимда. Билмайман, ўнлаб вазият яратиб ташладинглар, яққол голли вазиятлар. Шу вазиятлардан фойдалана олмасликда бугун иккала ҳужумчининг ҳам йўқлиги қай даражада таъсир қилди? Яъни, асосий ҳужумчи Диёр Тожибоев йўқ эди ва эҳтимолий ҳужумчи ролида ўйнаши мумкин бўлган Жўрабек Жўраев ҳам йўқ эди бугун U-19 дан ҳужумчи келди. Уни алмаштирганингиздан кейин умуман соф ҳужумчисиз қолиб кетди жамоа.
— Тўғри айтдингиз, ҳужумчимиз йўқ деярли. Ҳали тикланмаган Далер Туҳсановни ўйнатишга мажбур бўлдик. U-19 дан ҳужумчи олишга мажбур бўлдик, чунки биз Абдуғафур Ҳайдаровни ҳам тайёрлаб келаётгандик, у охирги кун кетиб қолди. Иккита ҳужумчимиз эса карточкалари кўпайиб кетгани учун ўйинларни ўтказиб юборди. Бугун қийин вазиятда эдик, лекин ўша айтганингиздек, ҳужумчи барибир ҳужумчилар.
— Фарҳод ака, бугун жамоа ўйин суръати бўйича, мураббий имзоси, ҳужум ташкил қилиш, жамоавий ўйин бўйича "Металлург"дан устунлиги кўринди. Лекин қандайдир вазиятларда барибир рақибнинг индивидуал сифатли футболчилари ўйинни ҳал қилиб кетди. Чунки "Металлург"да ҳам жамоавий ўйин деярли кўрингани йўқ, "Олимпик Мобиуз"га нисбатан. Мана шу жараёнга қандайдир қарши ҳимоя топа олмадингизми?
— Ўзи футболда биринчи ўринда сифат туради. Шундай сифатли ўйинчиларга ҳамма мураббий муҳтож. Чунки қийин вазиятларда, якуний қарорларни қабул қилишда, гол уришда ё охирги пас беришда уларнинг барибир ёрдами жуда катта бўлади. Ҳар бир жамоада кўрсангиз, лидер ўйинчилари бор. Ҳозирда бизда етакчи ўйинчимиз йўқ. "Металлург" фақат индивидуал куч ҳисобига ютиб кетди. Рақибнинг легионер футболчиси ўйинни ҳал қилди. Ўйинчининг сифати барибир биринчи ўринда туради футболда. Жисмоний сифатдан ҳам, тактикадан ҳам, техникадан ҳам, футболчининг сифати ҳар доим устун туради.
— "Олимпик Мобиуз" жамоаси бугунгача яхши натижалар қайд этиб келаётган эди. Бешта ўйиндан тўртта ғалаба. Эътиборли жиҳати, ўша тўртта ғалабанинг иккитасида "Шўртан" ва Арал" билан ўйинлар ҳам бор эди. Жамоа мана шу даврда бундай яхши натижа кўрсатишига, натижалари ижобий томонга кескин ўзгаришига нима сабаб бўлди?
— Футболчиларимиз ўзгаряпти, ривожланяпти. Янги жамоа тузганмиз. Йигитлар ўйиндан-ўйинга кучайиб боряпти. Бу аниқ кўриняпти, чунки машғулотда ёки уни ўйиндан кейин анализ қилганимизда, жисмоний ҳолатимиз жуда ҳам юқори даражага қараб кетяпти. Яна битта муҳим жиҳат, бизга, тўсқинлик қилган нарса шуки, биз ўйинлар сонига, уч-тўрт кунлик ўйин режимига мослашиб, режа қилиб, ўша тартиб бўйича тайёргарлик кўргандик. Лекин Республика академияси билан қолдирилган ўйин бизнинг режамизни жуда катта бузиб юборди. Ўйлайманки, бу ҳам ўйинга таъсир қилди.



