

– Ўйин ҳақида...
– Қандай фикр билдириш мумкин? Ўйнадик, йигитларга эътироз билдириш қийин – улар бор кучлари билан ҳаракат қилишди. Вазиятлар яратилди, аммо, афсуски, бугун тўп рақиб дарвозасига кирмади. Иккинчи бўлимда рақиб бир марта ҳужумга ўтиб зарба берди ва тўп дарвозадан жой олди. Афсуски, биз ўзимизда юзага келган имкониятлардан фойдалана олмадик. Бундан ташқари, ўша вазиятда "ўйиндан ташқари ҳолат" қаердан топилгани тушунарсиз. Такрорий лавҳани кўрдик – ўйиндан ташқари ҳолат йўқ эди.
– Бу қайси гол ҳақида? Бугун учта гол киритилган эди.
– Ўша вазиятда VAR ҳакамни ҳатто пенальтини кўриш учун ҳам чақирмади, тушуняпсизми? Нега бу йил бизнинг ўйинларимизни бундай бошқаришаётганини билмайман. Ўтган йили ҳам, аслида, ҳакамлик хатолари туфайли медаллардан маҳрум бўлган эдик. Бу ҳолат давом этмоқда. Улар ўз ёндашувларини қайта кўриб чиқиб, янада холис ҳакамлик қилишади, деб ҳали ҳам умид қиламан. Ғалати ҳакамлик бўлмоқда. Мен айнан VAR тизимини назарда тутяпман: назаримда, вазиятларни кўриб чиқиш керак. Агар ундан фойдаланилмаса, VAR нима учун керак? Бундан ташқари, аввал ҳам таъкидлаганимдек, ўйинга 6 дақиқа қўшиб берилди. Ажабланарли, шундай эмасми? Ахир пенальти билан боғлиқ вазиятни VAR орқали 86-дақиқадан бошлаб 90-дақиқагача кўриб чиқишди. 90-дақиқадан сўнг табло вақтни кўрсатмай қўйди, шундан кейин яна VAR кўрилди ва натижада 6 дақиқа қўшиб берилди. Бундай бўлиши қандай мумкин? Ўйинчи алмаштиришлар бўлди, ундан олдин ҳам VAR вазиятларни текширди, шунга қарамай атиги 6 дақиқа қўшиб берилди – бу шунчаки ҳайратланарли. Эҳтимол, шундай бўлиши керакдир. Бошқа гапим йўқ.
– Бугунги учрашувда иштирок этмаган Ўрмонжонов ва Абдусаломовнинг ҳолати ҳақида маълумот берсангиз.
– Абдусаломов жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди, Ўрмонжонов эса машғулот пайтида жароҳат олди. У кейинги ўйингача сафга қайтади, деб умид қиламиз. Вазият шундай.
– Сиз кутилмаган натижалар қайд этишни яхши кўрасиз. "Нефтчи"да аллақачон чемпионликка тайёргарлик кўрилаётгани ва "Биз "Динамо"ни мағлуб этиб, чемпион бўламиз" деган гаплар юргани айтилмоқда. Яъни улар байрамга тайёрланишмоқда. Яхши маънода уларнинг бу байрамини бузишни истамасмидингиз?
– Ҳозирча биз ўз байрамимизни ўзимиз бузяпмиз. Биз бугунги ўйин ҳақида гаплашяпмиз, мен эса у томонга ҳатто назар солаётганим ҳам йўқ. "Нефтчи"нинг муаммолари – "Нефтчи"нинг муаммолари, бизнинг муаммоларимиз эса – ўзимизнинг муаммоларимиз. Бу ерда нимага изоҳ бериш мумкин? Тайёргарлик кўришаётган бўлса – кўраверишсин.
– Таркибда йўқ футболчилар мавзусини давом эттирсак: Аванесян кетма-кет иккинчи учрашувдирки, қайдномага киритилмаяпти. Нима содир бўлмоқда? У Transfermarkt талқинига кўра клубнинг энг қиммат футболчиси ҳисобланади.
– Унинг сон ички мушагида йиртилиш бор. Бу жароҳат узоқ вақт даволанади.
– Билишимча, у ўртоқлик учрашувида майдонга тушган эди.
