Россия чемпионати тўпурари Ўзбекистонга қарши ўйинда иштирок этишдан бош тортди

Оқил Абдубарноев
29 окт 2026, 11:27
Россиянинг "Зенит" клуби ҳужумчиси Максим Глушенков миллий терма жамоанинг ноябрь ойидаги йиғинларида иштирок этишдан бош тортди.

Россия Премьер-лигасининг жорий мавсумдаги энг яхши тўпурари терма жамоа бош мураббийи Валерий Карпиндан уни ноябрь ойидаги йиғин учун чақирмасликни сўраган.

СССР терма жамоасининг собиқ футболчиси Александр Бубнов мазкур ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдирди.

"Миллий терма жамоа қандай бўлишидан қатъи назар, у бош мураббийнинг жамоаси ҳисобланади. Бошқа мураббий келса, жамоа ҳам бутунлай ўзгаради. Мен бундай ҳолатларга дуч келганман.

Ҳар қандай футболчи, ҳатто жаҳон миқёсидаги юлдуз ҳам терма жамоадаги фаолиятини якунлашини айтиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким уни мажбурлай олмайди ва бунга ҳаққи ҳам йўқ.

Кейинчалик бошқа мураббий келиб, футболчи билан суҳбатлашиши ва уни қайтишга кўндириши мумкин. Агар футболчи рози бўлса, яна терма жамоада ўйнайди", – деди Бубнов "Коммент.Шоу" эфирида.

Маълумот учун, Глушенков 2026 йилда Россия миллий терма жамоаси сафида 6 та ўйинда иштирок этиб, Намибияга қарши учрашувда битта гол урган.

Эслатиб ўтамиз, Россия миллий терма жамоаси ноябрь ойида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади. Валерий Карпин шогирдлари 12 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистонга, 17 ноябрда эса Краснодарда Венесуэлага қарши майдонга тушади.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Коммент.Шоу