– У айнан шу жароҳат билан югуриб юрган. Кейинчалик МРТ текширувидан ўтганида, мушакда йиртилиш борлиги аниқланди. У анча вақтдан бери жароҳат билан, фақат чап оёғида ўйнаб юрган экан. Ҳолат бунчалик жиддий деб ўйламаган эдик, аммо жароҳати оғир экани маълум бўлди.
– Учрашув давомида "Динамо" ҳужумда бироз шошма-шошарлик билан ҳаракат қилгандек туюлди. Тўғри, вазиятлар яратилди, аммо жамоа хотиржамликни сақлай олмагандек кўринди. Бунинг оқибатида рақибнинг хавфли қарши ҳужумлари юзага келди ва ҳимоя чизиғида ҳам саросима кузатилди. Балки йигитларда бироз асабийлашиш ва руҳий босим бордир?
– Йўқ, уларда руҳий босим эмас – шунчаки гол уришни истаб шошилишмоқда, орқа чизиқда эса тартибсиз ўйнаб, нотўғри қарорлар қабул қилишмоқда. Биз буларни тушунтиряпмиз, улар билан суҳбатлашяпмиз, аммо, афсуски, ҳужумга ўтганимизда ҳимоячиларимиз рақиб ҳужумчиларини назорат ҳам қилишмаяпти – шунчаки олдинга қараб, ўз ҳужумчиларимизга ёрдам беришга интилишмоқда. Менимча, бу биз гол ура олмаган иккинчи учрашув. Ҳа, иккинчи ўйин: бир марта "Нефтчи"га қарши ўйинда шундай бўлган эди, бу эса Кубок баҳсларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, мавсумдаги барча ўйинлар орасида гол ура олмаган иккинчи учрашувимиздир. Афсуски, гол урдик, бироқ уни бекор қилишди.
– Биринчи узатма масаласига келсак, ўйин давомида ҳаракатлар тушунарсиз ва тартибсиз тўп узатишларга айланиб кетгандек туюлди. Айнан тезкор ҳужумларни бошлаш учун аниқ биринчи узатма етишмагандек кўринмадими?
– Одатда терма жамоалар ўйинлари муносабати билан юзага келадиган танаффусдан кейин бундай ҳолат доим кузатилади. Футболчилар ўйин ритмидан чиқиб кетишади, шу сабабли бу ҳолат айнан шу билан боғлиқ, деб ўйлайман.
– Бугун ўтказиб юборилган голга эътибор қаратсак: рақиб узоқ масофадан зарба берди, уни ҳеч ким ёпмади. Хоразмда мағлуб бўлган ўйинингизда ҳам шунга ўхшаш гол ўтказиб юборган эдингиз. Муаммо марказда бўш ҳудуд қолдирилаётганидами, дарвозабоннинг ҳаракатларидами ёки бу шунчаки тасодифми?
– Йўқ, бу вазиятлар тақозоси, бундай ҳолатлар бўлиб туради. Нима ҳам дейиш мумкин – футболчи зарба берди ва тўп аниқ борди. Бу футбол – демак, бугун шундай бўлиши керак экан. Шу боис ҳайрон қоладиган жойи йўқ, бу футбол.
– Турнир жадвалига қараганда, назарий жиҳатдан маълум натижалар юзага келган тақдирда, "Динамо" ўтиш ўйинлари зонасига тушиб қолиши мумкин. Бунга қандай муносабатдасиз ва жамоа бундай ҳолатга қандай келиб қолди?
– Қандай келиб қолдик? Мана шундай келиб қолдик.
– Бу ҳолат мавсум олдидан қўйилган вазифаларга қанчалик мос келади?
– Мавсум аллақачон бузилди, чунки шу давр мобайнида таркибда 13 нафар футболчи ўзгарди. Мавсум бошига нисбатан 13 нафар бошқа футболчи ўйнамоқда – албатта, натижа шундай бўлади. Қийинчиликлар айнан шу билан боғлиқ. Яхшиямки, биринчи ва иккинчи давра оралиғидаги танаффусда футболчиларни қўшимча рўйхатдан ўтказишга қўйиладиган тақиқдан қутулиб қолдик. Барчаси айнан шу омил билан боғлиқ, шу боис шундай мавсум ўтмоқда.



